Қувонарли томони, кластер фаолияти тўлиқ йўлга қўйилгач, бир вақтнинг ўзида кардиолог, окулист ёки эндокринолог маслаҳатини шу ерда олиши мумкин бўлади.
Барча зарур муолажа ва маслаҳатларни шу ернинг ўзида олиб бемор эса «бир том остида» ҳам вақтини, ҳам маблағини тежайди.
Бунинг учун, бу ерда етарлича имконият яратилиб қолмай, малакали шифокорлар бригадаси шакллантирилади. Натижада, улар бемор саломатлиги билан боғлиқ жиддий ўзгаришлар кузатилса, шу ернинг ўзида улар томонидан консулим асосида ташхис қўйилиб даволаш муолажалари олиб борилади.
— Айни вақтда, Гулистон тиббиёт кластерининг 100 ўринли терапия корпуси биноси янгидан қурилиб, фойдаланишга топширилди, — дейди Гулистон тиббиёт кластер директори Қодир Хатамов. — Унинг қурилиши учун 18 миллиард сўм маблағ йўналтирилиб, қурилиш ишларини Гулистондаги «Шоҳрух-Димербек» масъулияти чекланган жамият қурувчилари амалга оширган. Эндиликда ушбу бинода, умумий терапия ва реабилитация, неврология, кардиоревматология, пульмонология ва гематология бўлимлари жойлаштирилиб, ўз фаолиятини бошлаган бўлса, айни вақтда вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказидан Гулистон тиббиёт кластер балансига ўтказилган эски 2 қаватли хирургия биносида реконструкция ишлари амалга ошириляпти. Ушбу юмушларни бажарилиши учун қарийб 3 миллиард сўм маблағ йўналтирилган. Қурилиш ва реконструкция ишлари ниҳоясига етгач, у ерда 60 ўринли эндокринология диспансери хирургия хизмати билан, ва шунингдек 30 ўринли йирингли септик хирургия, бинонинг биринчи қаватида 15 ўринли нефрология бўлимлари ўз фаолиятини бошлайди.
Гулистон тиббиёт кластернинг моддий техник баъзисини мустаҳкамлаш, замонавий тиббий жиҳозлар билан жиҳозлаш мақсадида, ўтган 2021— 2022 йиллар давомида 1 миллиард 735 миллион сўмга юқори технологик операцияларни ўтказишга мўлжалланган 10 турдаги аппаратура, яъни анализатор, рақамли рентген, камерали микроскоп, видео эндоскоп келтирилган, диагностика ишларини яхшилаш учун рақамли «DRF-4» келтирилиб ўрнатилди. Яқин вақтлар оралиғида магнитли резонанс томограф аппарати келтирилиши кўзда тутилган.
Бундан ташқари, Гулистон тиббиёт кластерида тиббиёт ходимлар илмий иш билан шуғулланиши учун республика ихтисослаштирилган илмий амалий тиббиёт марказлари билан ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилди. Бу эса тиббиёт кластерининг нефрология ва гемодиализ, хирургия, ҳамда нейротравматология бўлимининг бир қатор шифокорларига ўз устиларида ишлаб, илмий ишлар билан шуғулланиш имконини беряпти.
Биргина жорий йилда мазкур кластерда 150 дан ортиқ юқори технологик амалиётлар ўтказилди. Бунинг натижасида, юқори технологик жарроҳлик амалиётига эҳтиёжи бўлган, республика илмий амалий тиббиёт марказларига ушбу амалиёт билан боғлиқ масалалар билан мурожаат этувчи беморлар сони кескин қисқарди.
Гулистон тиббиёт кластери тўла-тўкис ишга тушгач, аҳоли саломатлиги билан боғлиқ кўпгина масалаларга шу ернинг ўзида ечим топилади. Малакали тиббий хизмат шу ернинг ўзида кўрсатилади.
Ғулом Примов,
Сирдарё вилоят
Соғлиқни сақлаш бошқармаси матбуот котиби.