Ўсимликлар дунёси ҳаёт учун зарур кислороднинг асосий манбаидир. Тадқиқотларга қараганда, 1 гектар майдондаги дарахтзор бир кеча-кундузда 220-275 килограммгача карбонат ангидрид газини ютиб, 180-215 килограмм кислород ажратади. Бу миқдор ўртача 500 кишини кун давомида кислород билан таъминлашга етади. Бошқача айтганда, тўртта дарахт бир кишининг кислородга эҳтиёжини қондиради. Шу боис, яшилликни асраш ва кўпайтириш масаласи доимо долзарб.
Мамлакатимизда бу йўналишда ҳам муҳим чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу жараёнда яшил майдонларни кенгайтириш, “яшил” иқтисодиётни ривожлантириш баробарида экологик ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш масаласига жиддий эътибор қаратиляпти.
Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат сиёсатининг устувор йўналишларини белгилаш, табиатни муҳофаза қилиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари бузилишлари профилактикаси, уларни аниқлаш ва олдини олишнинг самарали механизмларини жорий этиш, аҳоли пунктларининг санитария ва экологик ҳолати учун давлат органлари, хўжалик юритувчи субъектлар раҳбарлари ва фуқароларнинг шахсий жавобгарлигини кучайтириш мақсадида 2030 йилгача бўлган даврда Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш концепцияси қабул қилинди. Концепция доирасида тизимли равишда тегишли “йўл харита”лари ва давлат дастурлари амалга оширилмоқда.
Кейинги йилларда аҳоли пунктларини кўкаламзорлаштириш, дарахт ва буталарни муҳофаза қилиш ҳамда яшил майдонларни кенгайтириш борасида тизимли чоралар кўрилмоқда. Хусусан, қимматбаҳо навли дарахт ва буталар кесилишига мораторий жорий қилиниб, мамлакат миқёсида дарахтзорларни кўпайтиришга қаратилган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Дарахт кесиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар профилактикасини самарали амалга ошириш учун “Экологик патруль” тизими йўлга қўйилди. Бу борада Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардия ваколатлари кенгайтирилмоқда. Шунингдек, дарахт ва буталарни қонунга хилоф равишда кесиш учун белгиланган жавобгарликни янада кучайтириш ҳамда ноқонуний кесилган дарахт ўрнига компенсациявий дарахт экиш масалаларини қонун даражасида тартибга солиш ва компенсациявий кўчатларни ноқонуний кесилган жойга экиш мажбуриятини белгилаш чоралари кўрилмоқда.
Ушбу йўналишдаги ҳуқуқбузарликлар профилактикасида сиёсий партиялар, нодавлат нотижорат ташкилотлар фаоллиги яққол кўрина бошлади. Хусусан, иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотлар жараёнида экологик йўналтирилган ёндашув барқарор ривожланишда муҳим омил бўлишини англаган Ўзбекистон Экологик партияси дарахт кесиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар профилактикасида муҳим иштирокчи сифатида фаоллик кўрсатмоқда. Партия ва унинг парламент қуйи палатасидаги фракцияси жамиятда экологик хуқуқбузарликларга қарши парламент ва жамоатчилик назоратини самарали амалга ошириб келмоқда.
Экологик хуқуқбузарликлар профилактикасининг асосий вазифаси жамиятда экологик онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, қонунийликни мустаҳкамлаш, ҳуқуқбузарликлар содир этилиши сабабларини ва уларга имкон бераётган шарт-шароитларни аниқлаш, ўрганиш ва бартараф этиш чора-тадбирларини кўришдан иборат. Мамлакатда ушбу жараённи ташкил этиш кўламидан келиб чиққан ҳолда, мазкур вазифаларни янада кенгайтириш борасида кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда.
Бироқ экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида хуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасидаги чора-тадбирларнинг аниқ манзилга йўналтирилмагани ва уларга комплекс ёндашилмаётгани, шунингдек, ҳуқуқбузарликларнинг тизимли равишда содир этилишига доир сабаб ва шарт-шароитларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш самарадорлиги мавжуд эмаслиги кутилаётган натижаларни бермаяпти. Жамиятда ўсимлик ва ҳайвонот дунёсидан фойдаланиш соҳасида, ер, сув ва атмосфера ҳавосининг ифлосланиши борасида экологик хуқуқбузарликлар содир этилмоқда, улар сони ошиб бориши эса экологик барқарорликка путур етказмоқда.
Ваколатли органларнинг етарли даражада ташаббус кўрсатмагани, идоралараро ҳамкорлик лозим даражадаги йўлга қўйилмагани, кўрилган чора-тадбирларнинг ўзаро номутаносиблиги экологик ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштиришни талаб этди.
Дарахт ва буталарнинг қимматбаҳо навлари кесилишига қарши жорий этилган мораторий институтини мақбул даражада ишлаяпти, дея олмаймиз. Хусусан, бундай ҳуқуқбузарлик 2020 йилда 3960 та, 2021 йилда 4703 та, 2022 йилда 4673 тани ташкил этган. Бу ҳолат амалдаги жарималар етарли даражада тийиб туриш таъсирига эга эмаслигини кўрсатмоқда.
Шу сабабли сўнгги вақтларда дарахтларнинг ноқонуний кесилиши билан боғлиқ ҳолатлар кенг жамоатчилик ҳамда оммавий ахборот воситалари эътирозларини келтириб чиқармоқда. Жумладан, 2022 йил давомида электрон оммавий ахборот воситаларида давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар кесилишига доир 50 дан ортиқ материал эълон қилинган. Жумладан, шу кунларда қурилиши режалаштирилган халқаро автомобиль йўлини реконструкция қилиш лойиҳаси доирасида Сурхондарё вилояти ҳудудида 21,8 минг, Бухоро вилояти ҳудудида эса 28,9 минг, жами 50 мингдан ошиқ дарахт кесилиши кўзда тутилгани эътирозларга сабаб бўлди.
Ўзбекистон Экологик партияси вакиллари ва партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий кенгашлардаги депутатлари, эксперт ва мутахассислар ҳамкорлигида жорий йил 29 июль куни Сурхондарё ва Бухоро вилоятларида ўрганиш ишлари олиб борилди. Ташкил этилган махсус ишчи гуруҳ томонидан кесилишга тушган барча дарахт ва буталар инвентаризациядан ўтказилди ва уларни сақлаб қолиш бўйича тавсиялар берилди. Бугунги кунда йўл қурилиши лойиҳасига ушбу таклифларни инобатга олган ҳолда ўзгартишлар киритишга эришилди.
“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси ижроси юзасидан олиб борилган парламент назорати натижаларида республика бўйича 2022 йилда жами 4,5 миллион туп кўчат суғориш тизимини ҳисобга олмасдан экилгани, 2022 йил баҳор мавсумида экилган 79,7 миллион туп кўчатдан 2,7 миллион тупи сувсизликдан, 1,9 миллион тупи қумли, тошли ерларга, мавсумдан кечикиб ёки касалланган ҳолатда экилиши оқибатида қуригани аниқланган.
Экологик ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш ҳамда бу бўйича фаолиятни мувофиқлаштиришнинг таъсирчан тизимини яратиш, қонун бузилишларининг олдини олиш ва уларни бартараф қилишнинг замонавий ташкилий-ҳуқуқий механизмларини жорий этиш мақсадида қуйидагилар тавсия этилади:
— фуқароларнинг экологик ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш борасидаги ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлаш, шу жумладан, бу борада аҳоли билан тўғридан-тўғри ва очиқ мулоқотни йўлга қўйиш;
— экологик ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва қонунчиликни такомиллаштириш чораларини ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш орқали экологик ҳуқуқбузарликларнинг содир этилиш сабаблари ва шарт-шароитларини аниқлаш, таҳлил қилиш ва бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар самарадорлигини ошириш;
— ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширувчи давлат органларининг мукаммал иш шакли ва услубларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш, шунингдек, профилактик ишлар натижасидан фуқароларнинг қониқиш ҳосил қилиши ва аҳоли билан ҳамкорлик даражасини инобатга оладиган баҳолашнинг аниқ мезонларини жорий этиш;
— идоралараро ҳамкорликни янада ривожлантириш, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини, шу жумладан, видеокузатув, электрон ҳисобга олиш ва ўзаро ахборот алмашиш, идоралараро маълумотлар базалари тизимларини профилактик ишларга кенг жорий этиш;
— жамоатчилик экологик назоратини кучайтириш, ижтимоий ва давлат-хусусий шериклигини ривожлантириш, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан тўғридан-тўғри ҳамкорликни йўлга қўйиш;
— ҳуқуқбузарликлар профилактикасига фуқаролар ва жамоат ташкилотларини рағбатлантириш орқали жалб этиш механизмларини такомиллаштириш лозим.
Бир сўз билан айтганда, экологик ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга ошириш нафақат давлат органларининг, балки шу жамиятнинг аъзоси ҳисобланган ҳар бир инсоннинг вазифасидир. Энг аввало, ўзимиз, оила аъзоларимиз табиат ва жамият олдидаги масъулиятни доимо ҳис қилиб, атрофдаги ҳодисаларга бепарволик билан муносабатда бўлмай, табиат неъматлари қадрига етиб яшаш барчамизнинг кундалик ҳаёт тарзимизга айланиши зарур.
Ислом ХУШВАҚТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати