Бугун 21 апрель куни Республика "Ҳунарманд" уюшмаси мажлислар залида "Ҳунарманд" уюшмаси ҳамда Франциянинг A.S.I.E халқаро жамғармаси билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда "Ҳунарманд" уюшмаси раиси ўринбосари Азиз Муртазоев ҳамда Франциянинг A.S.I.E халқаро жамғармаси вакиллари иштирок этди.
Уюшма раис ўринбосари учрашувда мамлакатимизда ҳунармандчилик соҳасида яратилган имкониятлар, преференциялар ҳақида сўзлаб берди ва
ҳунармандларни қўллаб-қувватлайдиган, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қиладиган, ўз сафида минглаб заҳматкаш ҳунармандларни бирлаштирган “Ҳунарманд” уюшмаси фаолияти билан таништирди.
Жумладан, анъанавий ва замонавий тарзда қад кўтарган ҳунармандчилик марказлари, уста-шогирд мактаблари, хорижий давлатлардаги миллий ҳунармандчилик маҳсулотларини намойиш этадиган савдо уйлари, ўтказилаётган халқаро ва маҳаллий фестиваллар, кўргазма ва кўрик-танловлар ҳақида ҳам батафсил маълумот берилди.
Ўзбекистонда илк бор ўтказилаётган Халқаро зардўзлик ва заргарлик фестивали, Халқаро Ҳунармандчилик фестивали, Халқаро Кулолчилик форуми ҳақида сўзлаб, мазкур халқаро тадбирларга меҳмонлар ҳам таклиф этилди.
Учрашувда иккала томон қадимий ва бой анъаналарга эга ҳунармандчилик соҳасини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшиш учун ҳамкорликда ишлашга келишилди.
Ўзбек ҳунармандлари Францияда, франциялик ҳунармандлар Ўзбекистонда тажриба алмашиб, ҳунар ўрганишларига келишиб олингани ҳақида “Ҳунарманд” уюшмаси матбуот хизмати хабар бермоқда.