Шундай дейману, аслида, ҳеч нарса ўз-ўзидан юзага келмайди. Таниқли адиб, академик шоир Ғафур Ғулом айтганидек: «Ғойибдан келажак бахт – бир афсона!».
Шу маънода иқтисод фанлари доктори, профессор Акром Каримов ҳақидаги мўъжаз мақола илм йўлидагаи меҳнатлари, ҳамкасблари, шогирдларининг меҳри ва ҳурмати сифатида битилди.
Устоз Акром Каримов илмий салоҳияти, ҳамон жўшқин иш фаолияти билан кўпчилик эътибори ва ҳурматини қозониб келади. Сурати ҳам сийратига жуда монанд: хушмуомала, самимий, доим саришта кўринишда. Бу, аввало, ишга, ҳамкасбларга, умуман инсонларга бўлган ҳурмат ифодаси.
Том маънодаги профессор, юксак салоҳиятли фан доктори мақомига эга олимнинг олдига шунчаки гаплашагани боришга жазм қилиш қийин. Боришдан олдин ҳар бир қадамингизни, айтмоқчи бўлган гапингизни ўйлаб борасиз. Зеро, устознинг салобати, ҳар қандай мавзудаги фикрлари ва қарашлари сизни шунга ундайди.
Бу йил қутлуғ ёшни қаршилаётган устознинг ҳаёт йўли ва иш фаолияти ҳақиқатан ибратли.
1953 йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. 1974 йилда Тошкент халқ хўжалиги институтини муваффақиятли тамомлаган. Бу йил қутлуғ ёшни нишонлаётган фидоий инсоннинг иш фаолиятидаги кейинги қайдлар ҳам ана шу ҳавас ва ҳурматга муносиб.
Акром Аббосович меҳнат фаолиятини Тошкент Халқ хўжалиги институтининг «Бухгалтерия ҳисоби» кафедрасида ассистент лавозимида бошлаган. 1980–1983 йиллар давомида М.В.Ломоносов номидаги Москва давлат университетининг кундузги аспирантура бўлимида таҳсил олиб, номзодлик диссертациясини ҳимоя қилган. Ана шундай дадил қадамлар, муваффақиятлар ўз соҳасидаги фаолиятида ҳам давом этаверди. 1983–1991 йилларда Тошкент Халқ хўжалиги институтининг «Бухгалтерия ҳисоби» кафедрасида катта ўқитувчи, доцент, бир пайтнинг ўзида факультет декани ўринбосари лавозимларида ҳам ишлаган...
Йўқ, булар шунчаки меҳнат дафтарчасидан қайдлар эмас. Ўз касбига бўлган фидойилик, ҳамскасблари, устозларининг ишончи ва илм-фан йўлидаги муваффақиятлари, қолаверса ёшларга ибрат бўлига лойиқ меҳнат фаолият кўзгуси деб таърифлаш мумкин...
1991–2014 йиллар давомида Тошкент Молия институти (ТМИ)да факультет декани, кафедра мудири, институтнинг ўқув ишлари бўйича проректори, маълум бир муддатда эса шу институтнинг ректори лавозимларида ҳам фаолият кўрсатди. Ҳозирги эса «Бухгалтерия ҳисоби» кафедраси мудири. Ушбу нуфузли олий таълим муассасида илк бора ташкил этилган «Бухгалтерия ҳисоби, иқтисодий таҳлил ва аудит» ихтисослиги бўйича илмий мактабга раҳбарлик йиллари ҳам меҳнат фаолиятнинг ёрқин саҳифалари...
Акром Аббосович нафақат иш фаолиятида, шу билан бирга республикамиз сиёсий жараёнларида ҳам фаол иштирок этиб келди. Жумладан, Ўзбекистонда 2004 йил декабрь ойида илк бор икки палатали парламентга бўлиб ўтган сайловларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига сайланди. 2005–2009 йилларда Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, сўнг Қонунчилик палатаси Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси аъзоси сифатидаги фаолияти ҳам эътиборга лойиқ. Зеро, машаққатли педагоглик фаолияти билан бирга сиёсий жараёнларда мураккаб вазифаларга масъуллик осон эмас, албатта.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси раҳбариятида ишлаган вақтда янги ташкил топган профессионал палатанинг ишини ташкил этиш, тегишли қўмиталар фаолиятини йўлга қўйиш жараёнига катта ҳисса қўшди. Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси аъзоси сифатида қонун ижодкорлиги, назорат-таҳлил ишлари, ҳуқуқий демократик жамият асосларини тарғиб этиш каби масалалар бу жараёндаги масъуллик залворини англатиши шубҳасиз. Энг муҳими А. Каримов ўзига юклатилган вазифаларини муаффақиятли адо этиб келди.
Мамлакатимиз иқтисодиётида бухгалтерия ҳисоби ва аудит соҳаси ривожига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келаётган етук мутахассиснинг илмий-ижодий фаолияти ҳам сермаҳсул. Шу кунга қадар 200 га яқин илмий иш, жумладан: 3 та монография, 14 та дарслик, 19 та ўқув-услубий қўлланма, 160 дан ортиқ илмий мақола ва тезислар. Ушбу рақамлар замирида узоқ йиллик машаққатли меҳнат, илмий изланишлар, тадқиқотлар бўй кўрсатиб турибди. Буни айниқса педагоглар, илм-фан соҳасида меҳнат қилаётган мутахассислар яхши англайди ва катта ҳурмат билан қарайди.
Илм соҳасидаги ижод йўли, биргина дарслик ёки қўлланма яратиш фақатгина сабр, мунтазам меҳнатнигина эмас, аввало чуқур илмий салоҳиятни талаб этади. Профессор А.Каримовнинг раҳбарлигида иқтисодий йўналишларидаги касб-ҳунар коллежи ва техникумлари учун таълим ихтисосликлари бўйича 18 номдаги дарслик яратилган. Унинг бевосита иштирокида рус тилидаги «Аудит», ўзбек тилида «Бухгалтерия ҳисоби ва аудит» дарсликлари бугунги кунда ҳам ўқув жараёнида кенг фойдаланилмоқда. Яъни унинг меҳнатлари самараси фақат рақамларда эмас, мунтазам Илмий кенгашлар, мутахассислар эътирофига сазовор бўлганлиги, ёшлар учун муносиб қўлланма, дарслик сифатида хизмат қилиб келаётгани билан ҳам эътиборга лойиқ.
Иқтисод фанлари доктори, профессор А.Каримов ҳануз сермаҳсул ижод қилиб келади. Хусусан, сўнгги уч йил давомида «Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари», «Бухгалтерия ҳисобининг ахборот тизимлари», «Аудит» ўқув қўлланмалари (рус тилида), «Бухгалтерия ҳисоби», Қорақалпоқ тилида «Бухгалтерия есаби» (қорақалпоқ тилида), «Халқаро аудит», «Аудит» ва «Молиявий ҳисоб ва ҳисобот», «Халқаро молиявий ҳисобот стандартлари», «Бизнесда бухгалтерия ҳисоби» дарсликлари ҳамда 30 дан ортиқ илмий мақола ва тезислари чоп этилди.
Устознинг меҳнат фаолияти, илмий фаолияти кўлами хорижий мамлакатлар билан ҳамкорликда ҳам намоён бўлиб келаётир. Буюк Британия, АҚШ, Италия, Туркия, Жанубий Кореа давлатларида малака ошириш давомида халқаро илмий анжуманларда ўз маърузалари билан иштирок этиб, халқаро сертификатларга эга бўлган.
Фидоий олимнинг фаолияти илм-фан, педагоглик йўлини танлаган ёшларни қўллаб-қуватлаш, кўмаклашишда, уларнинг етук мутахассис бўлиб етишишлари йўлидаги меҳнатида ҳам акс этади. Акром Аббосовичнинг бевосита раҳбарлигида 15 та фан доктори ва фан номзоди таёрланган. Шогирдларнинг икки нафари Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат стипендиясига сазовор бўлди.
Устоз профессор Тошкент молия институти ҳузуридаги Илмий кенгаш раиси ўринбосари, «Молия» илмий журнали бош муҳаррири, «Бизнес: аудит, баҳо, мулк» ижтимоий-иқтисодий, маърифий журнал таҳририят кенгаши аъзоси, «Ижтимоий фанлар бўйича халқаро муаммолар» (Туркия) журнали таҳририят аъзоси, шу билан бирга «Ўзбекистон–Хитой» дўстлик жамияти аъзоси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги жамоатчилик кенгаши аъзоси сифатида ҳам фаолият кўрсатмоқда.
Устоз фидойи меҳнати ҳукуматимиз томонидан муносиб тақдирланган. Мудом ҳамкасблари, талабалар ҳурмат-эътиборида, оиласи, фарзандлари ардоғида, невара-чеваралар қуршовида.
Фидойи ва камтар, умрини шарафли касбга бахшида этган устознинг ҳаёт йўллари сабоқ олиш ва ҳавас қилишга муносиб эканлигини қайт-қайта айтгимиз келади. Чунки, бу соҳадаги узоқ йиллик фаолияти самараси илмий ишлари, яратган дарсликлари, ўқув қўлланмалари билан бирга ҳаётга, инсонларга муносабатида, суҳбатларда ҳам намоён бўлаверади.
– Ҳаётда нимага эришган бўлсам, аввало, ота-онамнинг тарбияси ва ўгитлари, доим эзгу йўлни кўрсатиб қилган дуолари деб биламан. Устозларимнинг ва дўстларимнинг кўмаги ҳаётда, ишда эришган ютуқларимга замин яратган... Бугун ўтган йилларни эслаб бунга қайта-қайта амин бўлавераман, – дейди устоз камтарлик билан.
– Илмий фаолиятимда профессорлар Саидкарим Қодирхонов, Нўмонжон Соатов, Абдураҳмон Сотиволдиев каби устозларимнинг кўмаги, фаолиятлари менга жуда катта ижобий таъсир кўрсатган. Москва давлат университетидаги таниқли педагог олимлар – иқтисод фанлари докторлари, профессорлар – Анатолий Шеремет ҳамда Алексей Аксененколарнинг номлари, берган илмлари самарасини унутмайман. Бу каби катта илмий салоҳиятга, инсоний фазилатларга эга устозлардан илм ўрганганим, қайсидир маънода ҳаёт сабоқларини олганимдан фахрланаман. Билим олиш, фидойи инсонларга ҳамроҳ бўлиш ҳаётингизни ойдинлик сари етаклашига ишонинг...
Тоҳир МАЛИКОВ,
иқтисод фанлари доктор, профессор