Мазкур сайловларда фуқароларимиз фаол иштирок этиб, ўзининг эркин хоҳиш-иродасини, юксак ҳуқуқий онги ва сиёсий маданиятини яққол намоён этди.

Сайловда Ш.М.Мирзиёев катта фарқ билан ғалаба қозонди ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг ўз лавозимига киришишига бағишланган тантанали маросимда Шавкат Мирзиёев келгуси беш йилга мўлжалланган устувор йўналишлар тўғрисида нутқ сўзлади.

Келгуси беш йилликка мўлжалланган тараққиёт стратегияси етти йўналишдан иборат бўлиши қайд этилди.

Биринчиданэркин фуқаролик жамиятини ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этишга қаратилади ҳамда келгусида давлат функцияларининг катта қисми марказдан ҳудудларга ўтказилади. Марказий идоралар трансформация қилиниб, ихчам ва самарали бошқарув тизими яратилади, бир хил йўналишдаги вазифаларни амалга ошираётган идоралар оптималлаштирилади.

Иккинчи йўналишда адолат ва қонун устуворлигини мустаҳкамлаш, инсон қадр-қимматини таъминлаш вазифалари қамраб олинади.

Учинчи йўналишда миллий иқтисодиётни ривожлантириш, 2030 йилга бориб, жон бошига ҳисоблаганда, аҳоли даромадлари ўртача кўрсаткичдан юқори бўлган давлатлар қаторига чиқиш мақсад қилиняпти.

Тўртинчидан, сифатли таълим-тарбия масаласи доимий эътибор марказида бўлади, ўқитувчиларнинг ойлик маошини изчил ошириб борилиб, 2025 йилга қадар 1 минг доллар миқдорига етказиш кўзда тутилган. Янги мактаблар қуриш, мавжудларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, соҳанинг барча босқичлари ўртасида узвийликни таъминлашга қаратилган Миллий таълим дастури ишлаб чиқилади.

Шунингдек, фуқаролар саломатлигини сақлаш учун барча шароит яратилади. Келгуси беш йилда олий тоифали шифокорлар маоши ҳам 1 минг доллар эквивалентига етказиш режалаштириляпти.

Бешинчи йўналишни асосан маънавий ва маърифий соҳаларни ривожлантириш ташкил этади. Шу мақсадда «Янги Ўзбекистон – маърифатли жамият» концепцияси амалга оширилади. Маданият ва санъатни юксалтириш, ёшларни соғлом эътиқод руҳида тарбиялаш, миллатлараро ҳамжиҳатлик ва ўзаро ҳурматни мустаҳкамлашга устувор аҳамият қаратилади.

Олтинчидан, глобал муаммоларнинг миллий ва минтақавий даражадаги ечимларини топиш, бу борадаги барча саъй-ҳаракатларни уйғунлаштириш зарурлиги таъкидланди.

Еттинчи йўналишда мамлакатимиздаги тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш борасидаги вазифалар ўз ифодасини топган. Қуролли Кучларимизнинг қудрати янада оширилиши, ҳарбийларнинг жанговар шайлиги, жисмоний ва маънавий тайёргарлиги кучайтирилади.

Мазкур муҳим концептуал ҳужжатда ислоҳотларимизнинг узвийлиги ва давомийлигини таъминлаш мақсадида «Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари» деган тамойил асосий ғоя ва бош мезонга айланади.

Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси миллий ривожланишимизнинг янги босқичини бошлаб беради.

Элбек Эшмуродов,

Тошкент давлат юридик университетининг

Ихтисослаштирилган филиали

«Хусусий ҳуқуқий фанлар» кафедраси ўқитувчиси.