Аслида, юртимизда икки миллат вакиллари аралаш яшайдиган қишлоқ ва маҳаллалар кўп. Бундай жойларда яшайдиган ўзбек ва тожик халқларининг қиёфаси, хатти-ҳаракатлари, кийиниши ёки удумларига қараб бир-биридан ажратиш қийин. Тўғриси, ташқаридан келган одам уларнинг фарқига бормайди. Негаки кўп миллатли халқимиз ҳам бир-бирини ажратиб кўрсатмайди. Аксинча, қуда-анда, қавм-қариндош бўлган. Тўй-маъракаси бирга, кўкламда Наврўзни бирга нишонлайди, чавандозлари бир даврада кўпкари чопади. Шу боис,уларни икки тилда сўзлашадиган битта халқ дейишади.
Қадрият ва урф-одатлари бир-бирига жуда ўхшаш бу икки халқнинг биродарлиги кеча ёки бугун пайдо бўлиб қолгани йўқ. Бу яқинлик қадимдан ёнма-ён яшаб келаётган икки халқнинг узоқ аждодларидан мерос. Аммо маълум муддат чегараларга сунъий тўсиқлар ўрнатилиб, одамларнинг борди- келдиси чекланди. Икки давлатда яшайдиган қуда-андалар, дўсту биродарлар, қавму қариндошлар борди-келди қилиши қийинлашди.
Бироқ этни тирноқдан ажратиб бўлмаганидек, икки халқни ажратиш мумкин эмасди. Бу ҳақиқатни тўғри англайдиган одамлар вазиятни ўнглашга интилиб яшади. Шавкат Мирзиёев давлат раҳбари сифатидаги фаолиятининг дастлабки кунлариданоқ қўшни давлатлар билан алоқаларни мустаҳкамлашга жиддий киришди. Юртбошимиз ташаббуси билан бундан саккиз йил муқаддам икки давлатни боғловчи чегара постлари қайта очилди. Икки давлат Президентларининг сиёсий иродаси билан ўзбек ва тожик халқлари ўртасидаги борди- келди муносабатлари янги босқичда қайта тикланди. Бу тарихий кунни ўзбек ва тожик халқлари катта шоду хуррамлик билан кутиб олди.
Ўша кунларни мен ҳамон яхши эслайман. Ўзбекистон - Тожикистон ўртасидаги чегараларнинг очилиши неча йиллардан буён бир-бирини соғинган қанчадан қанча ота-бола, ака-ука, опа-сингил, қариндош-уруғларни дийдорга етказган ҳаяжонли дамлар ҳамон кўз ўнгимда. Чегаралар очилишида бир-бирининг бағрига талпинган одамларнинг дийдорлашувидаги севинчдан кўзларимизга ёш келди.
Тарихи, кечмиши, тақдири бир бўлган икки халқ ўртасидаги сунъий тўсиқларнинг олиб ташланиши ҳазрат Алишер Навоий ва Абдураҳмон Жомий амал қилган, асарларида тараннум этилган буюк дўстлик абадий эканининг ҳаётий исботи бўлди. Ўзаро алоқаларда улкан ўзгаришлар юз берди. Жумладан, 2017 йилда Тошкент — Душанбе авиақатновининг қайта йўлга қўйилиши, Ғалаба — Амузанг темир йўли тикланиши, Самарқанд — Панжикент халқаро йўли очилиши, икки давлат чегарасидаги барча ўтказув масканлари иш бошлагани тарихий воқеа бўлди. Айниқса, 2018 йили Президентимизнинг Тожикистонга тарихий ташрифи ўзбек- тожик халқлари ўртасида яхши қўшничилик, дўстлик, биродарлик ва ўзаро стратегик шериклик соҳаларидаги муносабатларда янги саҳифа очди.
Навбатдаги ташрифда Эмомали Раҳмон Шавкат Мирзиёевни Тожикистоннинг юксак мукофоти — I даражали “Зарринтож” ордени билан мукофотлади. Бу давлатимиз раҳбарининг икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш йўлидаги улкан хизматлари эътирофидир.
Энг муҳими, ҳар иккала мамлакатда яшовчи оддий одамлар борди-келди қилиши учун тўсиқлар олиб ташланди. Яна яқинлар тўй-маъракаларни, байрамларни бирга ўтказиш, дийдорлашиш имкониятига эга бўлди. Ҳозир Ўзбекистон ва Тожикистон чегара-божхона постлари орқали ҳар куни минглаб одамлар ўтаётир. Бир пайтлар халқларимиз қон-қариндоши борлиги туфайли зўрға борди-келди қиларди. Энди исталган инсон саёҳат учун чегарадан бемалол ўтиб-қайтмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг тўғри ва адолатли ташқи сиёсати натижасида Марказий Осиё халқлари ўртасидаги дўстлик кўприги қайта тикланди. Ҳар йили бир марта Марказий Осиё давлат раҳбарларининг Маслаҳат учрашувини ўтказиш анъанага айланди. Эътироф этиш керак, ушбу учрашувлар дўстлик ва ишончни мустаҳкамлаб, узоқ йиллар давомида тўпланиб қолган масалаларни ҳал этишда ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишда кўприк вазифасини бажармоқда.
Жорий йил 31 март куни Тожикистон Республикасининг қадимий ва тарихий шаҳарларидан бири бўлган Хўжандда Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон раҳбарлари иштирокида тарихда илк бор уч томонлама саммит ўтказилди. Бу нафақат мазкур давлатлар ўртасидаги муносабатлар, балки бутун Марказий Осиё миқёсидаги интеграция жараёнларини янги босқичга олиб чиқишда улкан аҳамиятга эга бўлди.
Мамлакатимизда барча миллат ва элатлар қатори тожик маданиятини, миллий ва тарихий қадриятларини сақлаш ва ривожлантиришга ҳам катта эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистонда тожик миллатига мансуб 1 миллион 700 мингдан зиёд юртдошимиз истиқомат қилиб, юртимизнинг иқтисодий, ижтимоий тараққиётига муносиб ҳисса қўшмоқда.
Биз — ўзбекистонлик тожиклар ўзимизни болаларимиз туғилиб, боболаримиз мангу қўним топган шу муқаддас замин фарзандлари деб биламиз. Ўзбекистон эса, ҳеч шубҳасиз, муқаддас Ватанимиздир. Миллатдошларим орасида таниқли олимлар, тадбиркор ва фермерлар, ўқитувчилар, шифокорлар, турли даражадаги раҳбарлар бор. Улар ана шу туйғу, Ватан меҳри билан яшаётгани учун ҳам бугун катта ютуқларни қўлга киритмоқда.
Юртимизда тожик тилида газета ва журналлар чоп этилиб, телекўрсатув ва радиоэшиттиришлар эфирга узатилмоқда. Қолаверса, 255 та мактабда таълим тожик тилида олиб борилади. Бир қатор олий ўқув юртларида тожик тилида таълим берадиган факультетлар ва бўлинмалар фаолият юритмоқда.
Янги Ўзбекистондаги бағрикенглик сиёсатига яна бир ҳаётий мисол, яқин йилларгача олий таълимдаги тожик гуруҳларига кириш учун тожик тилида тест топшириш имконияти йўқ эди. Натижада билимли болалар қолиб, билимсизлар турли йўллар билан ўқишга кирарди. Мамлакатимиздаги ислоҳотлар сабаб ушбу масала ечим топди. Қувонарлиси, ўтган йилдан бошлаб ўз билими билан талаба бўлган юзлаб ёшларимиз ўқишни тамомлаб, ўз соҳаларида фаолият бошлади. Бу мамлакатимизда турли миллат вакилларига нисбатан яратилаётган шароитларнинг бир кўринишидир. Яна бир мисол, кейинги йилларда тожик миллатига мансуб 130 дан ортиқ фуқаро юксак давлат мукофотларига сазовор бўлди. Бу ҳам Ўзбекистонда барчага тенг шароит ва имкониятлар баробар эканини намоён этади.
Бизни яна бир ҳолат доим қувонтиради. Президентимиз ҳар бир байрам табригида, халқимизга мурожаат йўллаганида ёки чиқишларида ҳамиша “кўп миллатли халқимиз” иборасини ишлатади. Тўғриси, бу мамлакатимиздаги кўп миллатли халқимиз доим эътиборда эканидан хурсанд бўлади. Яна бир жиҳат, ҳар йили Наврўз байрамида миллий маданий марказлар кўргазмаларини давлатимиз раҳбари шахсан кўздан кечириб, марказ раислари ва фаоллар билан самимий суҳбатлашади. Муаммоларимиз, келгусидаги режаларимиз ҳақида сўрайди.
Элнинг обрўсини, унинг моддий бойлигидан ҳам кўпроқ илм-маърифат, маданият тараққиётига қўшган ҳиссаси оширишига тарихда ҳам, бугун ҳам мисоллар кўп. Шу ўринда тожик тилида ўқитиладиган мактаблардан бирини мисол сифатида келтириб ўтмоқчиман. Жиззах вилояти Янгиобод туманининг энг чекка ҳудудидаги Чаканд қишлоғи ва у ердаги мактабни фақат Ўзбекистонда эмас, қўшни Тожикистонда ҳам яхши билишади. Аҳолиси икки тилда сўзлашса-да, қалби, ўй-фикри уйғун бўлган қишлоқдаги 6-умумтаълим мактабида 130 нафарга яқин ўқувчи тожик тилида таълим олади. Ушбу мактаб кўплаб илмли кишиларни тарбия этгани боис машҳур бўлган.
Кейинги йилларда ушбу қишлоқдан етишиб чиққан саккиз нафар фан доктори ва фан номзодлари турли илмий муассасаларда фаолият кўрсатаётир. Бугун Янгиободда ва қўшни туманларда чакандлик 40 нафардан зиёд шифокор, яна бир қанча бошқа соҳаларнинг малакали мутахассислари ишлаётир.
Чакандликларнинг қанчалик илмга чанқоқлигини фан олимпиадалари, билимлар мусобақаларида эришаётган ютуқлари, ҳар йили олий мактабга кираётган ёшларнинг кўплиги ҳам кўрсатиб турибди. Ҳозир ушбу мактабнинг 40 нафардан зиёд битирувчиси турли олий таълим муассасаларида ўқиётир.
Бу чекка ҳудуддаги қишлоқ мактаби фаолиятидан бир мисол. Бундай мисолларни бошқа вилоятлардан ҳам келтириш мумкин. Бу давлатимиз томонидан бошқа тилларда ўқийдиган ёшларнинг баркамол вояга етишлари учун зарур шароитлар яратилаётгани, дарсликлар ва ўқув қўлланмалари билан тўлиқ таъминланганига катта эътибор қаратилаётгани самарасидир.
Республика тожик миллий-маданий маркази ва унинг вилоят, шаҳар ва туман бўлимлари бундан буён ҳам асосий эътиборини халқларимиз ўртасидаги ўзаро ишонч ва дўстликни мустаҳкамлашга сафарбар этади.
Дарҳақиқат, дўстлик — қудратли куч. Ҳамжиҳатлик, тотувлик, бағрикенглик билан юрт обод бўлади. Айниқса, ўзаро миллий ва этник низолар, диний, ҳудудий келишмовчиликлар кучайган бугунги дунёни куч эмас, инсонлар, миллатлар, мамлакатлар ўртасидаги дўстлик сақлаб қолиши ўз исботини топиб бормоқда. Шу нуқтаи назардан, давлатимиз раҳбарининг фақат ён қўшнилар эмас, глобал миқёсда ўзаро ишончли алоқаларни, ҳамкорликни ривожлантиришда узоқни кўзлаб юритаётган сиёсати халқларимиз ўртасида дўстлик ришталари мустаҳкамланишига муносиб ҳисса бўлиб қўшилмоқда.
Гуландом СУБҲОНОВА,
Республика тожик миллий-маданий маркази раиси