Мамлакатимизнинг қайси ҳудудларига сув тизими етиб борган, қайси маҳаллаларда эса ичимлик суви йўқ? Яъни аҳолининг  сувга бўлган  эҳтиёжи қай даражада қондирилган?  Уй-жой-коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигида бўлиб ўтган тадбирда шу ва шу каби саволларга аниқ ва пухта жавоб топиш, бунинг учун эса жойлардаги мавжуд ҳолатни “маҳаллабай” кесимида жиддий ўрганиш лозимлиги таъкинланди. Қайд этилдики, фақат бунда қоғоздаги ҳисобот ва маълумотлар билан чекланмай, ҳақиқий ҳолатни жойига бориб ўрганган ҳолда хулоса бериш зарур бўлади.  

Айни вазифани амалга ошириш мақсадида Уй-жой-коммунал хизмат кўрсатиш вазири топшириғиги кўра, вилоятлар кесимида ҳудудий ишчи гуруҳлари, уларнинг маълумотини умумлаштириш ва  мувофиқлаштириш учун эса Йиғма ишчи гуруҳи ташкил этилди.

Муҳими, шакллантириладиган маълумотлар ҳудудлардаги мавжуд сув иншоотларини инвентаризациядан ўтказиш ва янгидан барпо қилинадиган кўп қаватли уйларни ўзида жамлаган замонавий шаҳарчаларни сув билан таъминлашнинг реал имкониятларини кўрсатади, дея таъкидланди тадбирда. 

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Қурилиш вазирлиги ва “Ўзсувтаъминот” АЖ мутахассислари ҳамда тегишли мутасадди ташкилот ва идоралар вакилларидан иборат ишчи гуруҳлари бугундан бу борадаги ишларни бошлаб юборишади.