Қонун лойиҳаси 3 та моддадан иборат бўлиб, Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига қатор асосий қўшимча киритишни ўз ичига олган. Хусусан, лойиҳада гўшт (мол, қўй, товуқ), тирик ҳайвонлар (қорамол ва парранда) ва уларни сўйиш маҳсулотларини, картошка ҳамда музлатилган балиқни олиб киришда ва реализация қилишда ҚҚС бўйича имтиёзлар берилиши назарда тутилмоқда.

Шунингдек, гўшт (мол, қўй, товуқ), тирик ҳайвонлар (қорамол ва парранда) ва уларни сўйиш маҳсулотларини, картошка, музлатилган балиқни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, уларни реализация қилиш бўйича айланмалари қўшилган қиймат солиғидан озод қилиниши белгиланмоқда.

– Кейинги пайтда бозорларда гўшт нархининг қимматлашиб кетгани юртдошларимизнинг ушбу ҳаётий зарур озиқ-овқат маҳсулотини сотиб олиш имкониятини пасайтирмоқда, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Жаҳонгир Абдурасулов. – Мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши эса аҳолини асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан кафолатли таъминлаш, нархларнинг барқарорлигини сақлашга хизмат қилиши, шубҳасиз. Аслида мақсад ҳам озиқ-овқат маҳсулотлари, шу жумладан, гўштнинг нархини аҳолига мақбул даражага олиб келишдир.

Жаҳон бозорида бугунги пандемия шароитида озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талаб кундан-кунга ортиб бормоқда. Айниқса, қиш мавсумига тайёргарлик кўриш мақсадида аҳолини озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган бирламчи талабини қондириш ва ички бозорда нарх-наво барқарорлигини таъминлаш ҳар қачонгидан ҳам муҳимдир.

Мажлисда депутатлар бозорларни гўшт, картошка ва бошқа маҳсулотлар билан узлуксиз таъминлаш ва нархлар барқарорлигини сақлаш аҳолининг осуда, тўкин турмуш кечиришига хизмат қилишини айтиб, қизғин муҳокамалар, савол-жавоблардан сўнг қонун лойиҳасини қабул қилдилар, дея хабар беради Қонунчилик Палатаси ахборот хизмати.