Ўзбек халқ оғзаки ижодида “Гўрўғли” туркумига кирувчи достонлар  юздан ошади. Туркумликнинг катта бир қисмини Гўрўғлининг ўзи ҳамда Авазхон, Нурали ҳақидаги достонлар ташкил этади.

Бу достонларда кўпроқ Аваз ва унинг фарзандлари, Аҳмад сардор ўртасидаги азалий зиддиятлар ҳақида ҳикоя қилинади. Шунинг учун ҳам “Малла савдогар” ва “Гўрўғлининг сафари” қайсидир даражада бир-бирини тўлдирувчи достонлар ҳисобланади. 

 “Малла савдогар” достонининг  ҳозиргача бир неча вариантлари нашр этилган. Бу вариантлар ҳар бир  бахшининг дунёқараши, эпик тафаккури, маҳорати жиҳатидан бир-биридан фарқ қилади.

Ўзбекистон халқ бахшиси Қаҳҳор бахши Раҳимовдан ёзиб олинган “Малла савдогар” ҳамда илк марта нашр юзини кўраётган “Гўрўғлининг сафари” достонлари ўз ижро усули, оҳанги билан бошқа достонлардан фарқланиб туради. Ушбу достонлар бугунги жонли ижро жараёнидан ёзиб олинганлиги, унда қаҳрамонлик, ватанпарварлик ғоялари юксак пардаларда куйлангани муҳим аҳамиятга эга.