Бу сатрларни бугун, давлатимиз мустақиллигининг 34 йиллик шонли байрами арафасида юракдан ҳис қилиб ўқиймиз. Чунки Ўзбекистон мустақиллиги эндигина орттирилган неъмат эмас, балки ҳар бир юртдошимиз ҳаётида, қалбида, орзу-мақсадларида, меҳнати ва фидойилигида яшаб келаётган буюк қадриятга айланган. Мустақиллик бир авлоднинг жасорати билан бошланган, кейинги авлодлар фидойилиги билан давом этаётган тарихий сафардир.

Айниқса, истиқлолнинг кейинги саккиз йили янги Ўзбекистоннинг янги нафаси, янги руҳи ва янги йўналиши билан ёдда қолди. Президентимиз раҳбарлигида бошланган ислоҳотлар, аввало, халққа хизмат қилиш, инсон манфаатларини олий қадрият сифати­да кўришга қаратилди. Ҳақиқатан, “Инсон қадри учун” ғояси халқчил сиёсат марказига айланди. Бу шунчаки шиор эмас, бу — амал­даги ислоҳотлар, реал натижалар орқали ўз исботини топаётган фалсафа, давлат бошқа­рувининг янги дунёқараши.

Ўзбекистон бугун наинки ички тараққиёт, балки минтақавий ҳамкорлик ва халқаро ҳамжиҳатликда ҳам фаол роль ўйнаётган давлатга айланди. Агар бундан ўн йил ав­вал Ўзбекистон ташқи сиёсатда эҳтиёткор ва тор доирада ҳаракат қилган бўлса, бугун у минтақадаги жараёнлар марказида турган, ташаббус кўрсатаётган, муҳокамаларни бош­лаётган, глобал ечимлар таклиф этаётган дав­латга айланди.

Марказий Осиё — мураккаб тарих, стратегик макон, бой табиат ва ўзаро чамбар­час боғлиқ халқлар минтақаси. Шу ҳудудда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, яхши қўшничилик, ишончли ҳамкорлик муҳитини яратиш Ўзбекистоннинг сўнгги йиллардаги ташқи сиёсатининг энг муҳим устувор йўна­лиши бўлиб келмоқда. Президентимиз бош­чилигидаги сиёсий раҳбариятнинг дастлабки ташаббуслари — минтақада ўзаро тортишув­ларни бартараф этиш, чегара масалаларини ҳал қилиш, сув, энергетика, транспорт ва савдо алоқаларини яхшилаш бўйича амалга оширилган илк қадамлар бугун ўз самараси­ни бермоқда.

Бир пайтлар ўзаро ишончсизлик сабаб суҳбатлаша олмаган қўшнилар энди бир стол атрофида ўтириб, умумий келажак­ни муҳокама қила бошлади. Ўтган йиллар мобайнида Марказий Осиё давлат раҳбар­ларининг мунтазам учрашувлари анъанага айланди. Ушбу формат доирасида шу пайт­гача бўлиб ўтган юқори даражадаги сам­митлар минтақавий интеграциянинг янги босқичга кўтарилганини намоён этди. Биргаликдаги лойиҳалар — газ, электр энергияси, темир йўл ва автотранспорт йўллари, логистика марказлари ва бошқа инфратузилма тизимлари ҳақиқий иқтисо­дий ва сиёсий ҳамжиҳатликни ярата бош­лади.

Биргина мисол: Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон ўртасида транскаспий транс­порт йўналиши орқали экспорт-импорт ҳаж­ми 2023 йилда 30 фоиз ошди. Бу нафақат иқ­тисодий фойда, балки ўзаро ишонч ва сиёсий барқарорлик мевасидир.

Иккинчи муҳим йўналиш — жаҳон ҳам­жамиятидаги ўрнимиз. Бугун Ўзбекистон фақатгина минтақада эмас, балки глобал миқёсда ҳам эътироф этилаёт­ган давлатга айланмоқда. “Ўз­бекистон — 2030” стратегияси, янгиланган Конституция ҳамда давлат бошқарувида инсон ҳу­қуқлари, шаффофлик ва очиқ­ликни таъминлаш бўйича қабул қилинган қонунлар халқаро майдонда катта ижобий таъсир кўрсатмоқда.

Яқин йиллар ичида Ўзбекис­тон БМТ, ЕХҲТ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, ШҲТ, ТДТ каби кўплаб халқаро тузилмалар билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйди. Улар билан ҳамкорликда тарихий мерос объектларини муҳофаза қилиш, экологик муаммолар, ай­ниқса, Орол фожиаси бўйича халқаро лойи­ҳалар доирасида дунёнинг эътиборини торта олди.

2024 йилда тарихда биринчи марта Ўзбе­кистон ялпи ички маҳсулоти 115 миллиард АҚШ долларига етди. Бу фақатгина рақам эмас. Бу меҳнат қилган халқнинг, тадбиркор­ликка имконият берилган жамиятнинг, ин­вестиция муҳити яхшиланган мамлакатнинг натижасидир.

Миллий валютамиз — сўм барқарор­лашди. Инфляция даражаси назоратга олинди. Ягона солиқ тўлови, фуқаролар учун солиқ имтиёзлари, тадбиркорлик­ни ривожлантириш учун яратилаётган замонавий инфратузилма, электрон рўй­хатдан ўтиш ва лицензия олиш жараён­ларининг соддалашуви — буларнинг барчаси фақатгина иқтисодиётни эмас, халқимизни озод, эркин, фаровон ҳаётга етакламоқда.

Бир сўз билан айтганда, бугун Ўзбекистон дунёга “мен борман!” деб айтяпти. Бу даъво эмас — бу натижа. Бу мақсад эмас — бу олин­ган йўл. Энг муҳими, бу янги Ўзбе­кистоннинг эртанги кунига ишонч билан боқиш, ўз тақдирига эгалик қилишга тайёр жамиятнинг юксак онгидир.

Шунинг учун Ўзбекистон давлат мустақиллигининг ўттиз тўрт йил­лик байрамига алоҳида руҳ, мазмун ва масъулият билан қараяпмиз. Бунга ҳамоҳанг тарзда Президентимизнинг “Ўз­бекистон Республикаси давлат мустақилли­гининг ўттиз тўрт йиллик байрамига тайёр­гарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорига кўра, ушбу байрам “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” деган ғоя ат­рофида ўтказиляпти. Бу сўзлар тасодифий эмас. Улар миллатнинг тарихи, халқнинг ор­зу-умидлари ва Ватанга садоқатини ўз ичига олган ифодадир.

Ҳар йили ўтказилаётган истиқлол тан­танаси фақат тарихга назар ташлаш учун эмас, балки келажакка юзланиш учун ҳам имконият бермоқда. Бугун Ўзбекистон ўз йўлини танлаган, ўз сўзига эга, ўз халқига суянган ва дунё ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллаётган давлатга айланди. Бу йўлда ҳар бир фуқаронинг ҳиссаси бор. Ҳар бир устоз, фермер, шифокор, муҳандис, ёзувчи, аскар, талаба ва санъаткорнинг меҳнати бор.

Шу боис, мустақиллик фақат давлат рамзлари, байрам тадбирлари ва тарихий сана эмас, у ҳар бир инсоннинг кундалик ҳаёти, меҳнати, орзуси ва масъулиятида ўз ифодасини топаётган тирик ғоядир. Мус­тақиллик Ватан учун масъулият, миллат учун садоқат, халқ учун фидойилик демак­дир. Янги Ўзбекистондаги ислоҳотлар, қа­бул қилинаётган ҳар бир фармон ва қарор замирида ҳам айнан ана шу ғоя мужассам. Мустақиллигимизнинг ўттиз тўрт йиллик байрамини ўтказишга доир қарор ҳам айни шундай мазмун ва руҳда.

Истиқлол шунчаки оддий байрам эмас. Бу — миллий ўзлигимиз, эзгу орзуларимиз, келажак сари интилишимизни кенг намоён қилиш имкони. Чунки бугунги янги Ўзбе­кистон, авваламбор, ўз таянчини халқида, кучини бирдамлигида, юзи нурли ёшларида, оиласи қадриятларида, меҳнаткаш фуқарола­ри фидойилигида кўрмоқда.

Бугунги кунда шаҳарми, қишлоқми — мамлакатимизнинг ҳар бир гўшасида ўзга­риш, янгиланиш, яратиш жараёни кечмоқда. Янги Конституциямизда белгиланганидек, Ўзбекистон — ижтимоий давлат. Бу энди давлат одамдан эмас, одам давлатдан умид қилиш, ёрдам олиш, қўллаб-қувватлаш туй­ғусини ҳис қилмоқда деганидир.

Буни ҳаётий мисолларда ҳам кўряпмиз. Яқин йилларда юртимизда 500 мингдан ор­тиқ янги иш ўрни яратилди. Камбағалликни қисқартириш дастурлари туфайли миллион­лаб оилалар ҳаётида ижобий ўзгаришлар юз берди. Энг муҳими, инсонларга ишонч, ўз ҳаёти учун жавобгарлик туйғуси қайта тик­ланмоқда.

Мана шундай фараҳбахш, улкан имко­ниятларга тўла даврда яшаяпмиз. Бугунги муваффақиятларнинг асосида юртимиз тинч­лиги, миллатлар ўртасидаги дўстлик, бағри­кенглик муҳити ётади. Ўтмишни қадрлаб, келажакни кўзлаётган, дунё билан тенгма- тенг мулоқот қилаётган, ўз йўлини танлаган ва ундан чекинмас мамлакат бу, албатта, янги Ўзбекистон!

Қолаверса, бугунги замонавий дунёда обрў-эътибор шунчаки эришиб бўладиган нарса эмас. У ишонч, амалий ишлар нати­жаси орқали орттирилади. Мана шундай ишончли, очиқ, дунёвий давлатга айланиш халқ билан мулоқотга асосланган сиёсий ма­даният, энг муҳими, халқ ишончи туфайли юзага чиқди.

Ташқи сиёсатдаги юксак мақомимиз, мин­тақавий етакчилик, халқаро ташкилотлар би­лан ҳамкорлик — буларнинг барчаси шунча­ки дипломатик муваффақиятлар эмас, балки давлатимизнинг катта саҳнада муносиб ўрин эгаллаётганидан далолат беради.

Бу йилги мустақиллик байрами ана шу ўзгаришлар, фидойиликлар ва буюк мақсад­лар тантанаси бўлади. Ушбу байрам нафақат рамзий тантана, балки ижтимоий ва маъна­вий уйғониш, халқнинг Ватанга садоқати, келажакка ишончи намоёнидир. Чунки бу бизнинг Ватанимиз. Бу миллат — биз юра­гида яшайдиган миллат. Бу халқ — бизнинг она халқимиз. Бу истиқлол — бизнинг аба­дий йўлдошимиз.

Собир ТУРСУНОВ,

педагогика фанлари доктори, профессор