Бинобарин, бунда энг тўғри йўл ва оқилона ечим тараққиётнинг муҳим мезони — илмни, инновацияни ҳар томонлама рағбатлантириб, ижтимоий ҳаётда инсон капитали юксак қадр топиши учун барча имкониятларни ишга солишдир.  

2022—2026 йилларга мўлжалланган янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида иқтисодиётга инновацияларни кенг жорий қилиш, саноат корхоналари ва илм-фан муассасаларининг кооперация алоқаларини ривожлантириш белгиланган.

Шунингдек, унда инновацион ҳудудга айлантирилаётган туманларда мавжуд муқобилларидан 50 фоизгача арзонлаштирилган ва сифатли, хомашё нархига нисбатан 2-3 баробар юқори қўшилган қиймат яратадиган инновацион маҳсулотлар ишлаб чиқариш технологияларини ўзлаштириш, жумладан, умумий қиймати 165,9 миллиард сўмлик жами 195 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган.

Мана шу режаларнинг ўзиёқ мамлакатни инновацион ривожлантиришга қаратилаётган эътибор нечоғли устувор аҳамият касб этишини англатади. Муҳими, бу борадаги ишлар изчиллик касб этаётир. Битта мисол. Президентимиз жорий йил апрель ойида Сирдарёга ташрифи чоғида вилоятни саноат, тадбиркорлик, қишлоқ хўжалиги, таълим ва тиббиёт бўйича “илғор инновациялар ҳудуди”га айлантириш зарурлигини айтди.

Фаоллар билан учрашувда инновацион ҳудудда ҳоким, вилоят, туман раҳбарлари аҳоли ва тадбиркорларга шароит яратиш бўйича ҳар куни янгиликка интилиши, дунёқараши ва ёндашувларни ўзгартириш кераклигини таъкидлади.   

Чиндан ҳам, бугун ҳар бир жабҳада янгилик, изланиш бирламчи ўринда туради. Буларсиз тараққиётни тасаввур этиб бўлмайди. Зеро, бу атаманинг маъноси ҳам шуни англатади.  Яъни “инновация” сўзи лотинча “novatio” сўзидан олинган бўлиб, “янгиланиш” (ёки “ўзгариш”) деган маънони билдиради. “in” қўшимчаси эса лотинчадан “йўналишида” дея таржима қилинади. Агар бу яхлит “innovatio” кўринишида таржима қилинса, “ўзгаришлар йўналишида” деб изоҳлаш мумкин. Шу жиҳатдан, инновация, илғор ғоялар ҳар бир тармоқ зарурати, десак муболаға бўлмайди, назаримизда.

Сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ва бошқа ислоҳотлар самараси  турли кўрсаткичлар орқали тузиладиган рейтинглар орқали баҳоланади. Хусусан, инновацион ривожланиш даражаси Глобал инновацион индекс (ГИИ) билан ўлчанади. Мазкур ташкилот томонидан 131 давлатнинг инновацион даражаси 80 дан ортиқ кўрсаткич бўйича баҳолаб борилади.  

Мамлакатларнинг инновацион имкониятлари ва ушбу соҳадаги фаолияти йиллик рейтинглари Жаҳон интеллектуал мулк ташкилоти (БИМТ), Франциянинг INSEAD халқаро бизнес мактаби ҳамда Корнелл университети томонидан ишлаб чиқилган баҳолаш мезонлари асосида эълон қилинади.

Глобал инновацион индекс бир неча кичик индекслар, уларнинг ҳар бири эса яна тофаларга бўлинади. Мазкур субиндексларни ўрганиш, таҳлил қилиш орқали мамлакат инновацион ривожланишида қандай жиҳатларга аҳамият бериши кераклиги аниқланади, хато ва камчиликлар устида ишланади. Шу маънода,  мазкур рейтинглар бирор давлатнинг шунчаки у ёки бу соҳадаги ўрнини белгиловчи баҳо эмас, ислоҳотларда қайси йўналишларга аҳамият бериши лозимлиги, бунинг натижадор йўлларини излаб топиш зарурлигини белгилаб берувчи муҳим восита эканини айтиш жоиз.

Жаҳон интеллектуал мулк ташкилоти ўз ҳисоботларида 20 га яқин давлатда инновацион ривожланиш тобора жадаллашаётганини эътироф этади. Швейцария, АҚШ, Швеция, Буюк Британия, Нидерландия, Финляндия, Гонконг, Сингапур, Тайвань, Япония, Жанубий Корея, Малайзия, Дания ва Ирландия шулар сирасига киради.

Индексда яхшиланиш одамлар ҳаётига қандай таъсир кўрсатади?

2022 йил натижаларига кўра, Ўзбекистон Глобал инновацион индексда  82-ўринни эгаллади. Эътиборли жиҳати, мазкур рейтингда 2015 йилдагига нисбатан 40 поғона кўтарилиш қайд этилди. 

Экспертлар минтақалар кесимида 3 тадан мамлакатни “2022 йилда инновациялар бўйича глобал етакчилар” сифатида алоҳида қайд этишди. Ўзбекистон илк бор шундай эътироф этилган мамлакатлар сафидан ўрин олди. Яъни Ўзбекистон Марказий ва Жанубий Осиё минтақасида Ҳиндистон ва Эрондан кейин инновациялар бўйича топ-3 давлатдан бири бўлди.

Ўзбекистоннинг индексдаги ўрни яхшиланиши одамлар ҳаётига қандай таъсир кўрсатади? Кўпчиликни шу савол қизиқтириши мумкин. Ушбу саволга, аввало,  унинг кўрсаткичлари иқтисодиётнинг деярли барча жабҳаларини қамраб олганида, дея жавоб берса бўлади. Яъни рейтингда тиббиёт, таълим, институционал ривожланиш, қишлоқ хўжалиги, саноат, энергетика, банк-молия каби соҳалардаги ҳар бир ўзгариш ва унинг натижалари инобатга олинади.

Мамлакат иқтисодиёти, ижтимоий ҳаётида қанчалик ижобий ўзгаришлар бўлса, одамлар ҳаёти ҳам шунчалик яхшиланиб бораверади. Рейтингда юқори кўрсаткичларга эришиш эса мамлакатнинг халқаро доирадаги обрўйи ва нуфузи учун жуда зарур. Оддий қилиб айтганда, ҳеч бир ўзгариш беиз кетмайди, албатта, одамлар ҳаётида аксини топади.

Яна бир жиҳати, Глобал инновацион индекс кўрсаткичлари иқтисодиётнинг кучли ва заиф томонларини аниқлаш имконини ҳам беради. Шу боис, унинг  индикаторлари бўйича эгаллаган ўрнимиздан ҳамда жаҳон тажрибасидан келиб чиқиб, иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотларнинг асосий йўналишларини белгилаб олишимиз, зарурий чоралар кўришимиз зарур. Индекс бўйича ҳар бир соҳанинг ривожи, шубҳасиз, халқ манфаатига хизмат қилади.

 Қўллаб-қувватловчи ҳужжатлар кўп

Сўнгги йилларда илмий-инновацион фаолиятни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш, мамлакатимизнинг инновацион салоҳиятини янада такомиллаштиришнинг самарали механизмлари ишлаб чиқилмоқда. Хусусан, тегишли ҳужжатлар асосида Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси, Илм-фанни 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси, “Рақамли Ўзбекистон — 2030” стратегияси, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси, Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020 — 2030 йилларга мўлжалланган стратегияси, 2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси каби хужжатлар ишлаб чиқилди. Шунингдек, “Илм-фан ва илмий фаолият тўғрисида”ги, “Инновацион фаолият тўғрисида”ги, “Таълим тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинди.

Бу ҳужжатларнинг амалиётга жорий қилиниши, табиийки, юртимизда инновацион экотизимнинг тегишли элементлари тўлиқ шаклланиши ва изчил ривожланишига хизмат қилади. Бунда, айниқса, 2022—2026 йилларда Ўзбекистон Республикасининг инновацион ривожланиш стратегиясининг аҳамияти юқори. Чунки унинг асосида юқори технологик ва илм-фанга асосланган янги ва замонавий ишлаб чиқариш қувватлари ҳамда юқори даромадли иш ўринлари яратиш бўйича дастурлар ишлаб чиқилмоқда. Стратегиядан кутилаётган натижалар ҳам салмоқли. Жумладан, у орқали ёшларда яратувчанлик, инновацион тадбиркорлик ва рационализаторлик қобилиятини шакллантириш, соҳада мутахассисларни кўпайтириш, халқаро майдонда мамлакатнинг илмий салоҳиятини оширишга йўналтирилган, бозор талабларига мослашувчан миллий инновацион инфратузилмани шакллантириш, олий таълим муассасаларида тадбиркорлик муҳитини яратиш ва ихтисослаштирилган “спин-офф” компаниялар ташкил этиш, миллий иқтисодиётга инновацион маҳсулот ва ечимларни жорий қилишнинг замонавий “занжири” ва ягона тизимини яратиш орқали жозибадорлигини ошириш каби кўплаб вазифалар амалга оширилиши режалаштирилган. 

Маълумотларга кўра, жорий йилнинг олти ойида мамлакатимиз IT Park резидентлари томонидан 145 миллион долларликдан ортиқ экспорт амалиётлари бажарилган. Бу борадаги кўрсаткич йил сайин яхшиланиб бормоқда. Бу Ўзбекистонни IT хабга айлантириш бўйича узоқни кўзлаб қўйилган мақсад сари дадил қадам қўйилаётганини англатади. Экспертлар фикрича, Ўзбекистонда яратилган шароитлар сақлаб қолинса ва  ишлар тизимли равишда ривожланишда давом этса, 2030 йилга бориб бир йиллик экспортни 5 миллиард долларга чиқариш имконияти тўлиқ  яратилади. Бинобарин, инновацион иқтисодиёт мана шундай юқори технологияларга асосланган ишлаб чиқаришга таянади. 

Аслида инновацион ривожланиш тушунчаси бугун пайдо бўлиб қолгани йўқ. У илк бор XIX аср маданиятшунослари томонидан қўлланилган. Турли халқлар маданиятларининг бир-бирига таъсири натижаси сифатида пайдо бўлган ўзгаришлар янгилик, яъни инновация, деб талқин қилинган. XX аср бошларидан эса ушбу ибора иқтисодчилар лексикасига кириб келди. Бунда олимлар ва мутахассислар инновацияларни айнан иқтисодиётда вақти-вақти билан рўй берадиган инқироздан чиқишнинг муҳим воситаси сифатида ўргана бошладилар. Уни амалга ошириш сиёсати назариясини тадқиқ этиш ХХ асрнинг 70-80-йилларидан бошлаб кучайди. Лекин инновация қайси соҳада қайси шаклда қўлланилишидан қатъи назар, бир мақсадга — ривожланишга хизмат қилиб келмоқда. Инновация мамлакатларнинг бойлик ва иқтисодий ўсиш, одамлар турмушини яхшилаш манбаи бўлиб келмоқда. Янгилик эса тараққиёт белгисидир.

Мақола аввалида келтирганимиз — Ўзбекистоннинг 2030 йилга қадар инновацион ривожланган 50 мамлакат қаторига кириш масаласи ҳозирги амалга оширилаётган ишлар мисолида янада аниқ ва аҳамиятли бўлиб бормоқда.

Ҳусан МАМЕДОВ,

иқтисодиёт фанлари доктори, профессор