Илгари фуқароларимиз асосан 2-3 та давлатга бориб ишлаган бўлса, ҳозир ташкилий миграция асосида 30 дан ортиқ давлатда меҳнат қилаётгани таъкидланди.
Мисол учун, Германия, Япония, Жанубий Корея компаниялари мутахассисларга талабидан келиб чиқиб, Ўзбекистонда ўқув курсларини ташкил этди.
Япония компанияси қурилиш, ҳайдовчилик, меҳмонхона ва ресторан хизмати йўналишларида «10 минг нафар ўзбек мутахассисини жалб қилиш» лойиҳасини бошлади. Буюк Британияга мавсумий ишчиларни юбориш амалиёти йўлга қўйилган.
Лекин қолган мамлакатлардаги элчилар бундай тажрибани бошқа давлатлар билан йўлга қўйиш бўйича ташаббус кўрсатмаётгани қайд этилди.
Масалан, четдан ишчи кучини фаол жалб этаётган Австрия, Франция, Испания, Италия, Чехия, Саудия Арабистонидаги элчиларнинг мазкур йўналишдаги ишлари қониқарсиз экани кўрсатиб ўтилди.
Таҳлилларга кўра, бугунги кунда Швеция, Дания ва Норвегияда 300 минг ишчиларга эҳтиёж бор.
Норвегиялик иш берувчилар бу йилнинг ўзида 3 минг фуқарони ўзлари ўқитиб, уларга Европа стандартлари асосида сертификат беришга тайёр. Ёки Швеция грант ажратиб, ижтимоий ходимларни тайёрлаш ва жорий йилнинг ўзида 500 нафарини ишга олиш таклифини бермоқда.
Мутасаддиларга Швеция, Дания ва Норвегия билан келишувга эришиб, фуқароларимизни юқори даромадли иш ўринларига юбориш муҳимлиги таъкидланди.
Умуман, Швеция ва Латвиядаги элчилар билан биргаликда Нордик давлатлар билан ташқи меҳнат миграцияси борасида ҳамкорлик дастурини ишлаб чиқиш топширилди.