Бу йил баҳор мавсумида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида 125 миллион туп кўчат экиш режалаштирилган. Аҳолига камида 10 миллион туп мевали ва манзарали дарахт кўчати текин тарқатилади. Шу йил 2 февраль куни чиқиндилар билан ишлаш тизими ва экологик ҳолатни яхшилаш, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш борасидаги долзарб вазифалар юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида давлатимиз раҳбари “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси бир йиллик тадбир эмас. Унинг доирасида келгуси беш йилда 1 миллиард туп дарахт кўчати экишни мақсад қилганмиз. Бу умуммиллий ҳаракатнинг натижаси ҳар бир маҳаллада кўриниши керак, бу савобли ишни ҳавас билан қилиш керак”, дея таъкидлади.

Ўтган йили куз ойларида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида 85 миллион дона кўчат ўтқазилди. Кўплаб ташкилотлар, маҳаллалар, умуман, кенг жамоатчилик бу савобли ишда жонбозлик кўрсатди. Халқимиз азалдан бу каби ишларни чин кўнгилдан, ҳашар йўли билан амалга ошириб келган. Бежиз “Ҳашар — элга ярашар”, демайди доно халқимиз. Аммо саноат тармоқлари кенг ривожланиб бораётган бугунги тезкор замон дарахт экиш, парваришлаш ишларини ҳам тизимли йўлга қўйиш ҳамда мунтазамликни талаб этади. Мана шу эзгу ғояни амалга ошириш мақсадида 2021 йил 10 декабрда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Маҳалла ва оилани қўллаб-­қувватлаш вазирлиги ҳамда Экология ва атроф-­муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ўртасида “Ҳар бир маҳаллада дарахтларни парваришлаш учун ҳақ тўланадиган жамоат ишларини ташкил этиш тўғрисида”ги қўшма қарор имзоланди.

Қўшма қарорга асосан, ҳар бир маҳаллада дарахт парваришлашга ҳақ тўланадиган жамоат ишларига 1 нафардан ишсиз ва банд бўлмаган фуқаро жалб қилиниши белгилаб олинди. Ушбу хайрли ва масъулиятли вазифа маҳалла фаоллари маслаҳатига кўра, дарахт парвариши бўйича тажрибага эга, аммо ҳозир ишсиз бўлган фуқароларга юклатилмоқда.

Дарахт парваришловчи ходимнинг бир ойлик маоши меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 1,2 баробари миқдорида этиб белгиланади. Бундай ходимлар маҳалла ҳудудида мавжуд кўп йиллик мевали ва манзарали дарахт, буталарнинг ҳисобини юритади. Маҳалла ҳудудида жойлашган хонадонларда истиқомат қилувчи уй эгаларига томорқасидаги дарахтларни парваришлаш юзасидан тавсиялар беради, кўмаклашади. Шу билан бирга, тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда табиий омиллар ёки ўсимлик зараркунандалари, касаллик таъсирида зарарланган, қуриётган ёки қуриб қолган, шунингдек, инсоннинг ҳаёти ва соғлиғи, юридик ва жисмоний шахсларнинг мол­мулки, хавфсизлигига таҳдид солаётган дарахт ва буталарни кесиш ҳамда янгидан экиш, уларнинг турлари бўйича таклиф ишлаб чиқади.

Дарахтларга шакл беради, суғоради, мавсумга мос равишда оқлайди. Минерал ва маҳаллий ўғитлар солиш, кимёвий ишлов бериш орқали парваришлайди, яъни агротехник тадбирларни ўз вақтида ўтказади. Дарахтлар остини тоза сақлаш, тушган хазонларни тўплаш ҳам уларнинг зиммасига юклатилган. Бошқача айтганда, энди маҳаллалардаги ҳар битта дарахтнинг ўз эгаси бор. Жамоат ишлари жамғармаси маблағлари ҳисобидан дарахт парваришловчи фуқаролар учун 10 минг дона махсус кийимга буюртма берилди. Маҳалланинг ҳар бир фуқароси дарахт парваришлаш бўйича масъул инсонни узоқдан таниб олса, қандай яхши! Ушбу хайрли тадбир маҳалладаги фуқаролар, айниқса, ёшлар учун дарахтларнинг қаровсиз, ҳимоясиз, эгасиз эмаслигини яхшироқ англашда катта аҳамият касб этади.

Шу йилнинг январь­февраль ойларида маҳаллалардаги 5001 нафар фуқаро дарахт парваришлашга жалб қилинди ҳамда Жамоат ишлари жамғармаси маблағлари ҳисобидан дарахт парваришловчи фуқароларга 4,5 миллиард сўм маблағ ойлик иш ҳақи сифатида тўлаб берилди. Бу рақам йил давомида кўпая боради ҳамда ҳудудларда ўз натижасини кўрсатади. Ушбу тизим орқали маҳаллаларда дарахтлар сони кўпаяди, экилганлари қаровсиз қолмайди, экологик муҳит яхшиланади. Қолаверса, банд бўлмаган, ишсиз фуқароларга ўз маҳалласида иш ўрни яратилади.

Ушбу ишлар юртимизнинг обод бўлиши, экологик тоза ҳудудга айланиши учун, албатта, ўз ҳиссасини қўшади. Аммо соҳани янада ривожлантириш ва бу борада хорижий тажрибани ҳам ўрганиш мақсадга мувофиқ. Масалан, Нью-­Йоркда ҳар бир дарахт учун персонал карточка тайёрланади ва у орқали дарахт тўла назорат қилинади. Нью­Йоркдаги барча дарахт харитага киритилган ва уларнинг иқтисодий фойдаси ҳисоблаб чиқилган. Ҳар бир дарахтнинг ўз рақами ва интернетда саҳифаси бор. Дарахт тури, сурати, тана диаметри ва аниқ координаталари кўрсатилган. Агар юртимизда ҳам шу тажриба қўлланса, ўзбошимчалик билан дарахтларни кесишга чек қўйиларди.