Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексида ушбу тушунчага “Ушбу Кодекс билан тақиқланган, айбли ижтимоий хавфли қилмиш (ҳаракат ёки ҳаракатсизлик) жазо қўллаш таҳдиди билан жиноят деб топилади” дея таъриф берилган.
Жиноятлар сонини камайтириш, жиноят содир этган шахсларни тарбиялаш, тез фурсатларда жамиятга қўшилиб кетиши учун шароит яратиш ҳар бир давлатнинг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Статистика агентлиги расмий сайти маълумотларига кўра, 2020 йилда республикамизда 62 081 та жиноят содир этилган бўлса, бу кўрсаткич 2021 йилда деярли бир баробарга ўсиб 111 082 тани ташкил этган. Ўтган йили, яъни 2022 йилда ҳудудлар кесимида жами рўйхатга олинган жиноятлар сони 105 215 тани ташкил этган. Афсуски, ўтган йилда энг оғир жиноятлардан бири бўлган қасддан одам ўлдириш ва ўлдиришга суиқасд қилиш билан боғлиқ 397 та ҳолат қайд этилган. Шуни ҳам таъкидлаб ўтиш лозимки, 2020 йил ва ундан кейинги йилларда энг кўп содир этилаётган жиноят тури фирибгарлик ҳисобланади.
Аниқки, юқоридаги рақамлар жиноятлар сонига тегишли бўлса, жиноят содир этган шахслар сони бундан анчагина кўп эканлиги маълум. Сабаби, кўплаб жиноятлар икки ёки ундан ортиқ шахслар томонидан содир этилиш ҳолатлари ҳам кам эмас. Албатта, амалдаги қонунчиликдан келиб чиқиб, содир этилган жиноятларга адолатли жазо чоралари қўлланилмоқда.
Миллий қонунчиликка кўра, Ўзбекистон Республикаси прокуратура органлари, Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар органлари, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси жиноятчиликка қарши курашишда асосий органлардан ҳисобланади. Мазкур органларга жиноятчиликка қарши кураш йўналишида вазифа ва мажбуриятларни юклаш орқали ушбу салбий ҳолатларнинг олдини олиш имконияти мавжуд эмас. Жамиятнинг ҳар бир аъзоси, давлатимизнинг ҳар бир фуқароси жиноятчиликка қарши кураш масаласида бирлашиши, даҳлдорлик ҳисси билан яшаши лозим. Шунингдек, бу борада жамоатчилик назоратини кучайтириш кўпгина давлатларда ўзининг ижобий натижасини берганини кўриш мумкин.
Маълумки, жиноятларни профилактика қилиш масаласи долзарб бўлиб, унинг тизимли йўлга қўйилганлиги жиноятлар сони камайишига асосий таъсир этувчи омил ҳисобланади. Жиноятни аниқлаш, очиш ҳамда тегишли тартибда жавобгарлик масаласини ҳал этишга нисбатан, уни олдини олиш, содир этилишига йўл қўймаслик анчагина муҳим ҳисобланади.
Мамлакатимизда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича комплекс чора-тадбирлар, хусусан, аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, бу борада давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтларининг ҳамкорлигини такомиллаштириш мақсадида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида“ нотинч оилалар фарзандлари, уюшмаган ёшлар, иш билан банд бўлмаган, “оммавий маданият“ таъсирига тушиб қолган йигит-қизларнинг хатти-ҳаракатларини назоратга олишда уларнинг ота-оналари масъулиятини ошириш, кашандалик, алкоголли ичимликлар истеъмол қилиш ва бошқа иллатлар профилактикаси“ каби долзарб вазифалар назарда тутилган эди. Бу эса, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятига илғор иш усулларини жорий этиш, ҳуқуқбузарликларни барвақт аниқлаш бўйича фуқаролик жамияти институтлари билан самарали ҳамкорлик қилишни тақозо этади.
Шу ўринда, жамоат тартибини сақлаш (ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш)да фуқаролик жамияти (фуқаролар, ташкилотлар, кўнгилли гуруҳлар)нинг ролини ошириш зарур. Юқорида таъкидлаб ўтилганидек, ҳозирги кунда жамоат тартибини сақлаш вазифаси асосан ҳуқуқни мухофаза қилувчи органлар томонидан амалга оширилмоқда. Маълумки, жиноятларни олдини олишда аҳоли билан бевосита иш олиб борадиган, хизмат вазифасини “халқ ичида” амалга оширадиган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ички ишлар органларининг профилактика инспекторлари ҳисобланади. Профилактика инспекторларининг иш ҳажмини камайтириш, шунингдек фуқароларнинг жамоат тартибини сақлашда фаоллигини ошириш мақсадида ички ишлар органлари таянч пунктларида мазкур ҳудудда фаолият юритадиган корхона, ташкилот ва муассаса, шунингдек хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати ёки кўп квартирали уй-жой фондини бошқарув компаниялари масъул ходимлари, шунингдек фаол фуқароларни ўз ичига қамраб олган “Аҳоли билан ишлаш кенгаши”ни ташкил этиш. Япония давлати тажрибасига кўра, ҳуқуқбузарликларни олдини олиш ва уларни бартараф этиш учун ҳар бир полиция бўлимида шу каби кенгашлар иши йўлга қўйилган. 2015 йилда шу каби 45 мингдан ортиқ гуруҳлар фаолиятида 3 миллиондан зиёд кўнгиллилар иштирок этишган.
Мазкур таклифдан асосий мақсад, профилактика инспекторларида мавжуд бўлган иш хажмини кўнгилли жамоатчилик вакиллари ҳисобига қисқартириш ва фуқароларнинг ҳуқуқбузарликларни олдини олишдаги фаоллигини ошириш ҳисобланади. Келгусида ушбу механизмнинг амалиётга жорий этилиши жиноятларни олдини олишдаги муҳим жиҳатлардан бири ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги ПФ-60-сон Фармонида жиноятчиликка қарши кураш масаласига алоҳида тўхталиб ўтилган. Хусусан, Тараққиёт стратегиясининг 16-мақсадида Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш вазифасини бажариш учун жиноят ва маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар бериш ва уларни рўйхатга олишнинг «Е-ҳуқуқбузарлик» ягона автоматлаштирилган ахборот тизимини жорий этиш белгиланган.
Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган барча ислоҳотлар ўз моҳиятига кўра, инсон манфаатларини таъминлашга қаратилган. Шу жумладан, жиноят қонунчилигида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳам биринчи галда ҳар бир шахс манфаатларини қонун асосида, одилона ҳимоя қилишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.
Жиноятлар сонини камайтириш нафақат давлатнинг вазифаси, балки ҳар бир инсонни ўйлантирадиган, унга қарши курашадиган масала бўлиши лозим. Давлат, жамият ва шахслар бирлашуви асосидагина жиноятчилик сони камайтирилиши ҳамда кўзланган мақсадга етишиш мумкин. Бу ўринда, содир этилган ҳар бир жиноят учун жазонинг муқаррарлиги ҳам жиноят содир этиш ҳолатлари камайишига хизмат қилади.
Нурумов Дилшодбек Джумабаевич,
ТДЮУ, Суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва
адвокатура кафедраси профессори вазифасини бажарувчиси,