Ушбу ҳужжат билан давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 27 декабрдаги «Опера ва балет санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, опера ва балет санъати бўйича иқтидорли ёшларни излаб топиш, уларни юзага чиқариш ва рағбатлантириш тизимини жорий қилиш мақсадида ҳар йили анъанавий тарзда республика кўрик-танловларини ўтказиш  режалари тасдиқланди.

Унга кўра,  февраль ойида  ёш вокал ижрочилари,  апрель ойида  ёш балет ижрочилари ва  июнь ойида дирижёр, режиссёр ва балетмейстерлар ўртасида анъанавий тарзда республика кўрик-танловлари ўтказилади.

Қарорда республика кўрик-танловларининг Гран-при ва I ўрин ғолиблари мос таълим йўналишлари бўйича тегишли давлат олий таълим муассасаларининг бакалавриат қабул квотасига қўшимча давлат гранти асосида ўқишга қабул қилиниши белгиланган.

Бундан ташқари, 2022 йилдан бошлаб давлат бюджети ҳисобидан ҳар икки йилда қуйидаги танловлар ўтказилади:

-Ҳалима Носирова номидаги халқаро ёш операчилар кўрик-танлови;

-«Тошкент баҳори» халқаро опера ва балет фестивали.

Ҳукумат қарорига мувофиқ, халқаро нуфузли опера ва балет фестиваллари, танловларида I, II ва III ўринларни эгаллаган ижодкорлар давлат бюджети ҳисобидан даромад солиғидан озод қилинадиган қуйидаги миқдорда бир марталик пул мукофоти билан тақдирланади:

I ўрин учун –  100 БҲМ;

II ўрин учун – 70 БҲМ;

III ўрин учун – 50 БҲМ.

Ҳужжат билан, шунингдек, кўрик-танловлар ва фестивалларни ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомлар ҳам тасдиқланган.

Ташкилий қўмиталарнинг асосий вазифалари сирасига қуйидагилар киради:

-тадбирларга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш бўйича чора-тадбирлар режасини ўз вақтида ишлаб чиқиш;

-аниқ муддатларни белгилаш ва улар ҳақида оммавий ахборот воситаларида эълон қилиш;

-халқаро тадбирларнинг ҳакамлар ҳайъати таркибини шакллантириш, унинг иш тартибини тасдиқлаш, танловлар иштирокчиларининг ёш чегарасини белгилаш ва ҳакамлар ҳайъати таркибига киритилган мутахассислар иштирокини таъминлаш;

-харажатлар сметасини ишлаб чиқиш, меценатлик кўмаги, юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайрияларини доимий тарзда жалб этиш.