“Янги Ўзбекистон” газетасининг 2022 йил 17 август куни чоп этилган 166-сонида Наманган металлургия заводи бош директори Гулбаҳор ТОЖИМИРЗАЕВАнинг шу сарлавҳа остидаги муносабати эълон қилинди. Унда муаллиф бир қатор тадбиркорлар қатори давлатимиз раҳбари билан учрашуви, самимий мулоқоти ҳамда ўзининг металлургия йўналишидаги тадбиркорлик фаолияти ҳақида ёзади.

— Хитой Халқ Республикасида ўқиб юрган кезларим металлургия соҳасига қизиқишим пайдо бўлган, лекин бу соҳага тасодифан кириб келдим. Сўнгги йилларда давлатимиз раҳбарининг тадбиркорлар, айниқса, ёшларга яратиб бераётган имкониятлари, барча соҳалардаги ривожланишлар мени юртимга қайтиб, шу ерда ишлашга ундади.

Ҳозир биз бошқараётган “B.A.Holding” таркибида 15 га яқин корхона мавжуд. Уларда 2 мингга яқин киши меҳнат қилади. Корхоналар турли соҳаларга ихтисослашган. Бугунги тараққиёт асрида давлат ривожини металлургиясиз тасаввур этиб бўлмайди. Бу истиқболли соҳага талаб кун сайин ортмоқда.

Биргина юртимиз шароитида бугунги кунда барча соҳаларда йилига 4 миллион тонна қора металл ишлатилмоқда. Бу тармоқлардаги ривожланиш, мамлакатимиз иқтисодиётининг сўнгги йиллардаги ўсиш кўрсаткичлари билан боғлиқ. Бунёдкорлик кўлами ортгани сари металл маҳсулотлар ва уларни ишлаб чиқарувчиларга бўлган талаб ҳам кенгайиб бораверади. Охирги беш йилда қора металлургия йўналишида 200 та янги корхона ташкил этилгани бунинг яққол исботи.

Шу соҳада иш олиб бориб, қатор лойиҳаларни амалга ошираётган тадбиркор сифатида бу рақамлар мени қувонтиради. Аммо бу жараённинг ҳали бошланиши, олдимизда катта вазифалар турибди. Жорий йил 12 август куни Бекобод шаҳридаги Ўзбекистон металлургия комбинатида соҳани ривожлантириш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида давлатимиз раҳбари мутасаддилар қатори, биз, тадбиркорлар билан ҳам самимий мулоқот қилдилар. Йиғилишда ўз фикр ва таклифларимизни билдирдик.

Очиғи, Президентимиз билан биринчи бор юзма-юз кўришиш имкониятига эга бўлганимдан ҳам қувондим, ҳам фахрландим. Чунки биз, ёшлар давлатимиз раҳбарининг билдираётган ишончларидан катта куч, мотивация оламиз. Қолаверса, тадбиркорлик фаолиятимизни дадил олиб бораётганимиз ҳам уларнинг бизга бераётган имконият ва имтиёзлари сабаб, деб биламан.

Хусусан, Президентимизнинг металлургия соҳасини қўллаб-қувватлаши туфайли ўтган йили водийда қўшма корхона шаклидаги Наманган металлургия заводини ишга туширдик. Инвестиция қиймати 50 миллион долларга тенг мазкур корхонада металлопрокат маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Тўлиқ қувватда 600 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқариш имкониятига эга. Завод “ISO 140001” ҳамда “ISO9001” халқаро сертификатларига эга бўлиб, ҳозирда ишлаб чиқарилаётган сифатли маҳсулотларни хориж давлатларига экспорт қилиш арафасидамиз. Тожикистон, Афғонистон ва Европа давлатлари билан экспорт шартномалари имзоланган. Корхонада маҳсулотлар сифатини доимий назоратдан ўтказувчи 2 та лаборатория ҳам мавжуд.

Давлатимиз раҳбари мулоқот чоғида бизни қийнаётган муаммолар, таклифларимизни сўрадилар. Имкониятдан фойдаланиб, айрим таклифларимни билдирдим. Шулардан бири транспорт ва логистика масаласи.

Гап шундаки, бизнинг Наманган металлургия заводимиз Наманган эркин иқтисодий зонаси ҳудудида жойлашган. Бу ерга деярли барча инфратузилмалар етазиб берилган. Фақат битта муаммо бор — темир йўл мавжуд эмас. Бу эса юкларни ташиш ва харидорларга тез етказиб беришда қийинчилик туғдирмоқда. Агар биз ЭИЗ ҳудудига 12 километр узунликдаги темир йўлни тортиб кела олсак, бу ерда қарийб 420 минг тонна маҳсулот ташиш имконияти пайдо бўлади. Бу 6 мингта вагон қатнови дегани. Натижада иқтисодий зонадаги  тадбиркорларнинг йил давомида маҳсулотларни ташиш ҳажми ҳам, оладиган даромади ҳам ошиб бораверади.

Йиғилишда яна бир масала — “Металлурглар уюшмаси”ни ташкил этиш таклифини билдирдим. Ҳозир юртимизда металлургия соҳасида фаолият олиб бораётган тадбиркорлар сони кўпайиб боряпти. Улар орасида соҳага энди кириб келган ёшлар ҳам анчагина. Уюшма мана шу тадбиркорларни бирлаштиради, умумий манфаатларини ҳимоя қилиб, муаммоларини ҳал этишга кўмаклашади. Тадбиркорларнинг ўзаро тажриба алмашинуви янги лойиҳаларга йўл очади. Давлатимиз раҳбари ушбу таклифларимни қўллаб-қувватлаганлари мени янада қувонтирди.

Бугун тенгдошларимнинг ғайрати, ақл-заковатини кўриб, фахрланаман. Ҳозир юртимизда ривожланиш даражаси кўплаб йирик давлатлар билан тенг равишда жадал кечмоқда. Ҳатто, улардан фарқли тарзда, бизда ёш тадбиркорлар сони умумий аҳоли сонига нисбатан анча тез ўсиб боряпти.

Президентимизнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотлари эса юртимизнинг ишбилармон доира вакиллари учун чинакам минбар вазифасини ўтамоқда. Бу минбарда уларнинг фикр ва таклифлари тингланиб, муаммолари ҳал этиляпти. Жорий йилнинг 22 август куни давлатимиз раҳбарининг тадбиркорлар билан навбатдаги очиқ мулоқоти ҳам муҳим ўзгаришлар, янги ташаббусларга йўл очишига ишонаман.