Буюк аждодимиз — математик олимлар орасида энг машҳурларидан бири Абу Абдуллоҳ Муҳаммад Ибн Мусо ал-Хоразмий (783-850)нинг кўплаб асарлари ва рисолалари орасида “Ҳинд ҳисоби ҳақида қисқача китоб” ўзбек ва ҳинд халқларининг илмий алоқаларининг нақадар узоқ ўтмишга эга эканининг яққол мисолидир.
Айнан шу асар бутун дунёда ҳинд позицион тизимининг тарқалишига замин яратди. Европаликлар ал-Хоразмийни аввал математика оламига ҳинд ҳисоб тизимига асосланган арифметикани олиб кирган олим сифатида таниган бўлса, кейинчалик ўз даврининг даҳо мутафаккири, алгебра асосчиси бўлиб тарихга муҳрланди.
Икки мамлакат ўртасидаги бугунги муносабатлар, ўз навбатида, илм-фан ва инновациялар соҳасида билимлар алмашинувига, қўшма илмий лойиҳаларни амалга оширишга ҳамда сунъий интеллект, нанотехнологиялар, робототехника, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика каби соҳаларни энг илғор технологиялар ёрдамида ривожлантиришга хизмат қилмоқда. 11 ноябрь куни икки давлат раҳбарлари томонидан ўтказилган онлайн саммитда давлатларимиз ўртасида кейинги йилларда амалга оширилаётган кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантиришда катта ютуқларга эришилаётгани қайд этилди.
Ўзбекистон раҳбарининг Ҳиндистонга олий даражадаги ташрифлари доирасида эришилган келишувларни бажариш бўйича амалга оширилаётган қатор ишлар, Президент Шавкат Мирзиёев ҳамда Бош вазир Нарендра Модининг сўнгги учрашуви бу ҳамкорлик кўламининг янада кенгайишига хизмат қилиши шубҳасиздир. Ўзбекистон Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳозир сунъий интеллектни ривожлантириш ва инновацион технологияларни трансфер қилиш бўйича Ҳиндистоннинг “Routern.com” компанияси билан алоқаларни йўлга қўйган бўлиб, мазкур компания директори Чандраната Шарма Инновацион ривожланиш вазирлигининг Ҳиндистондаги элчиси этиб тайинланган.
Ҳиндистон Фан ва технологиялар вазирлиги билан ҳамкорликда қўшма илмий лойиҳалар танлови ҳам ўтказилмоқда. Танловда 137 та лойиҳа кўриб чиқилиб, 23 та истиқболлиси 2021 йилнинг 1-чорагида фан ва техника соҳасидаги ҳамкорлик бўйича ўзбек-ҳинд қўшма қўмитаси доирасида молиялаштирилади. Биотехнология, фармацевтика, катта ҳажмли маълумотлар соҳаларида фаолият юритаётган 20 нафар ёш олим ва тадқиқотчи ушбу ҳамкорлик доирасида Ҳиндистонга стажировкага боришига келишилган. Ҳиндистон маданий алоқалар кенгаши (ICCR) томонидан тақдим этиладиган стипендиялар ва Ҳиндистон техник ва иқтисодий ҳамкорлиги дастури (ITEC) бўйича бериладиган грантлар асосида Ҳиндистоннинг нуфузли университетларига талабаларни ўқишга ва тажриба алмашишга юбориш ишлари амалга оширилмоқда.
Уруғчиликни ривожлантириш ҳар бир мамлакат учун стратегик масалалардан биридир. Озиқ-овқат хавфсизлигига боғлиқ мазкур соҳани ривожлантиришда ҳам ҳинд ҳамкорларимиз билан алоқалар ўрнатилган. “Nath Bio-Genes” компанияси билан ҳамкорликда Самарқанд вилоятида 20 гектар ер майдонида юқори технологиялар асосида элита уруғ ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Қўшма акселерация дастурини амалга ошириш доирасида Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илғор технологиялар маркази ҳамда “DEVX” компанияси ўртасидаги ҳамкорлик меморандуми асосида 2020 йилнинг 27-31 январь кунлари ушбу компания вакилларидан ташкил топган делегация Тошкентга ташриф буюрди. Унда юртимиз кичик ва ўрта бизнес вакилларининг ташқи бозорга чиқиш имкониятларини баҳолаш, прогнозлаш ва бунга шароитлар яратишга қаратилган акселерация дастури ишлаб чиқилди. Шунингдек, юртимиз технопарклари резидентларини кенг жамоатчилик ва потенциал мижозларга тақдим этишга қаратилган роуд-шоулар ташкил этилади. Бундай тадбирларни ўтказишда ҳинд ҳамкорларимизнинг бой тажрибасидан фойдаланиш орқали маҳаллий маҳсулотларнинг экспортини ошириш, инвестицияларни кенгроқ жалб қилишга эришиш мумкин.
Ҳиндистон тадбиркорликни ривожлантириш институти (Entrepreneurship Development Institute of India) билан ҳамкорликда 15 нафар ўзбек стартапчисини тажриба алмашиш учун Ҳиндистонга юбориш бўйича музокаралар ўтказилмоқда.
Ҳиндистоннинг “iCreate” компанияси ва Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илғор технологиялар маркази ўртасида стартап экотизимни яратиш бўйича қатор ишлар амалга оширилди. Хусусан, oнлайн тарзда стартаплар ўртасида “Идеатон” танлови ўтказилди. Мазкур танловнинг 10 нафар ғолиби Ҳиндистонга икки ҳафталик стажировкага юборилади.
Президентимиз ташаббуси билан 2019-2020 йиллар давомида Андижон вилояти билан Гужарат штати ўртасида муваффақиятли шериклик ўрнатилди. Андижон давлат университетида 24-25 февраль кунлари Ҳиндистон ва Жанубий Корея компаниялари иштирокида ҳудудий қишлоқ хўжалиги соҳасидаги минитехнологиялар ва инновацион ишланмалар кўргазмаси ўтказилди. Кўргазма Фарғона водийсида қишлоқ хўжалигида фаолият юритувчи корхона ва ташкилотлар қатнашиб, 50 та корхона томонидан жами 100 дан ортиқ турдаги маҳсулотлар намойиш этилди.
Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳиндистонлик олимлар ва тадқиқотчилар, ҳинд илмий марказлари ва ташкилотлари билан яна қатор лойиҳалар устида ишлашни режалаштирган. Хусусан, Ҳиндистоннинг Ўсимликлар генетик ресурслари миллий бюроси билан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ва Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тасарруфидаги ўсимликлар генофонди коллекциялари бўйича ихтисослашган илмий-тадқиқот институтлари ўртасида ҳамкорлик ўрнатиш ўта муҳимдир. Шу муносабат билан ЎзФАнинг Геномика ва биоинформатика маркази ҳузурида Гермоплазма марказини ташкил этиш масаласи ўрганилмоқда. Гермоплазма, яъни уруғ ёки ҳужайра каби тирик генетик ресурслардан ўсимликлар ва ҳайвонларни кўпайтириш, сақлаш ва тадқиқ этиш учун фойдаланилади. Гермоплазма маркази ўсимликлар генофондини сақлашга қаратилган стратегиямизнинг асосий қисмларидан бири бўлиши кутилмоқда.
Ҳозирги кунда дунёда 1 750 та ген банки мавжуд бўлиб, уларда 7,4 миллион намуна сақланади. Уларнинг аксарияти давлат генобанкларидир. Ўзбекистонда ҳам илмий-тадқиқот институтларида турли ўсимликларнинг уруғлари, хусусан, ғўзанинг 32 минг 580 та намунаси сақланмоқда. Лекин улар сақланаётган шароитни қониқарли деб бўлмайди. Бу эса олимлар томонидан йиллар давомида яратилган ноёб ўсимлик навлари йўқолиб кетииши хавфини туғдиради. Шу боис, Гермоплазма маркази ташкил этилиши уларни сақлаш шароити яхшиланишига олиб келади, иккинчи томондан, ушбу намуналарнинг каталоги ҳам тузилади.
Иқтисодиётнинг турли соҳаларини тадқиқ этишни мана шундай каталогларсиз, катта маълумотлар базаларисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Ҳозир олдимизда мана шу катта маълумотларни ўзлаштириш ва таҳлил қилиш муаммоси турибди. Ўзбекистон илм-фанининг халқаро даражадаги рақобатбардошлигини кучайтириш, саноат тармоқларининг илм-фан билан алоқаларини мустаҳкамлаш орқали корхоналар самарадорлигини ошириш учун Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузурида Катта маълумотларни таҳлил қилиш марказини (Big Data Analytics) тузиш зарур. Ушбу йўналишда Ҳиндистон босиб ўтган йўлни ўрганиш, уларнинг мутахассислари тажрибасидан фойдаланиш, технологияларни қўллаш ёки яратиш истиқболли лойиҳалардан бири бўлади, деб ҳисоблаймиз.
Умуман олганда, Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги илмий ҳамкорлик, стартапларни ривожлантириш йўлидаги ўзаро манфаатли алоқаларни ривожлантириш икки давлат халқлари фаровонлиги ва равнақига ҳисса қўшади. Мамлакатимиз Президенти ва Ҳиндистон Бош вазири иштирокидаги саммит илм-фан ва технологиялар соҳасида фаолият юритаётган ташкилотлар, шунингдек, стартапларнинг бирлашишига, қўшма тадқиқотларга қаратилган лойиҳаларни илгари суришга янги туртки бўлади.
Иброҳим Абдураҳмонов,
инновацион ривожланиш вазири, академик