Чунки замонавий тараққиёт энди фақат ялпи рақамлар, инвестиция ҳажми ёки экспорт кўрсаткичларигина эмас, балки инсон ҳаётидаги ҳақиқий ўзгаришлар билан баҳоланмоқда. Қайси мамлакатда оддий инсон ўз меҳнати орқали қадр топса, келажакка ишончи мустаҳкамланса, ўша жамият барқарор ҳисобланади.
Геосиёсий кескинликлар ва иқтисодий рақобат кучайган шароитда давлат қудратининг ҳақиқий мезони аниқ намоён бўлмоқда: у жамиятнинг энг заиф қатлами ҳаётида қай даражада сезиларли ўзгариш ярата олмоқда? Зеро, бой давлат дегани бой инсонлар жамияти эмас, балки имкониятлар адолатли тақсимланган, меҳнат орқали фаровонликка эришиш мумкин бўлган жамиятдир. Шу маънода, иқтисод мақсад эмас, инсон учун хизмат қиладиган воситага айланмоғи шарт.
Рақамлар ортидаги инсон тақдири
Глобаллашув даврида иқтисодий рақобат, технологиялар ва молиявий ресурслар учун кураш бир томонда бўлса, иккинчи томонда дунё аҳолисининг бир қисми ҳануз фақат асосий эҳтиёжлар учун курашиб яшашга мажбур. Бу қарама-қаршилик нафақат моддий, балки маънавий ҳамдир. Шунинг учун ҳар бир давлат учун иқтисодий ўсишнинг асосий мезони инсон ҳаётидаги ўзгаришлар ва аҳоли учун яратилган барқарор имкониятлардир.
Ана шундай глобал жараёнлар фонида 23 январь куни давлатимиз раҳбари раислигида камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича 2026 йилда амалга оширилиши лозим бўлган вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Бу йиғилиш мазмун-моҳиятига кўра фақат иқтисодий ҳисоб-китоблар муҳокамаси эмас, балки одамлар ҳаётига бевосита таъсир қилувчи муҳим ижтимоий воқеа сифатида аҳамият касб этди.
Давлатимиз раҳбари 2025 йил якунларига тўхталар экан, иқтисодиётда эришилган натижаларни шунчаки рақамлар билан эмас, балки уларнинг жамият ҳаётидаги ўрни билан боғлаб таҳлил қилди. Иқтисодиётнинг 7,7 фоиз ўсиши ва ялпи ички маҳсулот ҳажми 147 миллиард доллардан ошгани, аввало, меҳнат бозоридаги фаоллик, иш ўринлари ва аҳоли даромадлари кўпайиши демакдир.
Иқтисодиётнинг барча тармоқларида ўсиш суръатлари 2024 йилдагига нисбатан юқори бўлгани, хорижий инвестиция ҳажми 43 миллиард долларга, экспорт 33,8 миллиард долларга етгани Ўзбекистоннинг халқаро иқтисодий майдондаги нуфузи ва рақобатбардошлиги ошиб бораётганини кўрсатади. Бу рақамлар шунчаки статистика эмас, балки мамлакатнинг ташқи бозорларда ўз ўрнини топаётгани, ички имкониятлар эса ташқи ишонч билан уйғунлашаётганининг яққол далилидир.
Айни пайтда юқори иқтисодий фаоллик шароитида инфляция даражаси 9,8 фоиздан 7,3 фоизга тушиши аҳоли даромадларининг ҳақиқий қийматини сақлаб қолишда муҳим омил бўлди. Бу ҳолат иқтисодий ўсишнинг сифат жиҳатидан ҳам барқарор эканини англатади. Президентимиз таъкидлаганидек, иқтисодиёт қанчалик барқарор бўлса, инфратузилмани ривожлантириш, ижтимоий соҳаларга сармоя йўналтириш ва аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш имкониятлари шунчалик кенгаяди. Мустаҳкам пойдеворсиз бинo бўлмагани каби барқарор иқтисодиётсиз фаровон ҳаёт ҳам бўлмайди.
Мамлакатдаги ислоҳотлар нафақат иқтисодий ўсишга, балки ижтимоий барқарорликка ҳам қаратилган. 2025 йилда 366 минг оила камбағалликдан чиққани, камбағаллик даражаси 8,9 фоиздан 5,8 фоизга, ишсизлик эса 5,5 фоиздан 4,8 фоизга тушгани бу рақамлар ортида минглаб оилалар ҳаётидаги реал ўзгаришлар, болаларнинг таълимга, катталарнинг эса меҳнат орқали ўз ўрнини топишга бўлган умиди мужассам.
Камбағалликни қисқартириш сиёсати иқтисодий самарадорликдан ҳам кенгроқ маъно касб этади. Бу инсон қадрини тиклаш, меҳнати ва салоҳиятини жамият тараққиётининг асосий омили сифатида эътироф этишдир. Чунки инсон фақат кун кечириш эмас, балки ўз иқтидори орқали ҳаётга маъно киритиш учун яшайди. Давлат сиёсати айнан шу имкониятларни яратишга қаратилганида ислоҳотлар ҳақиқий мазмун касб этади.
Видеоселектор йиғилиши ва унда белгиланган вазифалар нафақат иқтисодий ислоҳотларнинг навбатдаги босқичи, балки халққа хизмат қилиш, ижтимоий адолатни таъминлаш ва инсон манфаатларини устувор қўйиш йўлидаги узвий жараён сифатида намоён бўлди.
Шу ўринда бир мулоҳаза. Бир инсоннинг ҳаётини яхши томонга ўзгартириш фақат бир неча йиллик хизматлар билан чегараланмайди, у бир неча юз йилга татийдиган самара бериши мумкин. Бугун иқтисодий қийинчиликдан чиқиб, имконият ва иқтидорга эга бўлган инсонлар ўзиники билан бирга атрофдагилар ҳаётини ҳам яхшилайди. Уларнинг дунёқараши ва фаолияти оиладан ташқари бутун жамиятда ижтимоий ва маънавий уйғониш нуқталарига айланиши мумкин.
Ҳар бир имконият, ҳар бир дастур ва ҳар бир инвестиция нафақат иқтисодий қадам, балки инсон қадрияти ва унинг ҳаётини яхшилашга қаратилган маънавий ҳаракат саналади. Давлат ва халқ ўртасидаги бу ишонч ва ҳамжиҳатлик замонавий Ўзбекистоннинг тараққиёт йўлидаги энг муҳим устуворликдир.
Камбағалликка қарши комплекс стратегия
Жамиятнинг руҳи унинг энг кичик бирлигида — маҳаллаларда яшайди. Ҳар бир маҳалла нафақат уйлар ва кўчалар йиғиндиси, балки одамлар орзу-умиди, меҳнати ва ижтимоий ҳаётининг марказидир. Шу боис, камбағаллик ва ишсизликка қарши чора-тадбирлар иқтисодий кўрсаткич эмас, балки халққа қаратилган ҳамнафас хизматдир. Ҳар бир яратилган имконият, қўйилаётган ҳар бир қадам маҳалла аҳли ҳаётида сезиларли ўзгариш яратади ҳамда келажак авлод учун барқарор ижтимоий ва иқтисодий меросни таъминлайди.
Маҳалла ислоҳотларнинг асосий “боғи” саналади. Агар маҳаллада ишсиз шахслар ёки камбағал оилалар сақланиб қолса, демак, давлатнинг дастурлари ва қарорлари жойига етиб бормаган, тизим самарасиз ишламоқда. Шу нуқтаи назардан қаралса, маҳалла ва “еттилик” тизими халқ муаммоларини аниқ ва самарали ҳал қилишда асосий механизмдир.
Жорий йил учун камбағалликни қисқартириш бўйича белгилаб қўйилган мақсадлар катта. Жумладан, 1 миллион аҳолини доимий иш билан таъминлаш, 181 минг оилани камбағалликдан чиқариш, камбағалликдан холи маҳаллалар сонини 2,5 баробар ошириб, 3,5 мингтага етказиш ва ишсизлик ҳамда камбағаллик даражасини 4,5 фоизга тушириш. Бу режалар халқ ҳаётида жиддий ўзгариш қилишга қаратилган барқарор стратегиядир. Албатта, бундай маррага эришиш осон эмас. Бу йўлда фаол иштирок этиш ҳар бир шахсдан масъулият талаб қилади. Шунингдек, имкониятларни оқилона ишга солиш ва ижтимоий натижага айлантириш лозим.
Маҳаллаларнинг иқтисодий салоҳиятини оширишда кичик қуёш электр станциялари муҳим восита сифатида эътиборга олинган. Жорий йилда 903 та маҳаллада ҳар бирининг қуввати 300 киловатт бўлган станциялар қурилиши белгиланган. Улар маҳаллада қўшимча даромад манбаи яратиш билан бирга оилаларни иш билан таъминлайди, энергия тежамкорлик ва “яшил” лойиҳаларни амалга ошириш имконини беради.
Бу тадбирлар иқтисодий, ижтимоий ва экологик аҳамиятга ҳам эга. Қуёш энергияси табиатни муҳофаза қилиш, углеводород ёнилғилардан фойдаланишни камайтириш ва атмосферани ифлосланишдан ҳимоялаш имконини беради. Шу билан бирга, маҳаллаларда яшовчи камбағал оилаларнинг даромади ортиб, уларда ижтимоий барқарорлик ва ҳамжиҳатлик пайдо бўлади. Шу маънода, кичик қуёш электр станциялари фақат энергия манбаи эмас, балки маҳалла иқтисодиётининг янги қуввати, барқарор ижтимоий тараққиётнинг муҳим элементидир.
Сўнгги йилларда дунё миқёсида озиқ- овқат хавфсизлиги энг долзарб муаммолардан бирига айланди. Аҳоли сони ўсиши, иқлим ўзгариши ва ресурслар чекланганлиги шароитида ҳар бир давлат ўз ички имкониятларига таяниб, барқарор ечимларни изламоқда. Бу жараёнда қишлоқ хўжалиги, айниқса, аҳоли томорқалари ва фойдаланилмай келаётган ер майдонларини ишга солиш нафақат маҳсулот етиштириш, балки аҳоли бандлигини таъминлашнинг ҳам муҳим манбаи сифатида намоён бўлмоқда.
Бугун юртимизда томорқа маданияти босқичма-босқич шаклланиб бормоқда. Кўплаб оилалар ўз томорқасидан унумли фойдаланиб, нафақат оила эҳтиёжини қондирмоқда, балки бозорга маҳсулот чиқариб, барқарор даромад манбаига эга бўлмоқда. Бу — амалий натижа, реал ҳаёт ҳақиқати. Албатта, гуруч курмаксиз бўлмайди, яъни бу йўлда муаммо ва камчиликлар йўқ эмас. Аммо муҳим жиҳати шундаки, тизим ишлаяпти, тажриба тўпланяпти ва энг асосийси, одамларда ерга, меҳнатга ва ўз имкониятига ишонч ортяпти.
Ана шу жараёнда ишсизлик ва камбағалликни қисқартиришда маҳаллаларнинг ихтисослашуви алоҳида аҳамият касб этмоқда. Хусусан, 903 та “оғир” маҳаллада 100 минг гектар томорқа ва ижара ерлари мавжуд. Агар ҳокимлар ва “маҳалла еттилиги” сув таъминотини яхшилаш, аҳолини уруғ ва кўчатлар билан таъминлаш, иш жараёнини тизимли ташкил этишга эътибор қаратса, аҳоли даромади ва турмуш сифатида сезиларли ижобий ўзгаришлар пайдо бўлади.
Бу йўналишда давлат томонидан қўшимча молиявий механизмлар жорий этилмоқда. Жумладан, томорқа ер эгалари учун кўчат харидининг 50 фоизи қоплаб берилиши, “шпалер”лар учун субсидиялар ажратилиши, томчилатиб суғориш тизимини жорий этиш учун компенсациялар тўланиши белгилангани ердан самарали фойдаланишни рағбатлантириш, меҳнат унумдорлигини ошириш ва аҳолида ўзини ўзи таъминлаш маданиятини шакллантиришга хизмат қилади.
Шунингдек, пиллачилик кооперацияси ва уйда пилла етиштиришни йўлга қўйиш орқали ҳам аҳоли иқтисодий фаоллиги қўллаб-қувватланяпти. Бу соҳада иш бошлаш истагида бўлган оилаларга 20 миллион сўмгача фоизсиз ссуда ажратилиши, йил давомида 2 минг гектар ўрмон ерларининг 4 минг камбағал оилага 50 сотихдан берилиши нафақат даромад манбаи, балки оилалар учун узоқ муддатли барқарор ҳаёт пойдеворидир. Пиллачилик маҳаллаларда қўшимча иш ўринлари яратиб, оилаларни уй шароитида меҳнат билан таъминлаш имконини беради.
Мазкур чора-тадбирлар давлатнинг инсон қадрига муносабатини, ижтимоий адолат ва масъулиятни амалда намоён этишидир. Зеро, ижтимоий барқарорлик ҳар бир оиланинг розилиги ва ҳаётдан мамнунлигида мужассам бўлади.
Бандлик ва даромад манбаи
Ҳар қандай барқарор иқтисодий тизимнинг таянчи кичик ва ўрта бизнесдир. Чунки айнан шу соҳа жамиятнинг энг қуйи қатламларигача етиб борадиган, инсон ташаббуси ва меҳнатини иқтисодий қудратга айлантирадиган муҳим механизм ҳисобланади. Кичик ва ўрта бизнес фақат корхоналар ёки тадбиркорлик субъектлари эмас, балки миллионлаб оиланинг кундалик турмуши, орзу-умидлари ва мустақил ҳаётга интилишининг ифодасидир. Шу маънода, давлат иқтисодиётининг барқарорлиги, аввало, маҳалла ва оила даражасида шаклланган тадбиркорлик муҳитига боғлиқ. Зеро, иқтисодиёт кучли бўлса, жамият барқарор, жамият барқарор бўлса, давлат мустаҳкам бўлади.
Ана шу тамойилдан келиб чиқиб, жорий йилда кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш учун 140 триллион сўмлик кредит ресурслари ажратилиши белгиланди. Бу маблағ нафақат иқтисодий фаолликни ошириш, балки аҳолининг ўз кучига ишончини мустаҳкамлаш, меҳнат орқали фаровонликка эришиш имкониятини яратишга қаратилган. Хусусан, 37 та “оғир” туманда “Оилавий тадбиркорлик” дастури доирасида 12 фоизли имтиёзли кредитлар тақдим этилиши маҳаллаларда янги иқтисодий ҳаракатни бошлаб бериши билан аҳамиятлидир.
Имтиёзли кредитларнинг энг юқори миқдори барча туманларда 1,5 баробар оширилиб, 50 миллион сўмга етказилиши ҳам тадбиркорликни кенг қўллаб-қувватлашга қаратилган аниқ қадамдир. Бу чора маҳаллаларда “иккинчи иқтисодий қават”ни, яъни иш ҳақига қарам бўлмаган, мустақил даромад манбаига эга аҳоли қатламини шакллантиришга хизмат қилади. Зеро, иқтисодий мустақил инсон фаол фуқаро, фаол фуқаро эса жамият таянчидир.
Шунингдек, импорт қилинган ва сертификатланган наслли чорва учун 100 миллион сўмгача, уй меҳмонхонаси, кичик музлаткичлар, маҳсулотни сақлаш ва қайта ишлаш минитехнологиялари учун 150 миллион сўмгача гаровсиз кредит ажратилиши тадбиркорлик турларини диверсификациялашга хизмат қилади. Бу эса маҳаллаларда фақат хомашё етиштириш эмас, балки қўшимча қиймат яратиш, қайта ишлаш ва хизмат кўрсатиш соҳаларини ҳам ривожлантириш имконини беради.
Айниқса, чегара ва анклав ҳудудларда жойлашган 563 та маҳаллада тадбиркорлик лойиҳалари учун кредит миқдорининг 1 миллиард сўмгача оширилиши стратегик аҳамиятга эга. Бу ҳудудларда иқтисодий фаолликни кучайтириш нафақат даромадни оширади, балки ижтимоий барқарорлик ва хавфсизликни таъминлашга ҳам хизмат қилади. Мазкур мақсадда “Оилавий тадбиркорлик” дастурларига ажратилган 3,6 триллион сўмдан ташқари яна 2 триллион сўм қўшимча ресурс йўналтирилиши давлатнинг ушбу соҳадаги қатъий иродасини намоён этади.
Маҳаллалар ихтисослашувини чуқурлаштириш ва маҳсулот етиштиришни рағбатлантириш учун 17 триллион сўм банк кредитлари ажратилиши, уларнинг 4 фоизи маҳсулот етиштиришда, 6 фоизи эса қайта ишлаш лойиҳаларида компенсация қилиниши тадбиркор учун молиявий юкни енгиллаштиради. Бу эса ташаббусни қўллаб-қувватлайди, қўрқув ўрнини ишонч, интилишни эса натижа билан алмаштиради.
Бундан ташқари, маҳалла тадбиркорлари ва ҳоким ёрдамчилари малакасини ошириш мақсадида Хитой, Туркия, Жанубий Корея ва Малайзия каби давлатларга бир ойлик стажировкалар ташкил этилиши ислоҳотларнинг институционал асосини мустаҳкамлайди. Чунки билим ва тажриба билан қувватланмаган ислоҳот барқарор натижа бермайди. Профессионал раҳбарлик ва масъулият эса камбағалликни қисқартиришда ҳал қилувчи омил ҳисобланади.
Бу чора-тадбирлар давлатнинг инсон қадрига муносабатини, ижтимоий адолат ва барқарор тараққиётга интилишини яққол кўрсатади. Кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш орқали иқтисодий ўсиш билан бир қаторда инсоннинг ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш, меҳнат орқали қадр топиш имконияти яратилмоқда.
Шу маънода, кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш фақат иқтисодий сиёсат эмас, балки халқ ва давлат ўртасидаги ишончни мустаҳкамлайдиган, ижтимоий ҳамжиҳатликни таъминлайдиган стратегик йўлдир. Ҳақиқий тараққиёт пул ва рақамларда эмас, балки инсон ҳаётидаги сезиларли ўзгаришларда намоён бўлади. Ана шу ғоя замонавий Ўзбекистон ислоҳотларининг асосий фалсафасини белгилаб бермоқда.
Адолатли подшоҳ Хорун ар-Рашид ҳақида бундай ривоят бор. Бир куни у шикорга чиққан пайтида ўтин териб юрган кекса чолга дуч келади. Подшоҳ одатдагидек дуо сўрайди: “Ота, бизга бир дуо қилинг, овимиз бароридан келсин”. Чол эса қисқа ва маъноли жавоб беради: “Аллоҳим, сенга минг йил умр берсин, болам”. Бу сўз подшоҳни ўйга толдиради. Зеро, дунёда минг йил умр кўрган инсон бўлмаган. Подшоҳ дуонинг маъносини сўрайди. Чол эса хотиржамлик билан жавоб беради: “Болам, тўғри, сен минг йил умр кўрмайсан. Вақти келиб омонат жонингни Яратганга топширасан. Аммо сен бу дунёни тарк этганингдан кейин ҳам қилган адолатли ишларинг, халққа қилган хизматларинг минг йиллар давомида яшасин, одамларнинг хотирасида қолсин деб дуо қилдим”.
Инсон умри унинг яшаган йили билан эмас, балки қолдирган мероси ва халққа қилган фойдаси билан ўлчанади. Шу нуқтаи назардан қараганда, аҳолини камбағалликдан чиқариш ва уларга иқтисодий имкониятлар яратиш ҳам инсонлар учун, ҳам бутун жамият учун минг йилларга татийдиган ҳақиқий хизматдир.
Бугунги кундаги барча дастурлар ва ислоҳотлар, кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш орқали маҳаллаларда имкониятлар яратиш, иш билан таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш йўлидаги барча ҳаракатлар тарихда абадий из қолдириши мумкин. Ҳар бир имтиёзли кредит, ҳар бир инвестиция ва ҳар бир маҳалла тадбиркорлиги фақат иқтисодий натижа эмас, балки халқ ҳаётида сезиларли ижтимоий ва маънавий ўзгаришларнинг очиқ ифодаси. Зеро, ҳар бир имконият ва ҳар бир ижтимоий қадам халққа қайишадиган иш, жамият тараққиётига қўшилган тарихий ҳиссадир.
Сардор ТОЛЛИБОЕВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири