Муддатли ҳарбий хизматни ўташ ёшлар учун муваффақият йўлига айланиши кераклигига алоҳида урғу берилди. Эндиликда муддатли ҳарбий хизматнинг янги модели шаклланади. Бу орқали армиядан қайтган ҳар бир аскар касбий кўникмага эга бўлади.
Жойларда бу борадаги ҳаракатлар бошлаб юборилди. Жумладан, Миллий гвардия Фарғона вилояти бўйича бошқармаси касб- ҳунарга ўқитиш тизимини йўлга қўймоқда. Айни пайтда муддатли ҳарбий хизматчилар компьютер графикаси оператори, автомобилларни таъмирловчи чилангар, пайвандловчи ва сартарошлик каби замонавий ҳамда талаб юқори бўлган йўналишлар бўйича сертификат олишга тайёрланмоқда.
Касбий таълим агентлиги Фарғона вилояти бошқармаси бошлиғи Тўйчибой Бойматов берган маълумотлар вилоятда юқоридаги топшириқлар ижросига жадал киришилганини кўрсатади.
— Энди муддатли ҳарбий хизматчиларимиз нафақат ҳарбий хизмат қилади, балки ўз иқтидори доирасида биттадан касб эгаси ҳам бўлиб кетади, — деди Т.Бойматов. — Албатта, ҳозирги кун талаби — ахборот технологиялари соҳаси. AT, хорижий тилсиз бугунги ҳаётни тасаввур қилиб бўлмайди. Шунинг учун бу йўналишларга малакали мутахассисларни жалб қилганмиз. Улар муддатли ҳарбий хизматдаги аскарларимизга таълим-тарбия беришга тайёр.
Касбий таълим Фарғона вилояти бошқармаси негизидаги 67 та техникум ва касб- ҳунар маркази имкониятларидан фойдаланган ҳолда ҳарбий хизматчиларга чилангар, пайвандловчи, компьютер техникаси оператори, шунингдек, маркетинг бўйича мутахассис, кадрлар ва махсус ишлар бўйича инспектор, официант, автомобилларни таъмирлаш чилангари, AutoCad дастурчиси, сартарош ва электромонтёр каби касб-ҳунарлар ўргатилмоқда.
Муддатли ҳарбий хизматчи Самандар Турсунов аскарларнинг машиналарга техник хизмат кўрсатиш, сантехниклик бўйича касб-ҳунар эгаллаётганидан мамнун.
— Бу ҳунар бизга келажакда ўз ишимизни, ўрнимизни топишимизда ёрдам беради. Чунки ҳамма аскарлар ҳам муайян касбни эгаллаб улгурмаган. Хусусан, ўзим ҳарбий хизмат даврида техникага хизмат кўрсатишни ўрганяпман, шу йўналиш бўйича ўқияпман. Қисқа муддатда ишга қўлим келиб, малака, тажрибам ошиб боряпти, — дейди аскар.
Шарқий ҳарбий округ Фарғона гарнизонидаги ҳарбий қисмларда муддатли хизматни ўтаётган аскарлар учун Фарғона шаҳридаги 4-техникум билан ҳамкорликда касб-ҳунар ва хорижий тилларни ўргатишга қаратилган ўқув машғулотлари йўлга қўйилди.
Шарқий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони ўринбосари, полковник Меҳриддин Қўчқоровнинг айтишича, 2025-2026 йилда хизмат қилаётган муддатли ҳарбий хизматчиларни икки ой мобайнида касб- ҳунарга, қолаверса, чет тилларга ўргатиш мақсад қилинган. Бундан ташқари, Шарқий ҳарбий округ ҳудудида жойлашган Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятларида ҳам муддатли ҳарбий хизматчиларни айнан шу йўналишларда ўқитиш устида ишланяпти.
Фарғона шаҳридаги 4-техникум директори Равшан Умаров эса бугун ҳарбий хизматчиларга ҳам хизмат қилиш, ҳам касб эгаллаш имкони берилгани улар орқали жамиятга сезиларли манфаат келтиришини таъкидлади. Унинг айтишича, техникумга энг охирги русумдаги дастгоҳлар келтирилган. Халқаро таълим дастурига тушган тўртта йўналишда 120 аскарга малакали, илмий даражаси бор ўқитувчилар дарс беряпти. Бу эса аскарларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, келгусидаги касбий фаолиятига мустаҳкам пойдевор яратади ҳамда ҳарбий хизматдан кейинги ҳаётга мослашувини осонлаштиради.
Муддатли ҳарбий хизматчи, оддий аскар Шоҳрух Ёқубов АT ва ҳарбий хизматда керак бўладиган киберхавфсизлик бўйича малака оширяпти. У яратилаётган бугунги шароитлар ёшларнинг армияга қизиқишини оширишга хизмат қилиши ҳақида ишонч билан гапирди.
Муддатли ҳарбий хизматчиларни меҳнат бозорида талаб юқори касбларга йўналтириш мақсадида қисқа муддатли ўқув курсларига жалб этиш ишлари барча ҳудудларда жадал олиб бориляпти. Зеро, бу ўз вақтида ва тўғри ўйланган эзгу ташаббуслардан бири бўлди. Бугун ҳам ҳарбий хизматни ўтаб, ҳам касб-ҳунар эгаси бўлиб кетиш нечоғлиқ манфаатли эканини ёшлар яхши билади.
Миллий гвардия Қашқадарё вилояти бўйича бошқармаси ҳамда Қарши шаҳрида жойлашган Касбий кўникмалар маркази ўртасида ўзаро ҳамкорлик йўлга қўйилди. Ҳамкорлик доирасида муддатли ҳарбий хизматчилар белгиланган тартибда икки ойлик қисқа муддатли ўқув курсларида таҳсил олмоқда. Айни пайтда улар электромонтёр, чилангар ҳамда сантехник йўналишлари бўйича касбий билим ва амалий кўникмаларни эгалламоқда.
Қарши шаҳридаги Касбий кўникмалар маркази бош мутахассиси Ҳулкар Рўзиқулова марказнинг Миллий гвардия Қашқадарё вилояти бўйича бошқармаси билан касбга ўқитиш борасида меморандум имзолаганини маълум қилди. Мақсад — муддатли ҳарбий хизматчиларни касбга ўқитиш, ҳарбий хизматдан қайтганларни иш билан таъминлаш. Ўқув курсларини муваффақиятли якунлаган муддатли ҳарбий хизматчиларга давлат намунасидаги сертификатлар топширилиши режалаштирилган. Бу уларнинг ҳарбий хизматдан сўнг доимий иш билан таъминланишига кенг имконият яратади.
Муҳим жиҳатлардан бири, аскарларнинг ўқувларни якунлаганлик бўйича сертификатлари ўзбек, рус ва инглиз тилларида расмийлаштирилади. Хизматни тугатган ёшлар нафақат мамлакатимизда, балки хорижий давлатларда ҳам ўз касби бўйича ишлаши мумкин.
Ҳарбий хизмат даврида касбга ўқитиш тизими жорий этилиши бир неча муҳим масалаларга ечим бўлади. Юқорида айтилганидек, ёшларнинг ҳарбий хизматни ўташга қизиқиши сезиларли даражада ортади. Хизматни тугатиб қайтганларнинг ишсиз қолиш хавфи камаяди. Зеро, касб- ҳунарли ёшларда ўз кучига ишонч ортади. Уларда тадбиркорлик ёки меҳнат фаолиятини бошлашга интилиш кучаяди. Бу эса камбағалликни камайтириш, оилалар фаровонлигини таъминлаш йўлидаги саъй-ҳаракатларимиз самарадорлиги янада ортишини таъминлайди.
Муножат МЎМИНОВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири