Давлатимиз раҳбарининг шу йил 9 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ички ва зиёрат туризмини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида юртимизда яшаб ўтган буюк алломаларнинг мақбаралари, табаррук қадамжоларни обод қилиш орқали сайёҳликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилган. Бу бежиз эмас. Зеро, мамлакатимизга келаётган туристлар оқими охирги уч йил мобайнида мусулмон ўлкалар ва араб диёрларидан келадиган сайёҳлар ҳисобига сезиларли даражада ошди. Бу ўринда Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарларидаги улуғ қадамжолар аҳамиятини алоҳида таъкидлаш лозим.
Самарқанд зиёрат туризм соҳасида улкан салоҳиятга эга вилоятлардан. Қадимда ҳам бу ҳудуд турли ўлкалардан келган сайёҳларни ўзига ром этган. VII аср бошларида Марказий Осиёда бўлган хитойлик элчи Вей Цзе “Самарқанднинг барча аҳолиси моҳир савдогар, бола беш ёшга кириши биланоқ унга савод ўргата бошлайдилар, ўқишни билиб олганидан сўнг уни савдо ишларини ўрганишга мажбур этадилар”, деб ёзган.
Самарқанд қарийб уч минг йиллик тарихга эга бўлган ҳудуд сифатида дунёга танилган. У ўрта асрларда ҳам илм-фан, маданият, савдо ва ҳунармандчилик ривожланган шаҳар бўлган. Машҳур араб сайёҳи Ибн Баттута “Саёҳатнома асарида “Дунёда Самарқанд каби ҳавоси мусаффо, осмони мовий, замини кўм-кўк, суви зилол, аҳолиси гўзал хулқли ва хориждан келган инсонларга муҳаббат ва дўстона муносабат қиладиган жаннатмонанд шаҳарни кўрмадим”, дея таъриф этган.
Ҳозир ҳам Самарқанд дунё аҳлини туристик кенг имкониятлари билан ўзига ром этиб келмоқда. Ҳар йили бу шаҳарга дунёнинг кўплаб мамлакатларидан минглаб сайёҳлар келади. Вилоятда ҳозирги кунда 1851 та моддий-маданий мерос объекти мавжуд бўлиб, улар орасида зиёрат қилиниши мумкин бўлган жойлар жуда кўп.
Самарқандда кўплаб мадраса, масжид ва ислом билимлари ва фаннинг турли соҳаларига ҳисса қўшган буюк алломалар абадий қўним топган мақбаралар мавжуд. Шоҳи Зинда, Руҳобод, Имом Бухорий, Имом Доримий, Имом Мотурудий, Махдуми Аъзам Даҳбедий, Хожа Аҳрор валий, Шайх Худойдод валий ва бошқа кўплаб зиёратгоҳлар шулар жумласидан.
Ислом дини ҳамда мусулмон уммати эътиқодини мустаҳкамлашда буюк ишлари билан ном қозонган алломалар абадий қўним топган манзилларни ўрганиш, уларни ободонлаштириш ишлари узлуксиз олиб борилиб, зиёрат қилинадиган масканларга айлантирилмоқда. Бундай жойлар нафақат юртимиз аҳли, балки ислом олами учун ҳам табаррук маскан ҳисобланади. Мазкур омиллар сўнгги йиллар давомида юртимизда зиёрат туризмини ривожлантириш, уни жаҳон миқёсига олиб чиқиш учун асос бўлиб хизмат қилди. Натижада бу борада салмоқли ютуқлар қўлга киритилди.
Самарқанддаги Шоҳи Зинда Қусам ибн Аббос қабри маҳаллий ва хорижий туристлар зиёрат қиладиган манзилларидан бири ҳисобланади. Бу зот мaқбaрaси қaдимдa ҳам халқаро даражадаги зиёратгоҳ бўлиб, кўплаб хорижий сайёҳлар зиёрат қилган. Ибн Баттута Самарқандга саёҳатида Қусам ибн Аббос қабрини зиёрат қилиб, ўз асарида қуйидагиларни ёзиб қолдирган: “Самарқанд ташқарисида Қусам ибн Аббос ибн Абдумутталибнинг қабрлари бор. Самарқанд аҳолиси душанба ва жума кунлари шу қабрни зиёрат қилиш ниятида бу ерга келадилар. Тоторлар (туркий ҳалқлар) ҳам қабрни зиёрат этиш учун келадилар ва улуғ назрлар қиладилар (кўплаб пул садақа қиладилар), дирҳам (кумуш пул) ва динор (олтин пул) эҳсон этадилар. Буларнинг ҳаммаси зиёратчиларни таъминлаш ҳамда зовия (хонақоҳ) ва мақбарада хизмат қилувчиларнинг таъминотига сарфланади”.
Шоҳи Зинда мажмуасидаги туристларни ўзига тортадиган яна бир асосий жиҳат меъморий обидалардаги араб ва форс хатида ёзилган битиклардир. Мажмуанинг деярли барча иншоотида Қуръон оятлари, ҳадиси шарифлар ва ҳикматли сўзлар битилган. Қомусий аллома, фақиҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур “Бобурнома” асарида бундай дейди: “Ер юзида Самарқанддек гўзал ва ёқимли шаҳар камдир. Ҳеч бир душман қаҳр ва ғалаба билан унга йўл топмагани учун уни “Балдаи маҳфуза” (қўриқланган, муҳофазага олинган шаҳар) дейдилар. Саҳобадан Қусам ибн Аббос у ерга боргандир. Ҳозирда мозори (Шоҳи Зинда) машҳурдир”.
Самарқандда зиёрат туризмини ривожлантиришдан кўзланган асосий мақсад бу ерга келадиган сайёҳлар сони ва вилоятнинг сайёҳлик салоҳиятини ошириш ҳамда Ўзбекистоннинг ислом дунёсидаги зиёрат туризми марказларидан бири сифатида халқаро миқёсда эътироф этилишига эришишдан иборат. Зиёрат туризми, яъни муқаддас жойларни зиёрат қилиш икки асосий йўналишни ўз ичига олиб, булар экскурсиявий-маърифий ва диний туризмдан иборат. Зиёрат туризми учун диний қадамжоларнинг ўзи етарли эмас. Сайёҳларни жалб қилиш учун тарғибот ишлари яхши йўлга қўйилиши, қулай виза тартиби, аэропорт, меҳмонхоналарда ибодат амалларини бажариш учун шарт-шароитлар бўлиши керак.
Имом Бухорий зиёратгоҳи ислом оламининг Самарқанддаги табаррук маскани бўлиб, ҳар йили бу ерга нафақат юртимиз, балки бошқа мамлакатлардан ҳам минглаб, миллионлаб мусулмонлар зиёрат учун келади. Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 10 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, қисқа муддатда марказ қуриб битказилиб, унда Имом Бухорий ҳаёти ва илмий сафарларини акс эттирган музей ишга тушди. Марказ ёнида ёшларга ислом билимлари, хусусан, ҳадис илмини чуқур ўргатадиган “Ҳадис илми мактаби” ҳам таъсис этилди. Айни кунларда мазкур илм даргоҳларида илмий тадқиқот ва изланишлар олиб борилмоқда.
Самарқандга келган нуфузли меҳмонлар ва давлат арбоблари Имом Бухорий мақбарасини зиёрат қилиш билан бирга ушбу табаррук масканларда олиб борилаётган ишлар билан ҳам танишмоқда. Давлатимиз раҳбари шу йил 11 февраль куни Самарқанднинг туризм салоҳиятини, шу жумладан, зиёрат туризмини ривожлантириш бўйича лойиҳалар билан танишган эди. Лойиҳага кўра, Имом Бухорий мажмуасидаги қурилиш-ободонлаштириш ишлари жараёнида бобомиз мақбараси ҳозирги кўриниши сақланган ҳолда реконструкция қилинади. Шу пайтгача мақбара остидаги қабрни зиёрат қилиш учун етарли шароит мавжуд эмас эди. Янги лойиҳада қабр атрофи кенгайтирилиб, зиёратчилар учун ҳар томонлама қулайлик яратиш кўзда тутилган.
Шунингдек, саккиз минг ўринли масжид қурилади. Мажмуа атрофида тўртта улкан минора қад ростлайди. Ҳозирги айвонларга қўшимча равишда ички ва ташқи айвонлар барпо этилади. Маҳаллий ва хорижлик зиёратчиларга қулайлик яратиш учун замонавий меҳмонхоналар, халқаро андозаларга тўла мос келадиган маиший хизмат ва санитария-гигиена шохобчалари қурилади. Қайд этилишича, мажмуада қурилиш ишлари жараёнида бу ердаги тарихий булоқ ва бир неча юз йиллик чинор дарахтларига зиён етказилмайди. Уларни асраб-авайлаш, ўз ҳолида сақлаш учун барча зарур чоралар кўрилади.
Имом Бухорий хазратлари вафот этган 870 йилда азим Самарқанднинг Мотурид деган маҳалласида илоҳиёт илмининг бўлғуси ёрқин юлдузларидан бири, калом илмининг асосчиси Имом Абу Мансур Мотуридий дунёга келади.
У киши ўз илмий ижоди билан юксак мартабага эришди. Табаррук номи хилма-хил шарафли унвонлар билан зикр қилинганки, эҳтимол, бутун мусулмон оламида ҳеч қайси аллома бундай фазилатли унвонлар билан зикр этилмаган бўлса, ажаб эмас.
Имом Мотуридий қадамжоси ҳам бугунги кунда мусулмон мамлакатларидан келадиган сайёҳларнинг зиёратгоҳига айланган. Айниқса, мақбарадаги тарих зарварақларидан сўзловчи қайроқтошлардаги битиклар калом илми тадқиқотчиларининг эътиборини тортади.
Президентимиз ташаббуси билан 2019 йилнинг 21–23 февраль кунлари Бухоро шаҳрида мамлакатимизнинг халқаро майдондаги зиёрат туризми бўйича мавқеини ошириш мақсадида Зиёрат туризми бўйича биринчи халқаро форум ўтказилди. Форум доирасида Ўзбекистоннинг зиёрат туризм марказларидан бири сифатида тан олинишига доир Бухоро декларациясининг имзоланишига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.
Самарқанд зиёрат туризмида истиқболга эришиш учун хизмат кўрсатиш маданиятини кескин кўтариш, зиёратчилар учун қулай шароитлар яратиш, зиёратчиларнинг Ўзбекистон ҳақида яхши таассуротлар билан кетиши учун барча имкониятларни ишга солиш, бир келган зиёратчи яна қайта-қайта келишга рағбатлантириш лозим.
Энг аввало, вилоятимиздаги қадамжоларнинг туристик харитасини тузиш, масжидлар ва таҳоратхоналарни замон талаблари даражасида реконструкция қилиш, турли тилларда буклет ва тарқатмалар тайёрлаш, тарғибот ишларини яхши йўлга қўйиш, транспорт тизимининг хизмат кўрсатишини яхшилаш, турли мобиль иловалар қилиш зарур. Шунингдек, “Ҳалол” халқаро стандартларига мувофиқ, овқатланиш жойларини ташкил этиш, сайёҳлар учун зиёратгоҳларда интернет тармоғини таъминлаш ва гид-таржимонларни тайёрлаш масаласига эътиборни кучайтириш долзарб аҳамият касб этади.
Тоҳир ИБОДУЛЛАЕВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
илмий ходими