Бугунги кунда «Ўзсувтаъминот» акциядорлик жамияти томонидан жамоатчилик билан мулоқотларга, ижтимоий тармоқлардаги соҳага тегишли мақолалар ҳамда мурожаатларга муносабати юзасидан алоҳида ижро ва назорат тизими яратилган.
Ижтимоий тармоқлар орқали келиб тушаётган мурожаатлар юзасидан «Ўзсувтаъминот» акциядорлик жамияти ва унинг тасарруфига кирувчи «Сув таъминоти» масъулияти чекланган жамиятларнинг мутасаддилари томонидан жамоатчиликка кенг тушунтириш ишлари берилиб, кўтарилган муаммолар ҳал этилмоқда.
Бугунги кунда ҳудудий сув таъминоти корхоналарида жами 527 та авария тиклаш бригадаси мавжуд бўлиб, ушбу бригадаларда 2219 нафар тармоқ усталари ва чилангар ходимлар фаолият кўрсатиб келмоқда. 2020 йил давомида ичимлик суви тармоқларида содир бўлган жами 140,4 мингта авария ва носозликлар бартараф этилди. Содир бўлган авария ва носозлик ҳолатлари ўтган йилларга нисбатан 16,8 мингта ёки 12 фоизга камайган.
Республикада жами 70,4 минг км.дан зиёд ичимлик суви қувурлари мавжуд бўлиб, шундан 26,9 минг км. (38%) қисми таъмирталаб ҳолатга келган. Бунинг сабаби – ичимлик суви тармоқларининг асосий қисми ўтган асрнинг 80-90 йилларида қурилган. Шунингдек, 9,3 мингта ичимлик суви тозалаш иншоотларидан 3,5 мингтаси (38%); 7,6 минг км. оқова сув қувурлари ва коллекторларидан 1,7 минг км. (22 %); 58 та оқова сув тозалаш иншоотидан 49 таси (84%) таъмирталаб ҳолга келиб қолган.
Ушбу ҳолатларни яхшилаш мақсадида 2020 йилда сув иншоотлари, магистраль сув тармоқлари, маҳалла ва кўча бошларига 1187 та замонавий сув ҳисоблагичи ўрнатилди. 120 та сув ҳисоблагичи биллинг базасига уланиб, онлайн мониторинг йўлга қўйилди. 380 дона янги энерготежамкор насос ўрнатилиб, 1251 та насос ускунаси таъмирланди. Натижада ҳар ойда 2,6 млн. кВт ёки 1,2 млрд. сўм электр энергияси тежалди.
2,2 мингта махсус техника воситасининг 549 таси жорий ва мукаммал таъмирланди, 660 та ГПС қурилмаси ўрнатилди. Шунингдек, МЧЖларнинг ўз маблағлари ҳисобидан 63 та, Самарқанд вилояти ҳокимлиги маблағлари ҳисобидан 24 та янги махсус техника воситалари харид қилинди. Натижада тармоқларда содир бўлган аварияларнинг бартараф этилиш вақти 7-8 соатдан 2-2,5 соатга қисқартирилди.
981 км. ичимлик суви қувурлари, 38 та ичимлик суви тарқатиш иншооти, 54 та сув қудуғи, 7 та сув резервуари, 41 та сув минораси, 39 км. оқова сув қувурлари, 1 та оқова сув тозалаш иншооти ва 7 та оқова сув насос станцияси қурилиб топширилди.
Шунингдек, олис қишлоқларнинг аҳолисига сув таъминоти масъулияти чекланган жамиятлар томонидан маҳаллий ҳокимликлар билан биргаликда тасдиқланган жадвал асосида жами 1721 та махсус техника (шундан 1443 таси тадбиркорлар) орқали ичимлик сувини етказиб бериш йўлга қўйилган ва бу ишлар «Ўзсувтаъминот» АЖнинг доимий назоратида.
Мазкур ишлар жорий йилда ҳам давом эттирилиб, барча дастурларнинг молиявий манбалари ҳисобидан 1,8 минг км. ичимлик суви ва канализация тармоқлари тортилади, 118 та объект қурилади.
Халқаро молия институтларининг имтиёзли кредит маблағлари ҳисобидан ичимлик суви таъминоти бўйича 283 км. магистраль ҳамда 539 км. тармоқлар, 26 та сув иншооти, 4 та сув резервуари ва 3 та сув минораси қурилади ва реконструкция қилинади.
Оқова сув тизимлари бўйича 13 та оқова сув тозалаш иншооти, 186 км. коллекторлар ҳамда 79 км оқова сув тармоқлари, 15 та оқова сув насос станцияси қурилади ва реконструкция қилинади.
Республика бюджети ҳисобидан 88 дона ва МЧЖларнинг ўз маблағлари ҳисобидан 60 дона махсус техника харид қилинади.
«Ўзсувтаъминот» АЖ Ахборот хизмати