– Соҳибқирон бунёд этган бир-биридан гўзал, бетакрор обидалар – Амир Темур жомеъ масжиди, Кўксарой, Бўстонсарой, Амир Темур, Шоҳизинда каби мақбараларни зиёрат қилганимда шундай табаррук ва қутлуғ масканда туғилганимга Яратганга шукроналар айтаман, –– дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, самарқандлик ижодкор Нуриддин Яҳёев. – Она шаҳрим Самарқанднинг 2750 йиллиги олдидан қалбимда жўш урган мисраларни қоғозга туширишга ҳаракат қилдим.
Навоийнинг қадами етган,
Не-не буюк кишилар ўтган.
Авлиёлар хоклари ётган
Азиз шаҳар азим Самарқанд.
Сон-саноқсиз бунда мақбара
Ўша обод шаҳардир қара!
Бунда нон мўл, ҳар неъмат сара
Азиз шаҳар азим Самарқанд.
Кўролмасдан кетганлар қанча
Борсам дея ният қилганча,
Мағрур турар дунё тургунча,
Азиз шаҳар азим Самарқанд.
Ёрлақаган юртдир Худойим,
Обод бўлар кундан-кун доим
Ғурурлангум туғилган жойим –
Азиз шаҳар азим Самарқанд.
Ҳам қадимсан ҳамда навқирон,
Номинг доим тилларда достон.
Сени бугун олқишлар жаҳон
Азиз шаҳар азим Самарқанд.
Нуриддин ЯҲЁЕВ,
шоир