Сенаторлар томонидан парламент сўровида кўтарилган масалалар юзасидан муайян ишлар амалга оширилганлиги қайд этилди.

Хусусан, 2021 йил давомида 8,8 миллион нафар туғиш ёшдаги аёллар (умумий сонидан 98,2 фоизи) тиббий кўрикдан ўтказилиб, улардан 3,9 миллион нафарида (44,3 фоизи) экстрагенитал касалликлар аниқланган. Касаллик аниқланганлардан 3,5 миллион нафари (91,8 фоизи) амбулатор ва стационар шароитда соғломлаштирилган.

Шунингдек, ҳудудлардаги туман марказларидан узоқда жойлашган тоғли, чўл ва бориш қийин бўлган қишлоқларда «Кўчма врачлик бригадалари» ёрдамида 658,5 минг туғиш ёшидаги аёллар тиббий кўрикдан ўтказилган. Натижада 275,6 минг нафарида (41,9 фоизида) турли хил касалликлар борлиги аниқланиб, уларнинг қарийб 94 фоизи соғломлаштирилган.

Республика аҳоли репродуктив саломатлик маркази, Республика скрининг маркази ҳамда Ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт маркази негизида ягона марказ ташкил этиш, ҳар бир ҳудуд учун «йўл хариталари» ишлаб чиқиш белгиланди.

Шу билан бирга, сенаторлар томонидан парламент сўровида кўрсатилган айрим масалаларни ҳал этиш чоралари етарли даражада кўрилмаганлиги қайд этилди.

Хусусан, туғруқ муассасаларининг юкламаларини улардаги ўрин фондига ҳамда белгиланган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларига мослигини таъминлаш бўйича аниқ режа ишлаб чиқилмаган.

Парламент сўровига юборилган жавобда гўдаклар ва кичик ёшдаги болаларни маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан она сути ўрнини босувчи озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашга доир масалага изоҳ берилмаган.

Сенаторлар томонидан парламент сўровида кўтарилган масалаларни ҳал этиш юзасидан тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилишни назарда тутувчи Сенат қарори қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати.