Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 27 августдаги «Давлат молиявий назорати тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-6300-сонли Фармонида:
- Ташқи аудит фаолиятида масофавий назоратлар ўтказиш,
- Бюджет тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилиши содир этилганлиги хавфи мавжудлигини аниқлашга қаратилган масофавий назорат ўтказиш учун ягона дастурий мажмуа яратиш вазифаси белгиланган.
Шу боис, ҳозирда Ҳисоб палатаси масофавий назорат жараёнларида замонавий ахборот технологияларидан кенг фойдаланишга устувор аҳамият қаратмоқда.
Бу эса шаклланаётган маълумотлар базаси воситасида текшириш объектларини аниқлаш йўли билан кам самарали тафтишларни қисқартириш ҳамда бюджет ташкилотларини текшириш самарадорлигини ошириш имконини беради.
Ушбу ислоҳотлар натижасида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети харажатларининг самарадорлигини ошириш, бюджет қонунчилиги бузилишининг профилактикасини кучайтириш ва масофавий молиявий назоратни кенгайтириш, шунингдек, давлат молиявий назорати органлари фаолиятини такомиллаштириш мақсадида Ҳисоб палатасида «Масофавий назорат» маркази ташкил этилди.
Марказнинг асосий вазифаси – бюджети харажатларининг самарадорлигини ошириш, бюджет қонунчилиги бузилишини проактив тарзда олдини олиш ва қонунбузилишлар профилактикасини кучайтириш.
Марказни ташкил этишда қатор вазирлик ва идораларнинг аудитлари таклифлари ҳам инобатга олинган.
Унда 28 та вазирликнинг 115 турдаги маълумотлари шакллантирилди.
Марказ 3 та йўналишда фаолиятини амалга оширади:
- Ички фаолият назорати;
- Давлат ташкилотларининг ички аудит назорат тизими;
- Ташқи ва ички манбаалар, «Масофавий аудит» автоматлаштирилган ахборот тизими.
Марказ киберхавфсизлик талаблари асосида замонавий серверлар, компьютер ва бошқа зарур ускуналар билан жиҳозланган.
Марказнинг ишга туширилишининг дастлабки босқичида жойига чиқиб аудиторларни ҳамда давлат идораларининг вақтини олишга сабабчи бўлган 25 хилдаги назорат тадбирларини бевосита замонавий дастурий комплекслар ёрдамида таҳлил қилиш ва қонунбузилишларни олдини олиш имконини берди.
Ҳисоб палатаси бундан кейин ҳам масофавий назорат жараёнларида замонавий ахборот технологияларидан кенг фойдаланишни давом этади.