Жорий йил 30 август куни республикамиз божхоначилари Тошкент халқаро аэропортида 57 дона тимсоҳ боласи ҳамда 10 дона буқаламунни ноқонуний равишда олиб киришга бўлган уринишларни фош қилишган эди, дейилади Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати хабарида. 

Ҳолатга ойдинлик киритилгунига қадар ушбу ёввойи ҳайвонлар Тошкент ҳайвоноот боғига вақтинча сақлаш учун топширилганди.

Ижтимоий тармоқларда айрим савдо белгиларини тарғиб қилишда ёввойи ҳайвонлардан, хусусан, тимсоҳ болаларидан фойдаланилгани сабабли жамоатчиликда ушлаб қолинган тимсоҳ болалари бегона қўлларга чиқиб кетгани юзасидан шубҳа-гумонлар юзага келгани туфайли Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати Тошкент ҳайвонот боғида бўлиб, жониворларнинг ҳозирги ҳолати билан қизиқди.

Эътиборли жиҳати шундаки, тимсоҳчалар ҳайвонот боғи экспозициясида ташриф буюрувчилар эътиборига ҳавола қилинмоқда. Ёввойи табиатдан ажратиб олингани сабабли тимсоҳ болаларининг барчаси ҳам бирдек хонаки шароитга мослашганича йўқ. Уларнинг айримлари мустақил равишда озиқлана олмаяпти.

Шунингдек, ҳамон махсус карантинда сақланаётган буқаламунларнинг аҳволини ҳам яхши деб бўлмайди. Улар қутида мевалар орасида олиб келингани сабабли парвоз вақтида мевалар ичида сиқилиб қолиб, жиддий шикаст еган. 

Натижада ҳозирга келиб 1 тимсоҳча ва 6 буқаламун нобуд бўлди. Ҳозирда улар утилизиацияга қадар махсус музлаткичда сақланмоқда.