Имзоланиш жараёнида «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ мутасаддилари, тегишли мутахассислар ва ишчи-ходимлар ҳамда университет вакиллари иштирок этди.
Жамият Бошқарув раисининг биринчи ўринбосари Жаҳонгир Обиджонов бугун изчил ривожланаётган иқтисодиётимиз, хусусан электр энергетикаси тизими учун малакали муҳандис ва ходимлар етиштириш масаласи долзарб эканлигини таъкидлади.
Шу маънода бугун имзоланган меморандум «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ учун етук малакали кадрлар тайёрлаш масаласида «Tashkent International University of Education» билан ҳамкорликни йўлга қўйилиши қайд этилди.
Ўз навбатида бугунги кунда мамлакатимизда юқори малакали мутахассислар тайёрлаш сифатини ошириш, таълим жараёнига рақамли ва педагогик технологиялар ҳамда замонавий усулларни кенг жорий этишга алоҳида эътибор қаратилаётгани эътироф этилди.
Электр энергетикаси тизимини янада ривожлантириш борасида соҳа олдида турган устувор вазифалардан келиб чиққан ҳолда, замонавий билим ва кўникмаларга эга юқори малакали кадрларни миллий ва халқаро стандартларга мувофиқ сифатли тайёрлаш, ушбу жараёнга илғор таълим технологиялари жорий этиш, илмий-амалий тадқиқотлар олиб боришда республика ва хорижий етакчи олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари билан ҳамкорлик қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади.
Тадбирда таъкидланганидек, мазкур ҳужжат орқали томонлар технологик муаммолар доирасида илмий-тадқиқотлар ташкил этиш ва уларда иштирок этиш, ўқув-сайёр машғулотлари ва малакавий амалиётларни ўтказиш ҳамда мунтазам равишда соҳага оид адабиётлар ва бошқа нашрлар алмашиниш каби йўналишларда ҳам ҳамкорлик олиб борилади, деб хабар беради Энергетика вазирлиги «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ маълумотига таяниб.