Муқаддам аҳоли фойдаланувида бўлган, бироқ яроқсиз бўлиб, ташландиқ ҳолатга келиб қолган сув ҳавзаси реконструкция қилиниб, 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан фойдаланишга топширилди.
Пиёдалар йўлакчаси, велойўлакча ҳамда қумли тўшамалар билан ўралган ҳовуз атрофи янгича қиёфа касб этди.
Мазкур комплекс 24 соат фаолият кўрсатиши учун зарур бўлган қуёш батареяли 90 та тунги ёритиш чироқлари билан таъминланди.
Маданий ҳамда кўнгилочар тадбирларни очиқ ҳавода ўтказишга мўлжалланган махсус саҳна (амфитеатр), 5 та енгил типдаги савдо дўконлари қурилган ҳамда ташландиқ ҳолатдаги 2 та бино таъмирланиб, хизмат кўрсатиш учун тайёр ҳолга келтирилган. Улардан бирида «bookcafe» шаклидаги кутубхона фаолияти йўлга қўйилган.
Эътиборлиси, Дўстлик каналига 2 та катер келтирилиб, дам олувчилар учун канал бўйлаб сайр қилиш имкони яратилди.
Сув ҳавзаси ҳамда комплексда енгил конструкцияли ҳожатхона, чўмилиш хонаси ва кийим алмаштириш хоналари замонавий типда қурилган.
Шунингдек, 10 500 квадрат/метр майдон кўкаламзорлаштирилди, 2 мингдан зиёд манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилди. Ушбу бунёдкорлик ишлари учун тадбиркорлар томонидан 2 миллиард сўм маблағ сарфланди.
Комплексда «Ёшлар дафтари» ҳамда «Аёллар дафтари»га киритилган 30 дан ортиқ аёллар ва ёшлар тиббий, санитар, ижтимоий ва бошқа соҳаларда иш билан таъминланди.
Хиёбон тантанали очилиш маросимида «Бўш иш ўринлари ва вакант лавозимлари» ярмаркаси ҳам ўтказилди.
Меҳнат ярмаркасида вилоятнинг барча туман (шаҳар)ларидан 60 га яқин корхона ва ташкилот, йирик фермерлар ва хусусий тадбиркорлар мавжуд 1 500 дан ортиқ бўш иш ўринлари билан қатнашдилар.
Якунда 113 нафардан зиёд ишсиз фуқароларга ишга жойлаштириш, касб ўқувга юбориш, ҳақ тўланадиган жамоат ишларига йўлланмалар берилди.
Биргина жорий йилнинг ўтган даврида вилоят бўйича 15,6 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилган бўлса, уларнинг 9,8 мингтаси ёки 62,1 фоизи бевосита ёшлар учун ташкил этилди. Уларнинг аксарият қисмини касб-ҳунар коллежлари битирувчилари ташкил этди, деб хабар беради Сирдарё вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.