«Менинг ниятим – ёшларимиз талаб юқори бўлган касблар бўйича дунёда рақобатдош бўлсин, керак бўлса, бошқалардан бир поғона устун турсин. Ушбу мақсадга эришиш йўлида касбий таълимнинг энг муҳим бўғини бўлган техникумларни янги сифат босқичига олиб чиқамиз», – деди Президентимиз.
Бунинг учун 2026 йилдан бошлаб ҳар йили камида 100 тадан техникум тўлиқ таъмирланиб, технологик ва талаб юқори бўлган касбларга мос ҳолда жиҳозлаб борилади.
Германия, Швейтсария, Буюк Британия, Хитой, Корея каби давлатларнинг илғор таълим дастурлари жорий қилинган техникумлар сони 100 тага етказилади.
2026 йилда 7 та вилоятда, 2027 йилда эса қолган ҳудудларда Илғор касбий маҳорат техникуми ва «Касблар шаҳарчаси» фаолияти йўлга қўйилади.
Илғор касбий маҳорат техникумлари ҳудуддаги бошқа техникумлар учун методик ва амалиёт базаси сифатида фаолият юритса, «Касблар шаҳарчаси» мактаб ўқувчиларини қурилиш, сервис, қишлоқ хўжалиги, саноат, транспорт, «яшил» энергетика каби соҳалардаги замонавий касбларга йўналтиришга хизмат қилади.
Техникум ва иш берувчилар ўртасидаги ҳамкорлик ҳам янги босқичга олиб чиқилади.
Хусусан, «дуал таълим» асосида ўқитишни самарали ташкил қилган корхоналарга 7 йил муддатга 5 миллиард сўмгача имтиёзли кредит ажратилади. Тадбиркорлик рейтингида қўшимча 5 балл берилади.
Корхоналар ишга олган техникум ўқувчиси учун 1 фоизли ижтимоий солиқ имтиёзи яна уч йилга узайтирилади.
Шунингдек, 2026 йилдан бошлаб техникумларда «дуал таълим» асосида таълим олаётган 100 минг ўқувчига илк бор стипендия тўланади. «Аъло» баҳоларга ўқиётган, танлаган касбини пухта эгаллаётган ўқувчиларга эса оширилган миқдордаги стипендиялар берилади.