Эътирофу эъзоздан руҳланган ўғил-қизлар қўлга киритаётган натижалар ҳам, албатта, салмоқли. Аслида бу натижалар қўлга киритилаётгани тасодиф эмас. Чунки улар — бутун дунёни ўз илми билан ҳайратга солган буюк алломаларнинг муносиб издоши.
Шу ўринда кўнглимда фахр-ифтихор туйғуси жўш уриб, тарих саҳифаларини варақладим. Манбаларда қайд этилишича, IX асрда буюк бобокалонимиз Муҳаммад Хоразмий алгебра фанига асос солиб, миллатимиз бу соҳада тенгсиз эканини бутун жаҳонга исбот этди. X асрда Абу Наср Форобий Аристотелнинг “Метафизика” асарига энг мукаммал шарҳ ёзиб, “иккинчи устоз” унвонини олди.
XI асрда Абу Райҳон Беруний Ер билан Ой ўртасидаги масофани ўлчади, Абу Али ибн Сино эса “Тиб қонунлари” асарини битди. XIV асрда Соҳибқирон Амир Темур 27 та давлатни ўз байроғи остида бирлаштириб, марказлашган давлатга асос солди. Шу билан бирга, дунё илм-фани ривожида ўз ўрнига эга олимлар, фузалолар, улуғ инсонларнинг бошини силаб, ўлмас обидалар яратилишига ҳисса қўшди. Илм-фан, маданият, адабиёт ва санъат ривожи учун замин ҳозирлади. XV асрда Мирзо Улуғбек 1018 та юлдузнинг ҳаракат жадвалини тузди. Сўз мулкининг султони Ҳазрат Навоий гўзал ва муҳташам асар “Хамса”ни ёзиб, туркий тилнинг ниҳоятда бой ва жозибали, оҳангдор, нафис ҳамда сержило тил эканини дунё аҳлига намоён этди.
Бу билан туркий тилни зулмат ва ҳақорат ботқоғидан шараф осмонининг энг олий пештоқига олиб чиқди. XVI асрда Заҳириддин Муҳаммад Бобур қаламига мансуб “Бобурнома” оламга тарқалган бўлса, XVII асрда Шоҳжаҳон дунёдаги етти мўъжизанинг бири деб эътироф этиладиган ўлмас обида — “Тожмаҳал”ни бунёд этди.
Ҳа, улуғларимиз номини қанча санасак, шунча кўплиги барчани ҳайратга солади. Уларга муносиб бўлишга интилаётган ёшлар иштирокидаги чиқишлардан қалбимиз фахр-ифтихорга тўлади.
Шу ўринда биздан аждодларга муносиб авлодни тарбиялаш талаб қилинади. Бу ҳаётимиз мазмунига айланган энг муҳим масалалардан бирига айланмоғи зарур. Айниқса, зиёлилар зиммасидаги масъулият жуда оғир. Чунки улар миллатнинг эртаси бўлган, Янги Ўзбекистонни бунёд қиладиган, кўзи ёниқ, юраги шижоатга тўла ёшларни тарбиялайди. Бугун ана шу умидли ёшлар учун барча зарур шароит муҳайё этилмоқда.
Яқинда “Тошкент: Ёшлар форуми–2021” доирасида ўтказилган тадбирларни кузатиб юрагимдан ўтганларини ўртоқлашгим келди. Жараёнда ҳар бир тизим раҳбарининг ёшлар олдига чиқиб, мулоқот қилиши, ёшларнинг эса, ўзларини безовта этган муаммоли саволларга улардан жавоб олиши юртимизда олиб олиб борилаётган сиёсатнинг шаффоф кўриниши. Чунки олдин бирор раҳбар халқ олдига ёки ёшлар олдига чиқиб, очиқ мулоқот ўтказганми?! Ёки келгусидаги режалари хусусида ўз фикрлари билан ўртоқлашганми?! Ёшлар ва раҳбарлар ўртасидаги кўринмас тўсиқлар олиб ташланганмиди?!
Айниқса, ушбу тадбирларда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Маънавият ва маърифат маркази томонидан ташкил этилаётган “Маърифат майдони”, “Талабалар театр студиялари” фестивали, “Заковат” интеллектуал танловлари ғолибларининг иштирок этиши, мўлжалланган танловлар якуний босқичининг форум доирасидаги турли тадбирлар мисолида ўтказилиши ёшларга берилган юксак эътиборнинг яна бир намунаси.
Маънавият ходими, ёшлар етакчиси сифатида ҳаяжондан тўлқинланиб кетдим. Жаннатмонанд юртга фараҳбахш кунлар ярашади. Чунки сўзга ошно, адабиётни севган, китобни қадрлаган инсоннинг, албатта, эртаси ёруғ бўлади. Мен бунга ишонаман.
Мирзоҳид БОТИРОВ,
Фарғона политехника институти проректори