Гидрометеорология фаолияти бу гидрометеорологик ахборотни тайёрлаш ва тарқатиш жараёни бўлиб, у давлат бошқаруви органлари, қуролли кучлар, иқтисодиётнинг об-ҳавога боғлиқ тармоқлари ва аҳолига ўз вақтида, ишончли гидрометеорологик маълумотлар, шунингдек, хавфли гидрометеорологик ҳодисалар, атроф табиий муҳит ифлосланиши, иқлим ўзгариши, унинг иқтисодиёт ва аҳолига таъсири тўғрисидаги маълумотларни тақдим этишда муҳим аҳамият касб этади. Шу боис, сўнгги йилларда мамлакатимизда гидрометеорология хизматини ривожлантириш, иқтисодиёт тармоқлари ва аҳолини гидрометеорологик маълумотлар билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш бўйича муайян ишлар амалга оширилди. Хусусан, соҳанинг ташкилий-хуқуқий асослари ишлаб чиқилди, дастурий вазифалари белгиланди.

Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 17 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси гидрометеорология хизмати фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан Ўзгидромет Ўзбекистон Республикасида гидрометеорология, иқлим ўзгариши ва атроф табиий муҳит ифлосланиши мониторинги соҳасида ваколатли давлат органи этиб белгиланди.

Шунингдек, Ўзгидромет ҳузурида Гидрометеорологияда ахборот технологияларини ривожлантириш маркази фаолияти йўлга қўйилди. Ҳужжат билан 2020–2025 йилларда Ўзбекистон гидрометеорология хизматини ривожлантириш концепцияси ва уни 2020–2022 йилларда амалга ошириш бўйича “йўл харитаси” тасдиқланди.

Ҳозирги вақтда миллий гидрометеорология хизмати 330 дан ортиқ гидрометеорологик кузатувлар ва атроф табиий муҳит ифлосланиши мониторингини олиб борувчи пунктларни бирлаштириб, улар ёрдамида 240 турдан ортиқ прогностик, сунъий йўлдошлардан олинадиган, таҳлилий, ихтисослаштирилган ва маълумотнома тусидаги гидрометеорологик маҳсулотлар тайёрланиши йўлга қўйилган.

Аммо сув ва қишлоқ хўжалиги, энергетика, шаҳарсозлик, саноат, транспорт ва туризм каби об-ҳавога боғлиқ иқтисодиёт тармоқларининг барқарор ривожланиши ва фаолият кўрсатишига кўмаклашувчи гидрометеорологик хизматлар сифати ва маълумотларнинг ўз вақтида тақдим этилишига салбий таъсир этувчи қатор муаммолар мавжудлиги ушбу соҳага алоҳида эътибор қаратишни тақозо этмоқда.

Хусусан, гидрометеорология соҳасидаги муносабатларнинг муайян қисми Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва идоравий низомлар билан тартибга солингани, гидрометеорология фаолиятини тартибга солишнинг ҳуқуқий асослари тизимлаштирилмагани, бошқарув ва прогнозлар тайёрлаш жараёнларининг ортиқча марказлаштирилгани юкланган вазифаларнинг самарали бажарилишини таъминламаяпти.

Замонавий ҳуқуқий ва ижтимоий-иқтисодий шароитларда гидрометеорологик кузатувлар ҳамда атроф табиий муҳит ҳолати мониторингини ўтказиш, кузатув натижалари бўйича маълумотларни тўплаш, уларга ишлов бериш ва тарқатишда юзага келадиган муносабатларни тартибга солувчи қонунчилик асосининг етарли эмаслиги, шунингдек, амалдаги қонунчилик томонидан фуқаролар, жамоат бирлашмалари ва бошқа юридик шахсларнинг гидрометеорология фаолияти соҳасидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланмагани натижасида бугунги кунда соҳани тартибга солувчи яхлит қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш зарурияти пайдо бўлди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг шу йил 12 октябрь куни бўлиб ўтган навбатдаги мажлисида кўриб чиқилган “Гидрометеорология фаолияти тўғрисида”ги қонун лойиҳасида бу борада муҳим янгиликлар акс этган.

Қонун лойиҳаси Президентимизнинг 2020 йил 17 ноябрдаги тегишли қарорининг 13-бандига мувофиқ ишлаб чиқилган бўлиб, лойиҳа гидрометеорология ва унга яқин бўлган соҳалардаги фаолиятнинг ҳуқуқий асосларини белгилайди. Қолаверса, давлат, юридик ва жисмоний шахсларнинг гидрометеорологик маълумотларга, шунингдек, атроф табиий муҳит ҳолати ва унинг ифлосланиши тўғрисидаги маълумотларга бўлган талабини таъминлайди.

Мазкур ҳужжатда гидрометеорология хизматини ягона ташкилий-техник тизим сифатида фаолият юритиши учун зарур шароитларни яратишга қаратилган ҳуқуқий нормалар, гидрометеорология фаолиятини амалга ошириш тартиби, шу жумладан, гидрометеорология фаолияти объектлари ва субъектлари, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, гидрометеорология фаолиятини давлат томонидан тартибга солиниши, давлат органлари, иқтисодиёт тармоқлари, фуқаролар ва мудофаа органларини гидрометеорологик маълумотлар, атроф табиий муҳит ифлосланиши тўғрисидаги маълумотлар билан таъминлаш ҳамда гидрометеорология фаолиятини молиялаштириш тартиблари белгиланмоқда.

Қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда илғор хорижий давлатлар, хусусан Япония, Корея, Хитой, Россия, Беларусь, Арманистон, Қирғизистон, Тожикистон, Молдова каби мамлакатларнинг қонунчилигидан кенг фойдаланилган.

Чунончи, Ўзбекистон Гидрометеорология хизматига муҳим вазифалар топширилган бўлиб, ҳаётнинг барча соҳалари, шубҳасиз, унинг фаолиятига боғлиқ. Бу фақатгина одатий об-ҳаво башоратидан иборат эмас, балки фуқаро авиацияси учун метеоролик хизмат кўрсатиш, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳалар учун прогнозларни ҳозирлаш, дарёларнинг сувлилик даражаси прогнозлари, қор кўчкиси ва сел тошқинлари хавфи, атмосфера ҳавоси, сув ва тупроқнинг ифлосланиш ҳолати ва бошқа кўплаб маълумотларни тайёрлашни ўз ичига олади.

Мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши эса гидрометеорология фаолиятини, гидрометеорологик кузатувлар ўтказиш ва маълумотларга ишлов беришнинг илмий услубларини янада такомиллаштириш, давлат ва хўжалик бошқаруви органларини, бошқа ташкилотларни, аҳолини гидрометеорологик маълумотлар билан таъминлаш тизимини ривожлантириш, гидрометеорология соҳасидаги минтақавий ва халқаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши муқаррар.

Моҳира ХЎЖАЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати