Гоҳ онадек меҳрибон, гоҳ сингилдек беғубор, гоҳ эса ор-номусдек муқаддас, деб билади. Ватан қалбда яшайди. Уни сўз билан таърифлаш қийин, аммо ҳимоя қилиш барчамиз учун шарафли бурчдир.
Бугун тинч осмон остида яшар эканмиз, бу осойишталик ўз-ўзидан келмаганини англашимиз зарур. Ҳар бир тинч тонг, ҳар бир хотиржам тун ортида фидойилик, жасорат ва масъулият мужассам. Ватан ҳимояси фақат қурол тутган қўллар билан эмас, балки ҳушёр тафаккур, пок ният ва садоқат билан амалга ошади. Шунинг учун ҳам “Ватан ҳимояси — ҳар биримизнинг виждоний масъулиятимиз” деган тушунча бугунги кун руҳига айни мос келади.
Ана шундай юксак ғоя ва мақсадлар асосида мамлакатимиз бўйлаб 2025 йил 15 декабрдан 2026 йил 15 январга қадар “Миллий армия — она юрт қалқони, тинчлигимиз посбони” шиори остида “Ватанпарварлик ойлиги” тадбирлари ўтказилмоқда. Бундай тарғибот тадбирларида Қуролли кучларимиз, ҳарбийлар, хусусан, Фарғона давлат университети жамоаси, унинг ҳарбий таълим факультети ўқитувчи ва талабалари фаол иштирок этмоқда.
Ҳар бир инсоннинг қалбида, энг аввало, ўз ватанига бўлган чексиз муҳаббат ва ҳурмат мавжуд. Бу ҳислар нафақат тарихий меросни, балки келажакка бўлган масъулиятни ҳам ўз ичига олади. Ватан ҳимояси фақатгина армия ёки ҳарбий ташкилотлар иши, деб ўйлаш нотўғри. Аксинча, ватан ҳимоясига ҳар биримиз масъулмиз. Бугун дунёда, иқтисодий, сиёсий ва ахборот соҳаларида кенг тарқалган таҳдидларга қарши бирлашиш ва биргаликда курашиш ҳаётий зарурат.
Ватан ҳимояси биргина ҳарбий жангларда иштирок этиш билан чекланмайди. Ҳар бир фуқаро ўзининг ижтимоий, иқтисодий ва маданий соҳаларда қиладиган ишлари орқали ҳам ватан ҳимоясига ҳисса қўшиши керак. Яхши педагоглар, олимлар, шифокорлар ва бошқа мутахассислар ҳам ўз меҳнатлари билан ватанига хизмат қилади. Уларнинг фаолияти халқни тарбиялаш, билим бериш, соғлиқни сақлаш ва жамиятни ривожлантиришга қаратилган. Демак, ҳар бир инсоннинг ўз соҳасидаги масъулияти ва фидойилиги ватан ҳимоясининг ажралмас қисми саналади.
Иқтисодий мустақиллик ҳам Ватан ҳимоясининг пойдевори. Агар давлат иқтисодий жиҳатдан мустаҳкам бўлмаса, унга ташқи кучлар томонидан таҳдидлар хавфи мавжуд бўлади. Шу боис, иқтисодий ривожланиш ва ўз ресурсларимиздан самарали фойдаланиш ҳар бир фуқаронинг масъулияти ҳисобланади. Харидларимиз, ишимиз, ишлаб чиқаришимиз ва истеъмолимиз миллий иқтисодиётимизни қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида келтирилган иқтисодий кўрсаткичлар бунинг ёрқин намунасидир. 2025 йилда ялпи ички маҳсулот 145 миллиард доллардан ўтди. Жорий йилда экспорт 20 фоизга оширилиб, 33,4 миллиард долларга етказилади, олтин-валюта захиралари илк бор 60 миллиард доллардан ошди. Бу ютуқлар нафақат иқтисодий ривожланишни, балки Ватан ҳимоясининг иқтисодий пойдеворини мустаҳкамлашни кўрсатади, чунки мустақил иқтисодиёт ташқи таҳдидларга қарши энг кучли қалқон.
Ватан ҳимоясининг яна бир муҳим соҳаси — ахборот ва маънавият ҳимояси. Ҳозирги кунда ахборот уруши дунёнинг турли бурчакларида давом этмоқда. Янги технологиялар ва ижтимоий тармоқлар орқали нотўғри, манипуляцион ва хатоликлар билан тўла ахборотлар тарқатилмоқда. Бу ахборотлар фақат давлатлар орасидаги муносабатларни бузиш билан чекланмайди, балки одамлар орасида ўзаро ишончсизлик, нафрат ва ҳасадни келтириб чиқаради. Шунинг учун, ҳар бир фуқаронинг масъулияти тўғри, ҳаққоний ахборотлар тарқатиш ва ёлғонларга қарши туришдир.
Ватан ҳимояси нафақат ҳудудий, балки маънавий ва маданий жиҳатдан ҳам амалга оширилади. Қадриятларимиз, урф-одатларимиз, тилимиз ва миллий анъаналарга бўлган ҳурматимиз ватан ҳимоясининг мустаҳкам пойдевори. Агар биз ўз маданий меросимизни унутиб, унга нисбатан бефарқ бўлсак, бу нафақат келажагимизни хавф остига қўяди, балки халқимизнинг руҳий барқарорлигини ҳам бузади. Шунинг учун ҳар биримиз тилимизни, тарихимизни, миллий қадриятларимизни сақлашга, ёш авлодга ўргатишга масъулиятли ёндашишимиз зарур. Буларнинг бари мамлакатимиз мустаҳкамлигини таъминлайди. Ватан ҳимояси нафақат жанговар ҳаракатларни, балки ижтимоий, иқтисодий, маданий ва ахборот соҳаларида олиб борилаётган ҳаракатларни ҳам ўз ичига олади. Зеро, ҳар бир фуқаро эл-юрт олдидаги ўрнини чуқур англаб, жамиятга ҳисса қўшмоғи олий шарафдир.
Баҳодиржон ШЕРМУҲАММАДОВ,
Фарғона давлат университети ректори,
профессор