Ҳиндистоннинг Фаридабод шаҳрида халқаро ҳунармандчилик ярмаркаси давомида фожиали ҳодиса содир бўлди. Маълум қилинишича, ярмарка ҳудудида ўрнатилган аттракцион одамлар билан бирга қулаб тушган.

The Hindu нашрининг ёзишича, ҳодиса 7 февраль куни тахминан соат 18:00 ларда рўй берган. 26 нафар одамни айлантираётган “Top Spin” аттракционининг бир учи ўз ўқи атрофида айланишни якунлагандан сўнг тўсатдан ажралиб кетган ва қаттиқ зарб билан ерга қулаган. Оқибатда камида 13 нафар киши турли даражада тан жароҳати олган.

Маълумот учун, “Top Spin” (айрим жойларда “Tsunami” деб ҳам аталади) — катталар учун мўлжалланган, юқори тезликда ҳаракатланувчи хавфли майятниксимон аттракцион бўлиб, у олдин-орқага тебраниб, бир вақтнинг ўзида ўз ўқи атрофида айланиш орқали “улкан тўлқин” ҳаракатини тақлид қилади.

Шу муносабат билан Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси мамлакатимиз ҳудудидаги маданият ва истироҳат боғлари ҳамда кўнгилочар масканларда ўрнатилган аттракционлар ҳолатига бефарқ бўлмасликка чақирмоқда. Агар техник носоз ёки шубҳали аттракционларга дуч келинса, “attraksion_nazorati” электрон мобил платформаси ёки Қўмитанинг 71 203-02-39 ишонч телефони орқали мурожаат қилиш сўралмоқда.