Гапнинг индаллосини айтадиган бўлсак, ҳар бир оилага барака олиб киришга бел боғлаган ҳоким ёрдамчилари фаолиятини бошлаганига энди тўқсон кун бўлса-да, аллақачон маҳалла аҳлига, фаол ва жонкуярлари эса элга танилиб улгурди.

Ҳоким ёрдамчилари иш бошлаганини яхшилар яхшиликка йўйди, ғанимлар фисқу фасод чангини қоқди. Нима бўлганда ҳам бугун ҳоким ёрдамчилари халқ ичида юрибди, оддий одамлар ҳаётини ўрганяпти, муаммоларини тинглаб, тадбиркорликка руҳлантирмоқда, бу йўлда уларга ёрдам бераяпти.

Бунга мисолларни ҳар бир маҳалладан келтириш мумкин. Дарвоқе, Асрорнинг ҳаётига ҳеч кутилмаганда кириб келган баракага қайтсак.

– Пулим йўқлиги боис, ёлланиб ишлашга мажбур эдим. Ҳеч қандай югур-югур ва оворагарчиликсиз мотокультиватор оласан, дейишганида ишонмагандим, – дейди Асрор Ёдгоров. – Кимларгадир кераклигингни ҳис этиб яшаш қандай яхши. Чунки бир вақтнинг ўзида ҳам мотокультиваторли, ҳам доимий даромадли бўлдим. Шу тариқа оиламга, ота-онамга ёрдамим тегмоқда.

Қозон ва унинг атрофидаги қишлоқларда мотокультиватори бор одам аҳоли томорқасининг ҳар бир сотиғини 15-20 минг сўмдан ҳайдаб беради. Кунига 10 сотих ер ҳайдаса, ойига 6 миллион сўмгача пул топиши мумкин. Қишлоқ шароитида бу пулнинг қиймати Тошкентдаги кундалик харажат билан солиштирганда 20 миллион сўм маошга тенглашади.

— Ҳозирги кунда туманимиздаги 50 та маҳалла фуқаролар йиғинида ҳоким ёрдамчилари фаолият юритмоқда, — дейди Қоракўл тумани ҳокими Хуршид Тоҳиров. – Улар уйма-уй юриб, ишни эҳтиёжманд оилаларга ёрдам беришдан бошлади. Бу жараёнда, аввало, ишсиз фуқароларнинг бандлиги таъминланмоқда. “Маҳаллабай” ишлаш тизими аҳоли муаммолари ечимининг асосий калити экани амалда ўз исботини топиб улгурди. Бу эса баъзи одамлар онгидаги боқимандалик, “нима бўлса бўлар, менга нима”, деган кайфиятнинг барҳам топаётганидан ва уларда ишлашга хоҳиш уйғониб, ҳалол меҳнат билан даромад топиш истаги кучайиб бораётганидан далолат. Аҳоли учун муносиб яшаш шароитини яратиш бош мақсад бўлса, бу мақсаднинг асосида ҳар бир оила тақдирига индивидуал ёндашув туради. “Маҳаллабай” ишлаш тизими айнан аҳолини тадбиркорликка жалб этиш учун муҳим йўналиш, улардаги муаммоларни комплекс ечиш учун имконият яратди. Ҳоким ёрдамчилари фаолияти эса ислоҳотлар самарадорлигини ошириш, маҳаллаларнинг ютуқ ва камчиликларига алоҳида ракурсдан қараш демакдир.

Қоракўл туманида ўзига хос тажриба ҳам шаклланган. Яъни аҳоли турмуш даражасини юксалтириш учун асосий драйвер йўналишлар белгилаб олиниб, ҳар бир маҳалла алоҳида соҳаларга ихтисослашган. Масалан, “Хўжалар” маҳалласида сервис, “Хўжакон”да халқ ҳунармандлиги, “Дўстлик”да уй меҳмонхоналар хизмати ривожланаётган бўлса, “Оқолтин” маҳалласи чорвачилик ва иссиқхоналар, “Солур” эса мева ва боғдорчиликка ихтисослашгани билан ажралиб туради.

Янги лавозим эгалари қай тарзда ишламоқда?

 — Президентимиз шу йил 15 январь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида бизга маҳаллада қандай ишлар қилишимиз кераклигини аниқ белгилаб берди, — дейди “Оқолтин” МФЙдаги ҳоким ёрдамчиси Умиджон Баракаев. — Шу асосда амалий ишларни бошлаб юбордик. Уйма-уй юриш орқали намунали, ўрта ва эҳтиёжманд хонадонларни аниқлаб олдик. Эҳтиёжманд оилаларга кўмак беришга киришдик. Ҳар бир фуқаронинг қизиқиш ва касб салоҳиятидан келиб чиқиб, аввало, ҳудудда илгари мавжуд бўлмаган хизмат турлари ташкил этилиб, бандлик таъминланмоқда.

Умиджон Баракаев йил бошидан буён маҳалладаги 90 фоиздан зиёд аҳоли вакиллари билан учрашиб, 20 дан ортиқ хотин-қизни “Garden Tex” тўқимачилик корхонасига ишга жойлаштиришга эришди. Шунингдек, у ҳудудда кооперация ташкил этишга ташаббускор тадбиркорларни жалб этган ҳолда, одамларга парранда ва унинг озуқасини бериш орқали ойига 2 миллион сўм даромад олиш таклифини илгари сурди. Айни дамда соҳа мутахассислари аҳолини парранда боқишга ўргатмоқда.

Хатлов давомида чорвачилик билан шуғулланиш истагини билдирган 37 та оилага йирик шохли, наслли чорва моллари, 6 та хонадонга майда шохли чорва моллари ва 42 та хонадонга 5 тадан курка тарқатилди, яна битта фуқарога субсидия асосида иссиқхона қуриб берилди.

Ўрганишлар давомида маҳаллада бир километрга яқин йўл таъмирталаблиги аниқланди. 42-умумтаълим мактабига олиб борадиган бу йўлдан ўқитувчи ва ўқувчилар қишда лой, ёзда тупроқ кечиб келарди. Ниҳоят шу йўлга ҳам шағал ётқизилди.

“Солур” маҳалласида ҳоким ёрдамчиси лавозимида иш бошлаган Ихтиёр Бердиев ҳам маҳалладошлари розилиги йўлида мавжуд муаммоларни ҳал қилиш ҳаракатида елиб-югурмоқда. Унинг ташаббуси билан маҳаллада янги соҳага қўл урилиб, ўнлаб хонадонлар бандлиги, тўкин-сочинлигига эришилмоқда. Гап шундаки, кооперациялар орқали аҳолига ҳўл мевани қуритиш ускунаси берилди. Қиш фаслида тадбиркор томонидан етказиб бериладиган топинамбур ўсимлиги, ёзда ҳўл мевани қуритиш орқали ҳар бир оила кунига 170-180 минг, ойига эса 5 миллион сўм атрофида даромад олиш имконига эга бўлди.

— Юртимизда “Инсон қадри учун” тамойили асосида амалга оширилаётган чора-тадбирлар бугун ўз самарасини кўрсатмоқда. Давлатимиз раҳбарининг ҳоким ёрдамчилари фаолиятини йўлга қўйиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашни кўзда тутган фармони ва ҳукуматнинг мазкур ҳужжатга ҳамоҳанг қабул қилинган қарори ҳоким ёрдамчилари зиммасига масъулият юклаш баробарида кейинги фаолиятимизда ҳам муҳим аҳамият касб этади, — дейди Ихтиёр Бердиев.

Яқинда тумандаги ҳоким ёрдамчилари томонидан ўтказилган хатлов натижасида ўз бизнесини бошлаш, тадбиркорлик билан шуғулланишга қийналаётган фуқаролар рўйхати шакллантирилиб, туман ҳокимига берилди. Ҳоким рўйхатдаги 62 фуқаро билан суҳбатлашиб, келгуси режалари билан қизиқди ва уларга 46 та мотороллер ҳамда 16 та мотокультиватор кредит асосида топширилди.

Қоракўл туманидаги маҳаллаларда ҳаёт жўшқин давом этмоқда, одамларнинг дунёқараши ўзгарган — яхши яшашга интилиши кучайган. Албатта, муаммолар ҳам бор. Уларни ҳал қилиш учун ҳоким ёрдамчилари зиммасида катта масъулият турибди. Демак, ҳали катта ишлар олдинда.

Гуличеҳра ДУРДИЕВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири