Аслида, юртимизда икки миллат вакиллари аралаш яшайдиган қишлоқ ва маҳаллалар кўп. Бундай жойларда яшайдиган ўзбек ва то­жик халқларининг қиёфаси, хатти-ҳаракатла­ри, кийиниши ёки удумларига қараб бир-би­ридан ажратиш қийин. Тўғриси, ташқаридан келган одам уларнинг фарқига бормайди. Не­гаки кўп миллатли халқимиз ҳам бир-бирини ажратиб кўрсатмайди. Аксинча, қуда-анда, қавм-қариндош бўлган. Тўй-маъракаси бирга, кўкламда Наврўзни бирга нишонлайди, ча­вандозлари бир даврада кўпкари чопади. Шу боис,уларни икки тилда сўзлашадиган битта халқ дейишади.

Қадрият ва урф-одатлари бир-бирига жуда ўхшаш бу икки халқнинг биродарлиги кеча ёки бугун пайдо бўлиб қолгани йўқ. Бу яқинлик қадимдан ёнма-ён яшаб келаётган икки халқнинг узоқ аждодларидан мерос. Аммо маълум муддат чегараларга сунъий тўсиқлар ўрнатилиб, одамларнинг борди- келдиси чекланди. Икки давлатда яшайди­ган қуда-андалар, дўсту биродарлар, қавму қариндошлар борди-келди қилиши қийин­лашди.

Бироқ этни тирноқдан ажратиб бўлма­ганидек, икки халқни ажратиш мумкин эмасди. Бу ҳақиқатни тўғри англайдиган одамлар вазиятни ўнглашга интилиб яша­ди. Шавкат Мирзиёев давлат раҳбари сифа­тидаги фаолиятининг дастлабки кунлари­даноқ қўшни давлатлар билан алоқаларни мустаҳкамлашга жиддий киришди. Юрт­бошимиз ташаббуси билан бундан саккиз йил муқаддам икки давлатни боғловчи че­гара постлари қайта очилди. Икки давлат Президентларининг сиёсий иродаси билан ўзбек ва тожик халқлари ўртасидаги борди- келди муносабатлари янги босқичда қайта тикланди. Бу тарихий кунни ўзбек ва тожик халқлари катта шоду хуррамлик билан ку­тиб олди.

Ўша кунларни мен ҳамон яхши эслайман. Ўзбекистон - Тожикистон ўртасидаги чегараларнинг очилиши неча йиллардан буён бир-бирини соғинган қанчадан қанча ота-бола, ака-ука, опа-сингил, қариндош-уруғларни дийдорга етказган ҳаяжонли дамлар ҳамон кўз ўнгимда. Чегаралар очилишида бир-бирининг бағрига талпинган одамларнинг дийдорлашувидаги севинчдан кўзларимизга ёш келди.

Тарихи, кечмиши, тақдири бир бўлган икки халқ ўртасидаги сунъий тўсиқлар­нинг олиб ташланиши ҳазрат Алишер На­воий ва Абдураҳмон Жомий амал қилган, асарларида тараннум этилган буюк дўстлик абадий эканининг ҳаётий исботи бўлди. Ўза­ро алоқаларда улкан ўзгаришлар юз берди. Жумладан, 2017 йилда Тошкент — Душан­бе авиақатновининг қайта йўлга қўйилиши, Ғалаба — Амузанг темир йўли тикланиши, Самарқанд — Панжикент халқаро йўли очи­лиши, икки давлат чегарасидаги барча ўтка­зув масканлари иш бошлагани тарихий воқеа бўлди. Айниқса, 2018 йили Президентимиз­нинг Тожикистонга тарихий ташрифи ўзбек- тожик халқлари ўртасида яхши қўшничилик, дўстлик, биродарлик ва ўзаро стратегик ше­риклик соҳаларидаги муносабатларда янги саҳифа очди.

Навбатдаги ташрифда Эмомали Раҳмон Шавкат Мирзиёевни Тожикистоннинг юксак мукофоти — I даражали “Зарринтож” ордени билан мукофотлади. Бу давлатимиз раҳбари­нинг икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш йўлидаги улкан хизматлари эътирофидир.

Энг муҳими, ҳар иккала мамлакатда яшовчи оддий одамлар борди-келди қи­лиши учун тўсиқлар олиб ташланди. Яна яқинлар тўй-маъракаларни, байрамларни бирга ўтказиш, дийдорлашиш имконияти­га эга бўлди. Ҳозир Ўзбекистон ва Тожи­кистон чегара-божхона постлари орқали ҳар куни минглаб одамлар ўтаётир. Бир пайтлар халқларимиз қон-қариндоши бор­лиги туфайли зўрға борди-келди қиларди. Энди исталган инсон саёҳат учун чегарадан бемалол ўтиб-қайтмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг тўғри ва адолат­ли ташқи сиёсати натижасида Марказий Осиё халқлари ўртасидаги дўстлик кўприги қайта тикланди. Ҳар йили бир марта Марказий Осиё давлат раҳбарларининг Маслаҳат учра­шувини ўтказиш анъанага айланди. Эътироф этиш керак, ушбу учрашувлар дўстлик ва ишончни мустаҳкамлаб, узоқ йиллар давоми­да тўпланиб қолган масалаларни ҳал этишда ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янги бос­қичга олиб чиқишда кўприк вазифасини ба­жармоқда.

Жорий йил 31 март куни Тожикистон Республикасининг қадимий ва тарихий шаҳарларидан бири бўлган Хўжандда Ўз­бекистон, Тожикистон ва Қирғизистон раҳ­барлари иштирокида тарихда илк бор уч томонлама саммит ўтказилди. Бу нафақат мазкур давлатлар ўртасидаги муносабат­лар, балки бутун Марказий Осиё миқёсида­ги интеграция жараёнларини янги босқичга олиб чиқишда улкан аҳамиятга эга бўлди.

Мамлакатимизда барча миллат ва элат­лар қатори тожик маданиятини, миллий ва тарихий қадриятларини сақлаш ва ривож­лантиришга ҳам катта эътибор қаратилмоқ­да. Ўзбекистонда тожик миллатига мансуб 1 миллион 700 мингдан зиёд юртдошимиз истиқомат қилиб, юртимизнинг иқтисодий, ижтимоий тараққиётига муносиб ҳисса қўш­моқда.

Биз — ўзбекистонлик тожиклар ўзи­мизни болаларимиз туғилиб, боболаримиз мангу қўним топган шу муқаддас замин фарзандлари деб биламиз. Ўзбекистон эса, ҳеч шубҳасиз, муқаддас Ватанимиздир. Миллатдошларим орасида таниқли олим­лар, тадбиркор ва фермерлар, ўқитувчилар, шифокорлар, турли даражадаги раҳбарлар бор. Улар ана шу туйғу, Ватан меҳри билан яшаётгани учун ҳам бугун катта ютуқларни қўлга киритмоқда.

Юртимизда тожик тилида газета ва журналлар чоп этилиб, телекўрсатув ва ра­диоэшиттиришлар эфирга узатилмоқда. Қолаверса, 255 та мактабда таълим тожик тилида олиб борилади. Бир қатор олий ўқув юртларида тожик тилида таълим берадиган факультетлар ва бўлинмалар фаолият юрит­моқда.

Янги Ўзбекистондаги бағрикенглик сиё­сатига яна бир ҳаётий мисол, яқин йиллар­гача олий таълимдаги тожик гуруҳларига кириш учун тожик тилида тест топшириш имконияти йўқ эди. Натижада билимли бо­лалар қолиб, билимсизлар турли йўллар билан ўқишга кирарди. Мамлакатимиздаги ислоҳотлар сабаб ушбу масала ечим топди. Қувонарлиси, ўтган йилдан бошлаб ўз би­лими билан талаба бўлган юзлаб ёшларимиз ўқишни тамомлаб, ўз соҳаларида фаолият бошлади. Бу мамлакатимизда турли миллат вакилларига нисбатан яратилаётган шароит­ларнинг бир кўринишидир. Яна бир мисол, кейинги йилларда тожик миллатига мансуб 130 дан ортиқ фуқаро юксак давлат муко­фотларига сазовор бўлди. Бу ҳам Ўзбекис­тонда барчага тенг шароит ва имкониятлар баробар эканини намоён этади.

Бизни яна бир ҳолат доим қувонтиради. Президентимиз ҳар бир байрам табриги­да, халқимизга мурожаат йўллаганида ёки чиқишларида ҳамиша “кўп миллатли хал­қимиз” иборасини ишлатади. Тўғриси, бу мамлакатимиздаги кўп миллатли халқимиз доим эътиборда эканидан хурсанд бўлади. Яна бир жиҳат, ҳар йили Наврўз байрамида миллий маданий марказлар кўргазмалари­ни давлатимиз раҳбари шахсан кўздан ке­чириб, марказ раислари ва фаоллар билан самимий суҳбатлашади. Муаммоларимиз, келгусидаги режаларимиз ҳақида сўрайди.

Элнинг обрўсини, унинг моддий бойли­гидан ҳам кўпроқ илм-маърифат, маданият тараққиётига қўшган ҳиссаси оширишига тарихда ҳам, бугун ҳам мисоллар кўп. Шу ўринда тожик тилида ўқитиладиган мактаб­лардан бирини мисол сифатида келтириб ўтмоқчиман. Жиззах вилояти Янгиобод ту­манининг энг чекка ҳудудидаги Чаканд қиш­лоғи ва у ердаги мактабни фақат Ўзбекис­тонда эмас, қўшни Тожикистонда ҳам яхши билишади. Аҳолиси икки тилда сўзлашса-да, қалби, ўй-фикри уйғун бўлган қишлоқдаги 6-умумтаълим мактабида 130 нафарга яқин ўқувчи тожик тилида таълим олади. Ушбу мактаб кўплаб илмли кишиларни тарбия эт­гани боис машҳур бўлган.

Кейинги йилларда ушбу қишлоқдан ети­шиб чиққан саккиз нафар фан доктори ва фан номзодлари турли илмий муассасаларда фао­лият кўрсатаётир. Бугун Янгиободда ва қўш­ни туманларда чакандлик 40 нафардан зиёд шифокор, яна бир қанча бошқа соҳаларнинг малакали мутахассислари ишлаётир.

Чакандликларнинг қанчалик илмга чан­қоқлигини фан олимпиадалари, билимлар му­собақаларида эришаётган ютуқлари, ҳар йили олий мактабга кираётган ёшларнинг кўплиги ҳам кўрсатиб турибди. Ҳозир ушбу мактаб­нинг 40 нафардан зиёд битирувчиси турли олий таълим муассасаларида ўқиётир.

Бу чекка ҳудуддаги қишлоқ мактаби фао­лиятидан бир мисол. Бундай мисолларни бошқа вилоятлардан ҳам келтириш мумкин. Бу давлатимиз томонидан бошқа тилларда ўқийдиган ёшларнинг баркамол вояга етиш­лари учун зарур шароитлар яратилаётгани, дарсликлар ва ўқув қўлланмалари билан тў­лиқ таъминланганига катта эътибор қарати­лаётгани самарасидир.

Республика тожик миллий-маданий марка­зи ва унинг вилоят, шаҳар ва туман бўлимлари бундан буён ҳам асосий эътиборини халқлари­миз ўртасидаги ўзаро ишонч ва дўстликни мус­таҳкамлашга сафарбар этади.

Дарҳақиқат, дўстлик — қудратли куч. Ҳамжиҳатлик, тотувлик, бағрикенглик билан юрт обод бўлади. Айниқса, ўзаро миллий ва этник низолар, диний, ҳудудий келишмовчи­ликлар кучайган бугунги дунёни куч эмас, инсонлар, миллатлар, мамлакатлар ўртасида­ги дўстлик сақлаб қолиши ўз исботини топиб бормоқда. Шу нуқтаи назардан, давлатимиз раҳбарининг фақат ён қўшнилар эмас, глобал миқёсда ўзаро ишончли алоқаларни, ҳамкор­ликни ривожлантиришда узоқни кўзлаб юри­таётган сиёсати халқларимиз ўртасида дўст­лик ришталари мустаҳкамланишига муносиб ҳисса бўлиб қўшилмоқда.

Гуландом СУБҲОНОВА,

Республика тожик миллий-маданий маркази раиси