Маълумки, ўтган йилдан бошлаб Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси томонидан пахта йиғим-терими мавсумида Арбитраж гуруҳлари фаолиятини ташкил этиш йўлга қўйилган эди.

Ушбу гуруҳлар масканларга қабул қилинаётган пахтанинг сифатини аниқлаш, соф вазн билан кондицион вазн ўртасидаги фарқларнинг ҳаққонийлиги ва чегирмаларнинг адолатли қўлланишида масъулдир.

Жорий йилги пахта йиғим-терими даврида ҳам “Ўзагроинспекция”нинг Қашқадарё вилояти бошқармаси, туман бўлимлари қошида Арбитраж гуруҳлари ташкил этилиб, улар белгиланган йўналишда иш олиб боришмоқда.

Айни вақтга қадар вилоятдаги Арбитраж гуруҳларига фермер хўжаликлари ва пахта қабул қилиш масканлари ўртасидаги пахта сифати, вазнини аниқлашда юзага келадиган низоли ҳолатлар билан боғлиқ 24 та мурожаат келиб тушган.

Ушбу мурожаатлар Арбитраж гуруҳи томонидан тўлиқ ўрганилиб, уларнинг  4 таси пахта қабул қилувчи корхоналар, қолган 20 таси эса фермер хўжаликлари фойдасига ҳал этилган.

Жумладан, Миришкор туманидаги “Диёрбек Найистон” фермер хўжалиги мурожаати асосида пахтадан намуналар олиниб, қайта таҳлиллар ўтказилган.  Дастлабки ўтказилган лаборатория таҳлилига кўра, пахтанинг намлиги 8,9 фоиз деб ҳисобланган бўлса, қайта таҳлил натижалари бўйича 8,1 фоиз эканлиги маълум бўлди.

Муборак туманидаги “Жўра бобо” фермер хўжалигининг мурожаатига кўра, Арбитраж гуруҳлари назорати остида синовлари ўтказилганда пахтанинг ифлослик кўрсаткичи 3 фоиз ҳисобланиб, 1,1 га қабул қилинган дастлабки лаборатория таҳлилида 6,5 фоиз ҳисобланган.

Худди шундай, Нишон, Ғузор, Қамаши, Чироқчи туманларида пахтанинг ҳам намлик ҳам ифлослик бўйича қайта синов ва дастлабки синов натижалари орасида фарқлар рухсат этилган меъёрдан юқори эканлиги аниқланган ҳамда низолар фермер хўжаликлари фойдасига ҳал этилган.

Аксинча, жорий йилнинг 4-октябрь куни Яккабоғ туманидаги “Носиров Фаррух” фермер хўжалигининг мурожаатига кўра, қайта синовлар ўтказилганда “Оq saroy Textile” МЧЖ корхона қошидаги тайёрлов маскани лабораторияси пахтанинг ифлослигини дастлабки синовларда 7,8 фоизга фермер фойдасига аниқлангани маълум бўлди. Бу кўрсаткич қайта таҳлилда 8,3 аниқланган ва мурожаат корхона фойдасига ҳал этилган.

Бир сўз билан айтганда, вилоятда тузилган Арбитраж гуруҳлари ва Инспекциянинг ишонч телефонлари жойлардаги барча пахта қабул қилиш масканларига ўрнатилган. Фермер хўжаликларининг мурожаатларига асосан жойига бориб ўрганилиб, пахта хом-ашёсини қабул қилишда соф (физик) вазн билан кондицион вазн ўртасидаги фарқларнинг ҳаққонийлиги ва чегирмаларнинг қўлланилиши бўйича юзага келадиган низоларни адолатли ҳал этиб келинмоқда.

Ойбек ҲАКИМОВ,

“Ўзагроинспекция”нинг Қашқадарё вилоят бошқармаси катта инспектори