Биз собиқ шўролар салтанати урушдан ҳориб чиққан, жанггоҳдан ҳолсиз қайтган оталар фарзандларимиз. Биз “эркатой”лар учун толёғоч тулпору патнис машина, нонқовурдоқ палову атала энг севимли таом бўлгани ҳам ҳақиқат.

Мактабга чиқишимиз ота-онамизни унчалик хурсанд қилган, деб бўлмайди. Чунки жўжабирдай жонни қорнидан орттириб, шунчаки кийинтириш, энг зарур китоб-дафтар олиб бериш ҳам ночоргина кун кўрувчи оила бошиларимизга осон кечмаган. У замонларда боғча у ёқда турсин, қишлоғимиздаги ягона мактабда парта ва синф хонаси етишмасди. Тағин бошланғич синфлардаёқ болаликнинг ўзига хос “йўналишлари” белгилаб қўйилганди. Бу уйимиз – мактаб — колхоз даласи ва яна уйимизни ўз ичига олар, яъни эрталаб мактабга ўқишга борардик, бир-икки соат тиғизлаштирилган дарсларни ўқигандан кейин яна далада ишлаб, хуфтонда уй-уйимизга қайтардик.

Айниқса, пахта яккаҳокимлиги даврида бирорта оммавий дала юмуши, у яганами, ўтоқ, чопиқ ё чеканка, бизни четлаб ўтмасди. Пахта йиғим-теримини-ку асти сўраманг. Терим бошланганда далага кетиб, зах шийпонларда тунаб, мавсум якунланганда уйларимизга қайтардик. Турғунлик  деб аталган йилларда сентябрда теримга тушиб, янги йилдан ўқишга чиққанимиз ҳам лоф эмас. Ҳа, мактабимиз ҳам, ўйингоҳимиз ҳам, дам олиш жойимиз ҳам ҳайҳотдек далалар эди, десам ҳозирги давр ёшлари ишонмаслиги турган гап. Аммо бу айни ҳақиқат экани ўша замон уқубатларини ўз бошидан кечирганлар учун заррача исбот талаб қилмайдиган аксиома.

Сира ёдимдан чиқмайди: Сулаймонов ва Азизхўжаев деган ўқитувчиларимиз спортга ихлосманд бир гуруҳ болаларнинг битта стадион қуриб беришни сўраб, юқорига ёзган аризасини уюштирганликда айбланиб, ишдан четлатилган эди. Бундай сиёсат замирида қандай манфаат ётганига ҳали-ҳануз ақлим етмайди. Унинг мазмунида маҳаллий миллат болаларидан таниқли, машҳур спортчилар чиқиб қолишининг олдини олиш лозим, деган ғоя ётган бўлса, ажабмас.

Яна бир ҳолатни ҳамон ажабланиб хотирлайман. Етмишинчи йилларда бокс бўйича жаҳон чемпионатида ўзбекдан битта чемпион чиқди. У Руфат Рисқиев эди. Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари хушхабарга фавқулодда оламшумул тус бериб, роса жар солди. Ҳатто расмий матбуотларимиздан бирида эълон қилинган “Тошкент йўлбарси” мақоласи вилоят, туманларда чиқадиган газеталарда кўчириб босилиб, анча шов-шувлар кўтарилди. Ҳа, ўзбекдан чемпион чиқиши ўша давр учун кутилмаган ҳодиса эди. Бироқ менга алам қилгани, миллатимиз толеига битган биттагина чемпион ҳақида собиқ мамлакатнинг марказий матбуоти юракни “жиз” эттирадиган бирорта чиқиш уюштирмади.

Собиқ иттифоқ “гуллаб-яшнаган” ўша вақтларда унинг терма жамоасига жалб этилган машҳур футболчимиз Биродар (Эркин) Абдураимов армияга олиниб, армия клубидан собиқ иттифоқ терма жамоаси таркибига киритилган ва хориж жамоаларидан бирига қарши ўйинда ажойиб зарба билан рақиб дарвозасини ишғол этган эди. Ўшанда уни тошкентлик, ўзбек деб эмас, “армиячи” деб эълон қилишганда томошабинлардан бири “Шундай миллат ҳам бор экан-да”, дея истеҳзоли кулган, ичимизда эса, очиғи, эзилган эдик.

Дарвоқе, жисмоний тарбия фанини дарснинг охирига суриб, унинг ҳисобига кўча тозалаш ёки дала ишларига сафарбар этилардик. Жисмоний чиниқиш омили бўлган мазкур фандан қилган яганамиз, ўтоғимиз ёки терган пахтамиз миқдорига қараб баҳо олардик. Бизда бу билан нафақат спортга эътиборсизлик, балки меҳнатга ҳам нафрат уйғотиларди. Лекин холисанилло айтганда, бу каби йўқотишлар ўрнини мустақил мутолаа, тинимсиз изланиш, ўқиш, ўрганиш эвазига тўлдириб олишлар бизга кўп асқотганини энди яхши ҳис этмоқдамиз. Зеро, қишлоқдаги ўша даҳмазалардан қочиш, фориғ бўлишнинг бирдан-бир йўли “аъло” баҳоларга ўқиб, тезроқ олий ўқув юртларига кириш ва тузукроқ шахсга айланиш, иложи бўлса, пойтахтда, ҳеч бўлмаганда, бирорта каттароқ шаҳардан иш топиб қолиш эди.

Таассуфки, бизни олий ўқув даргоҳида ҳам ҳозиргидай жаҳон андозалари талаблари даражасидаги шароит эмас, балки олдингидан баттарроқ оғир дала ишлари кутиб, “қайноқ” оғушига оларди. Интилишларимиз, орзу-ҳавасларимиз, келажагимиз, иқтидоримиз, ақлий, жисмоний такомилга эришувимиз на раҳбарият, на давлат аҳамиятига молик, аксинча, “ўзинг учун  ўл етим”, “ўзингни ўлдир, пахта режасини тўлдир” қабилида эди. Маънавий камолот тушунчаси эса, хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, анқонинг уруғи бўлган. Мана, сизга собиқ шўролар жамияти ва пахта яккаҳокимлиги даврининг бош сиёсати.

“Э, эски гапларнинг мустақиллик даври, рўшнолик замони, эркинлик даврони учун нима дахли бор?” дегувчилар ҳам топилади. Шундайларга айтмоқчимизки, куннинг қадри тунга, яхшиликнинг қадри ёмонликка, эзгуликнинг қадри ёвузликка солиштирилганда равшан кўринади. Демоқчимизки, фаровон замонамиз, озод мамлакатимиз, кундан кун равнақ топиб, яшнаётган диёримиз ва шунга яраша тубдан ўзгараётган тафаккуримиз, онгимиздаги истиқлолий эврилишлар тўғрисида сўзлаш, унинг мазмун-моҳиятини батафсил очиб бериш учун шундай таққослар, таҳлиллар, таъсирчан муқоясалар керак, албатта.

Илгари “Онг бирламчими ёки борлиқ?” деган фалсафий саволга аксарият файласуфлар аввал онг, кейин борлиқ, дер эди. Бу, эҳтимол, тўғридир. Гап бунда эмас. Гапнинг индаллоси, бизда, яъни Ўзбекистонимизда мустақиллик шарофати билан объектив борлиқ объектив онгдан илгарилаб кетди. Қисқа давр мобайнида Тошкентда  янги Мустақиллик майдонини, муҳташам Халқаро форумлар саройию, “Тошкент сити”, дунё талабларига жавоб берадиган стадион, Алишер Навоийнинг муборак номи билан аталгувчи бетимсол кутубхона, “Маърифат маркази”, Самарқандда қад ростлаган “Боқий шаҳар” мажмуаси ёки биргина Намангандаги “Афсоналар водийси”, “Ёшлар зиё маскани”, Ибрат ижод мактабию Президент мактаби сингари ҳашаматли кошоналар фақат бизнигина эмас, балки ажнабий сайёҳларнинг ҳам янги Ўзбекистон тўғрисидаги тасаввурларини тубдан ўзгартириб юборгани бор гап.   

Айтиб адоғига, санаб саноғига етиб бўлмайдиган бепоён ва кўламдор ишларимиз ким учун, кимнинг манфаати учун, биз уларни кимга қолдирамиз?! Бу саволларга Президентимизнинг асрий орзуларимизни ўзида мужассам этган биргина ибораси энг жўяли жавоб бўлиши аниқ: “Бутун куч ва салоҳиятимизни ягона улуғ мақсадимиз – янги Ўзбекистонни барпо этишга қаратамиз”. Бунинг меросхўри, шубҳасиз, бугунимиз ва эртамизнинг эгалари саналмиш жондан ширин фарзандларимиздир. Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 14 июль санасида ўз лавозимига киришиш маросимида сўзлаган маърузасини тингларканман, беихтиёр хаёлимдан яна бир бор юқоридаги фикрлар ўтди.

Мунтазам равишда болалар спорти объектлари, жумладан, Наманганда “Океан” номли бетимсол сузиш ҳавзаси, мусиқа ва санъат мактаблари барпо этилгани, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш ишлари изчил давом эттирилаётгани, мазкур объектларнинг аксарияти қишлоқ жойларда ишга туширилгани, шу мақсадлар учун миллиардлаб сўм йўналтирилгани менга кўтаринки илҳом бағишлаб, мушоҳадаларимни ўртоқлашишга рағбат уйғотади.

Зеро, серқуёш диёримизда наслимизнинг жисмонан соғлом, руҳан тетик, ақлан етук ва маънан баркамол бўлишини кўзлаб қилинаётган оламшумул, улуғвор ишлар профессионал спортчиларни тарбиялашда ғоят муҳим ўрин тутаётгани қайси зиёлига, қайси ижодкорга ўзгача завқу шавқ, баланд кайфият улашмайди? Вилоят, шаҳар ва туманлар марказларига-ку, гап йўқ, ҳатто қишлоқ ва маҳаллалардаги ободлик, хусусан, спорт майдончалари, сузиш ҳавзалари, теннис кортлари келгусида ёшларимизнинг жаҳон майдонида катта довруқлар солиб, Ўзбекистонимизнинг халқлараро, давлатлараро нуфузини янада оширишига ишончли асослар эмасми, ахир?!

Ватанимизнинг халқаро майдондаги обрўсини оширишга салмоқли ҳисса қўшган талайгина истеъдодли йигит-қизлар давлатимизнинг юксак мукофотлари билан доимий тақдирланаётгани ёшларга қаратилаётган эътиборнинг яна бир амалий ифодаси экани, бошқа тенгдошларида ҳам тинимсиз интилиш, тўхтовсиз изланиш туйғусини уйғотиши рост.

Президентимиз чиқишларида кўтарилаётган долзарб масалалар, илгари сурилган ғоялар, ижтимоий соҳани ривожлантириш, аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифатини янада ошириш бундан буён ҳам диққат марказида бўлиб қолиши, янги таҳрирдаги Конституциямизда юртимиз ижтимоий давлат сифатида эътироф этилгани ва кўзланаётган улкан мақсадлар замирида ҳам беихтиёр соғлом оналик ва беғубор болалик манфаатлари ётибди.

2023 йилда юртимизда болалар таълими ва тарбияси, баркамол авлод сифатида улғайиши учун ўқув-тарбия ишларига алоҳида урғу қаратилаётгани, Ахсикентни ЮНЕСКО рўйхатида турган тарихий шаҳарлар қаторида қарийб уч минг йиллигини нишонлаш, асрий орзумиз бўлган адабиёт музейи барпо этиш, ўзбек қўшиқчилик санъати дарғаларидан бири, Ўзбекистон халқ артисти Камолиддин Раҳимов ижодини ёш авлод онгига чуқур сингдириш ниятида мусиқа ва санъат мактаби қуриш, мавжудларини реконструкция қилиш, уларни зарур анжом ва ускуналар билан таъминлаш юзасидан устувор вазифалар белгилаб олингани, узлуксиз йўл қўйилаётган айрим камчиликларни бартараф этиш чоралари қатъий тизимлаштирилаётгани ёруғ истиқболдан далолатдир.

Шийпон болалар боғчаси-ю, қопдан ясалган беланчак диванимиз бўлган, болалиги далаларга, эгатларга сочилиб кетган биздек собиқ болалар учун ҳозир вилоятларда қарийб 80 фоиз боланинг сароймонанд болалар боғчаларига жалб этилаётгани худди афсонадай бўлиб кўринади. Шу натижаларга атиги 5-6 йилда эришилгани эса чинакам ҳайратланарли. Гап бу имкониятлардан унумли фойдаланиш, самарадорликка эришишда. Ана шундай мактабгача таълим ташкилотида тарбия олаётган 5 ёшли Нури Муҳаммад исмли неварам баъзи жиҳатларда менга сабоқ ўтаётгани, 4 ёшли Муҳаммад Юсуфим ўзбекчадан ташқари рус ва инглиз тилларида бурро гапираётгани ўша самарадорликнинг ёрқин мисоли!

Дарҳақиқат, мустақиллик даври ёшларига, болаларига ҳар қанча ҳавас қилсангиз арзийди. Бу эса ижодкорга беқиёс мамнунлик, ифтихор ва туганмас илҳом бахш этиши табиий:

Чеҳрангда балқиган Қуёшинг сенинг,

Не тонгки, бахтингни кўрсатар аён.

Сендадир бутун ўй-хаёлим менинг,

Ҳавасим келади сенга, болажон!

 

Сен каби чоғларим ўйлаб сарсари,

Хаёлда ўтмишим бўлса намоён.

Бечора дамларим ёдлаган сари

Ҳавасим келади сенга, болажон!

 

Ер-кўкка сиғмаган онларим онам

Дердилар: ер қаттиқ, йироқдир осмон.

Ушбу кун сен учун муяссар олам,

Ҳавасим келади сенга, болажон!

 

Дунёга разм сол, атрофга қара,

Қайда бор сендаги шароит, имкон?

Оламни бўйласам яна юз карра,

Ҳавасим келади сенга, болажон!

 

Гиргиттон бўлайин, ўргилсин аканг,

Ҳамиша шу эл, юрт ишқи билан ён.

Бугундан фаровон чароғон эртанг,

Ҳавасим келади сенга, болажон!

Зиёвиддин МАНСУР,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси

 Наманган вилояти бўлими раҳбари,

“Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби