Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг «Жарима солиш тўғрисидаги қарорни ижро этиш муддатлари ва тартиби» деб номланган 332-моддасида «Йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун солинган жаримани ҳуқуқбузар жарима солиш тўғрисидаги қарор чиқарилган кундан эътиборан олтмиш кундан кечиктирмай, бундай қарор хусусида шикоят берилган ёки протест билдирилган ҳолларда эса, шикоят ёки протест қаноатлантирилмай қолдирилганлиги тўғрисида хабар берилган кундан эътиборан ўттиз кундан кечиктирмай тўлаши керак», деб белгилаб қўйилган.
Бундан ташқари кодекснинг «Транспорт воситаларини ушлаб туриш ва кўрикдан ўтказиш асослари ва тартиби» тўғрисидаги 291-моддасининг 3-қисмига кўра, йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарима солиш ҳақида қарор чиқарилган кундан эътиборан олтмиш кун ичида жарима тўланмаган тақдирда, транспорт воситаси жарима солиш тўғрисида қарор чиқарган ваколатли орган раҳбарининг ёзма кўрсатмасига биноан жарима солиш тўғрисидаги қарорнинг ижроси юзасидан иш юритиш тугагунига қадар ушлаб турилади.
Бундай ҳолларда ҳайдовчининг оворагарчилиги янада ортади. Белгиланган жаримадан ташқари транспорт воситаси вақтинчалик жарима майдонида тургани учун ҳам қўшимча тўловни амалга оширади.
Шу боис, Тошкент вилояти ИИББ ЙҲХБ қоидабузарлик содир этиб, жарималарни ўз вақтида тўламасдан юрган ҳайдовчилардан муаммо устига муаммо туғдирмасдан қоидалар талабларини ўз вақтида бажаришини сўрайди.