Чунки, бу қудуқ бошқа сув қудуқлари каби пастдан тепага торайиб кетмасдан унинг барча қисмида диаметри бир хил яъни, 2,60 метрни ташкил этади. Чуқурлиги 5,60 метрга тенг. Қадимги анъанага кўра қудуқнинг асоси, яъни, пойдевор қисмига Хоразм шароитида кўп учрайдиган дарахт, тут ёки гужумдан ёғоч пойдевор ўрнатилган. Ёғочнинг қалинлиги 16 сантиметр атрофида. Қудуқ деворларига 25х25х6 сантиметр ўлчамдаги пишган ғишт нозик дид билан терилган. Ғиштлар юзасида ромбсимон белгилар мавжуд. Қудуқ тахминан бундан 100-150 йил олдин қурилган. Ҳозирги кунда мазкур қудуқдан айнан нима мақсадда фойдаланилганлиги масаласи илмий жиҳатдан ўрганиляпти.

Маълумки, бугунги кунда Хива шаҳри, хусусан, шаҳарнинг қадимий қисми ҳисобланган «Ичан қалъа» давлат музейи қўриқхонаси ҳудудида туризмни ривожлантириш ва хорижлик меҳмонларга кўрсатилаётган хизматлар сифатини ҳамда музей қўриқхонаси ҳудудида истиқомат қилувчи маҳаллий аҳолининг маиший турмушини яхшилаш, шаҳарнинг ичида коммуникация, ичимлик ва оқова сувлар, газ таъминоти тизимларини янгилаш ишлари олиб бориляпти.

Шунга кўра ҳозирда, музей қўриқхонаси ҳудудида ҳукумат қарори билан 80-90 йилларда ётқизилган мавжуд эски ичимлик ва оқова сув тизимлари ер тагидан қазиб олиниб уларни тубдан янгилаш ишлари олиб бориляпти.

Мазкур қурилиш, янгилаш ишларида тупроқ остида ётган минг йиллик осори-атиқалар, маданий ёдгорликларга зарар етказмаслик мақсадида олиб борилаётган археологик текширув ишларида Хоразм Маъмун академияси «Ижтимоий-гуманитар фанлар» бўлими илмий ходимлари Дилмурод Бобожонов ва Шоҳрухмирзо Исмоилов мунтазам равишда иштирок этяпти, деб хабар беради Ўзбекистон Республикаси фанлар Академияси.