Пойтахтимизда “Сабр” Республика ижтимоий-иктисодий ривожланиш Маркази ва  Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллигига бағишланган “Янги Ўзбекистон тараққиётида  ижтимоий йўналтирилган нодавлат нотижорат ташкилотларнинг ўрни ва аҳамияти” номли ҳалқаро конференция бўлиб ўтди.

Конференцияда Давлат  вакиллик  ва ижро органлари,  минтақавий бизнес тузилмалар, халқаро ташкилот вакиллари, хорижий ҳамкорлар, ННТлар, Маҳаллий Ривожланиш Марказлари, худудий “Ишга Марҳамат” Мономарказлари раҳбарлари, ОАВ ва бошқалар иштирок этди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси  Олий Мажлиси Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси Малика  Кадирханова,    Европа Иттифоқи делегациясининг Ўзбекистондаги  раҳбари Шарлотта Адриан, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Хусанов, “DVV International”нинг Марказий Осиёдаги директори (Германия) Текла Келберт ва бошқалар нутқ сўзладилар.

Таъкидланишича, 2011—2017 йилларда дастлабки Маҳаллий Ривожланиш Марказлари Самарқанд вилоятида DVV International, Европа Иттифоқи ва бошқа халқаро ташкилотлар кўмагида очилган. Шу даврда “Сабр” Республика ижтимоий иқтисодий ривожланиш маркази  Бандлик ва меҳнат муносабатлари Вазирлигининг ижтимоий буюртмаси асосида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Жамоат Фонди томонидан молиялаштирилган, шунингдек, халқаро ҳамкорлар — DVVнинг Ўзбекистондаги бўлинмаси (Германия), URU Connect (Буюк Британия) томонидан қишлоқ аҳолисининг камбағал қатламларига сифатли ижтимоий хизматлар кўрсатиш, катталарни норасмий таълим бериш орқали касбий кўникмаларига ўқитиш, давлат, бизнес тузилмалари ва ННТлар ўртасидаги ижтимоий шерикчиликни ривожлантиришга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш ишларини бошлади.

“Сабр” ННТ ҳам  билим олувчи, ҳам билим берувчи ташкилотдир. Марказ ва ҳамкор ННТлар томонидан амалга оширилаётган лойиҳаларда катта ёшдагиларни ўқитишни инновацион усулларидан фойдаланиб, якуний натижага эришишга каратилган.

Интеграциялашган ёндашув асосида бугунги кунда ижтимоий йўналтирилган нодавлат нотижорат ташкилотларининг норасмий тармоғи фаолият кўрсатмоқда: Қорақолпоғистон Республикасининг “Орол олтин мероси”, “Тадбиркор Аёл” уюшмасининг Андижон бўлинмаси, “Тадбиркор Аёл” уюшмасининг Бухоро бўлинмаси, Жиззах  “Қалб Нури”, Қашқадарё  “Юксалиш”, Навоий  “Имконият”, Сурхандарё  “Аёл ва Замон”, Фарғона  “Тараққиёт”, Хоразм  “Интербилим”, Наманган “Оилам ва мен”, “Тадбиркор Аёл” уюшмасининг Сирдарё бўлинмаси, Тошкент “Ниҳол” вилоятларининг нодавлат нотижорат ташкилотлари тармоғ аъзоси сифатида фаолият юритиб келишмоқда. Маҳаллий Ривожланиш Марказлари 13 та вилоят марказларида ва 10 та қишлоқ ҳудудларида бўлиб, Андижон вилоятининг Избоскан, Бўстон, Бухоронинг  Вобкент ва Пешку, Жиззах вилоятининг Зарбдор, Кашкадарёнинг Миришкор ва Чирокчи, Хоразмнинг Хонка, Самарқанд вилоятининг Оқдарё ва Ургут туманларида жойлашган.

Ўтган давр ичида 5 мингдан зиёд кам таъминланган оилалар аёллари ва ёшлари 18 та йўналиш бўйича касбий маҳоратга ўргатилди ва уларнинг ярмидан кўпи иш билан таъминланди ва шу билан бирга ўз-ўзини банд қилдилар. 

Микробизнесни бошлаш учун “Сабр микрокредит ташкилоти” томонидан умумий қиймати 2 миллиард сўмдан ортиқ бўлган 570 дан ортиқ микрокарзлар ажратилди. 126 нафар  устозлар, 42 нафар  тренерлар  ўқитилди ва тайёрланди, 18 та профессионал йўналиш бўйича 128 соатли ўқув курслари  ва 35 соатли ижтимоий-иқтисодий ва мобилизацион тренинг  модуллари ҳам ишлаб чиқилди. 

2002 йилдан бошлаб  DVV International Ўзбекистонда ўз фаолиятини олиб боради. Катталар таълими ва соҳасидаги етакчи ташкилот сифатида 50 йилдан бери Африка, Осиё, Лотин Америкаси ва Европа мамлакатларидаги фуқаро ва академик секторлардаги 200 дан ортиқ ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Мақсади аҳолининг заиф гуруҳларини ўқитиш учун сифатли таклифларни ишлаб чиқиш, тажриба алмашиш, консальтатив қўллаб-қувватлаш ва бошқалар.