Унда Тараққиёт стратегиясини “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид давлат дастури доирасида ҳудудларда савдо инфратузилмасини ривожлантириш, савдо хизматлари ва йўл бўйи инфратузилмасини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишларнинг бориши муҳокама этилди.

Таъкидланганидек, миллий иқтисодиётни жадал ривожлантириш ва юқори ўсиш суръатларини таъминлаш бўйича салмоқли вазифа ва чора-тадбирлар, жумладан ҳар бир ҳудудда йирик улгуржи-савдо марказлари, логистика, замонавий савдо марказлари ташкил этиш, қишлоқ жойларда кўчма савдо нуқталарини кўпайтириш, аҳолига эркин савдони амалга ошириш имконини берувчи чегараолди ҳудудларда савдо марказлари ташкил этилмоқда.

Шунингдек, бу борада изчилликни таъминлаш мақсадида ҳудудларда ҳар йили савдо хизматлари ҳамда йўл бўйи инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари дастурини ишлаб чиқиш белгиланган. Жорий йилнинг ўзида 30 та бозор ва савдо комплекслари, 13 та йирик ва 1000 та кичик йўл бўйи инфратузилма объектлари ташкил этилиши назарда тутилган. Бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида умумий қиймати 6,1 трлн. сўмлик жами 41 та йирик савдо комплекси ҳамда Андижон (1 та), Наманган (1 та) ва Тошкент (3 та) вилоятларида 364 млрд. сўмлик 5 та логистика марказини қуриш ишлари амалга оширилмоқда.

Шунингдек, ҳудудларда жорий йилда 300 дан зиёд савдо марказлари ташкил этилиши белгиланган. Бугунги кунга қадар 78 та савдо маркази ташкил этилиб, уларда 3 785 нафар аҳоли иш билан таъминланган бўлса, ҳудудлардан ўтган халқаро йўллар бўйида 749 та янги савдо ва сервис объекти ишга туширилиб, уларда 2 875 нафар аҳоли иш билан таъминланди. Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун жами 42,7 мингта, жумладан, янги хизмат кўрсатиш ва савдо объектларини ташкил этиш учун 29,2 мингта, автомагисталь йўллари бўйида жойлашган 366 та (23 гектар) ер майдонлари аукцион савдоларига чиқарилди.

Маҳаллаларда, шу жумладан, қишлоқ жойларда кўчма савдо нуқталарини кўпайтириш мақсадида кўчма ва енгил конструкцияли савдо ва сервис шохобчаларини ташкил этиш учун аукцион савдоларига чиқарилган ер майдонлари сони 36,3 мингтани ташкил этиб, жорий йил учун белгиланган мақсадли кўрсаткичлар 131 фоизни ташкил этди.

Юқоридаги тадбирларни амалга оширилишини назорат қилиб бориш ҳамда хисоботларнинг ҳаққонийлигини таъминлаш мақсадида Республика Ишчи гуруҳи ҳар ой якунлари билан ҳудудларда хизмат сафарида бўлиб, ўрганиш якунлари бўйича белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда камчиликларга йўл қўйган жами 55 нафар мутасадди раҳбарларга тегишли жазо чоралари, жумладан лавозимидан озод этишгача бўлган чоралар кўрилди.