Бугунги ислоҳотлар акс этган обод маҳаллани кўриб келамиз, янгиланишлар одамлар кайфиятига қандай таъсир этаётганига гувоҳ бўламиз, тадбир баҳона юртдошларимиз билан дилдан суҳбатлашамиз, деган фикр ўтди хаёлимдан. Бу маҳаллага тахминан ўн йиллар илгари борганман. У пайтлар маҳалла Тошкент вилояти таркибида эди, шаҳар билан туташ бўлса-да, фарқ катта: эски ва таъмирталаб ҳовлилар, чанг кўчалар, умидсизликка тушган одамлар, қўйингки, қаровсиз жой сифатида хотирамда қолган.
Гулбоғликларнинг айтишича, салкам ярим асрдан бери маҳаллада тоза ичимлик суви йўқ. Биз чекка-чекка ҳудудларнинг ҳам замонавий шаҳарларга монанд қиёфа касб этаётганига, тоза ичимлик суви билан таъминланаётганига, ҳовлию кўчалар обод, одамлар ҳаёти ижобий томонга ўзгараётганига кўникиб бораётган бир пайтда Тошкент шаҳри таркибига кирган маҳалла аҳлининг ҳануз ер ости сувидан фойдаланиши чиндан ачинарли. Маҳалла энди-энди ободликка юз тута бошлапти: Гулбоғда “Обод хонадон – обод кўча – обод маҳалла” мезонларини жорий этиш бўйича қатор ишлар амалга оширилмоқда.
– Маҳалламизда катта ўзгаришлар бўляпти. Биз яшайдиган Нафосат кўчаси асфальт қилинди, электр сими учун янги устунлар ўрнатилди, – дейди Хосият Орзиқулова. – Бизни қувонтиргани, тоза ичимлик сувининг келиши бўлди. Маҳаллага кўчиб келганимизга салкам эллик йил бўлди. Шунча вақтдан бери ер ости сувидан ичиб келдик.
Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизнинг 14 та ҳудудида танлаб олинган маҳаллалар қаторида Бектемир туманидаги Гулбоғ маҳалласида ҳам Республика ишчи гуруҳи, Халқ қабулхоналари, соҳавий ташкилотлар вакиллари, Тошкент шаҳри ва Бектемир тумани сектор раҳбарлари, аъзолари, маҳалладаги “бешлик”дан ташкил этилган ишчи гуруҳлар томонидан хонадонбай юриб, аҳоли муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш ишлари бошланди.
Гулбоғда турли миллат вакиллари истиқомат қилади. 1 354 нафар (66%) қозоқ, 597 нафар (29%) ўзбек, 76 нафар (0,03%) корейс, 11 нафар (0,001%) татар миллатига мансуб аҳоли бор.
Пресс-тур иштирокчилари дастлаб 66-оилавий поликлиникада аҳолини тиббий кўрикдан ўтказиш жараёни билан танишди. Ҳудудга туташ майдонда меҳнат ярмаркаси, шунингдек, маҳалла аҳли учун арзонлаштирилган қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари ярмаркалари ташкил этилди.
– Оиламиз катта, шунга яраша бозорлик қиламиз, – дейди Боқия Қамбарова. – Маҳалламизда тез-тез ташкил этиладиган бу ярмаркадан ҳар сафар керакли маҳсулотлар сотиб оламиз. Бозор ёки дўконларда бир кило картошка нархи 4-5 минг сўм атрофида. Бу ердан эса сара картошка килосини 3,5 минг сўмдан, пиёзни 2 минг сўмдан олдим. Қаранг, истаган сабзавот ва меваларни олсангиз бўлади. Таъбингиз ва чўнтагингизга қараб танлайверасиз. Бақлажон, булғор қалампири, сабзи, пиёз, саримсоқ пиёз, мева-чевадан тортиб, ёғ, гуруч, унгача бор. Бир қопдан картошка, пиёз ва ун сотиб олдик. Бизга анчага етади. Бозорга қатнаб ётмаймиз. Ҳам вақтимиз, ҳам нақдимиз тежалди.
Содда қилиб айтсак, маҳаллада юришга жой йўқ. Сабаби, бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари бошланган. Масалан, Обод ва Зиёнур кўчаларида аҳоли хонадонлари ташқи деворлари бўяб бериляпти. Туркистон кўчасида эса ичимлик суви келтириш учун ишлар бошланган. Бир кўчада ариқнинг юзи “очиляпти”. Шох-шабба, ахлатлардан тозаланяпти. Яна бир кўчада чироқлар ўрнатиляпти, устунлар кўтариляпти. Газ қувурлари ва ускуналари таъмирланмоқда, бўялмоқда. Бундан ташқари ички йўллар асфальт қилинмоқда. Хуллас, ҳар бир кўчада тизимли ишлар кетмоқда.
– Бектемир туманига қўшилган янги маҳаллалардан бири Гулбоғ бўлиб, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида 12,9 километр қувур тортилиши белгиланган, – дейди туман сув тармоқлари бўлими бошлиғи Равшан Жабборов. – Бунинг учун давлат бюджетидан 8,9 миллиард сўм йўналтирилган. Бугунги кунгача 12,6 километр узунликда қувур тортилди. Ишлар август ойи сўнггида якунига етади, натижада ер ости сувида фойдаланиб келган 500 дан ортиқ хонадонга тоза ичимлик суви кириб боради.
Ишчи гуруҳ вакиллари томонидан хонадонлар уйма-уй юриб ўрганилди, натижада фуқароларнинг соғлиқни сақлаш, моддий ёрдам, бандлик, субсидия, кредит, уй-жойни таъмирлаш ва бошқа масалалар бўйича муаммолари аниқланиб, ҳал этиш чоралари кўрилмоқда.
Маҳаллада аҳоли бандлигини таъминлаш ва оилаларни тадбиркорликка жалб қилиш мақсадида 22 фуқаро ишга жойлаштирилди, 15 фуқаронинг ўзини-ўзи банд қилиши учун чора-тадбирлар кўрилди, 9 фуқаро касб-ҳунарга ўқитилди, 3 фуқарога эса тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириши учун субсидия асосида маиший техника олиб берилди. 50 нафар фуқаро ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этилди.
Шерали Каликулов ва Саулье Ўрозалиевалар оиласи “Темир дафтар”га киритилган. Оилада уч фарзанд камолга етмоқда. Саулье Тошкент давлат педагогика университетининг тарих факультетига шартнома асосида ўқишга киргач оиланинг бор даромади ҳам камайди. Шерали турмуш ўртоғининг ўқишига хайрихоҳ, ниятни яхши қилди. Икки ой аввал Республика ишчи гуруҳи томонидан хонадонларни ўрганиш чоғида уларнинг ҳам имкониятлари ўрганилди. Натижада субсидия асосида печь ва хамир тайёрлаш ускунаси берилди. Кунига 300 донага яқин нон, қўшимчасига сомча пишириб сотишни йўлга қўйган хонадонга барака кирди. Шу тариқа улар иш билан банд бўлди.
– Оиламиз бюджетига кунига нондан 200 минг даромад келмоқда. Сомса пиширишни энди бошладик. Биринчи куни олган даромадимиз 50 минг сўм бўлди. Бекор юргандан ҳаракат қилиб, рўзғоримизни бут қилганимиз яхши экан, – дейди Саулье Ўрозбоева. – Ўзимизнинг маҳалладан ташқари Абай, Йик ота каби қўшни маҳаллаларга ҳам нафимиз тегяпти. Одамлар хурсанд, раҳмат айтиб кетади.
Бундан ташқари, оғир турмуш шароитида яшовчи 48 фуқарол хонадонида таъмирлаш ишлари белгиланиб, ҳозирда 24 хонадонда қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.
Ҳа, Гулбоғда катта ишлар бошланибди. Ҳадемай кўчалару хонадонлар ободликка юз тутади.
Б.Юнусова.
Суратларни Ҳ.Йўлдошев олган.