Бу борада халқаро ташкилотлар томонидан кенг кўламли чора-тадбирлар кўрилиб, унинг оқибатларини камайтиришга ҳаракат қилинмоқда.

Юртимизда ҳам аҳолининг тоза ичимлик сув таъминотини, сувдан фойдаланиш хизматини янада яхшилаш борасида қатор ишлар амалга ошириляпти. Президентимизнинг 2022 йил 24 майдаги “Аҳолининг ичимлик сув таъминоти ва оқова сув хизматлари билан таъминланганлик даражасини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида бу борада қилиниши лозим бўлган вазифалар белгилаб берилган.

“Навоийсувтаъминот” масъулияти чекланган жамиятининг  7 та туман ва Ғозғон шаҳрида филиаллари бўлиб, улар томонидан Навоий вилояти аҳолисига ичимлик сув ва оқова сув тизимлари бўйича хизмат кўрсатиб келинмоқда. Ўтган йили вилоят бўйича 1 миллион 100 минг аҳолининг 62,2 фоизи марказлашган ичимлик сув билан таъминланган бўлса, “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” ва бошқа инвестиция дастурлари ижросини таъминлаш натижасида 332 километр  ичимлик сув тармоғи тортилди ва бунинг учун 57 миллиард сўм маблағ йўналтирилди.

— Ушбу маблағ эвазига 45 минг аҳоли биринчи марта тоза ичимлик сув билан таъминланди, 16 мингдан зиёд аҳолининг ичимлик сув таъминоти яхшиланди. Барча дастурлар асосида 18 та сув иншооти қайта таъмирланди. Жорий йилда 1000 километрга яқин ичимлик сув тармоғи тортиш режалаштирилган бўлиб, унга 200 миллиард сўмдан зиёд маблағ сарфланади. Шу йилнинг якунида вилоятимизда аҳолининг марказлашган ичимлик сув билан таъминланиш даражасини 85 фоизга етказиш режалаштирилган, — дейди “Навоийсувтаъминот” МЧЖ директори ўринбосари Одил Ҳалимов.

Ҳудудлар кесимида таҳлил этадиган бўлсак, Кармана туманида жами 604,2 километр ичимлик сув тармоғи, 31 та ичимлик сув иншооти мавжуд. Жорий йил бошида аҳолининг марказлашган ичимлик сув билан таъминланганлик даражаси 98,9 фоизга етказилди.

Туманда 1,8 минг аҳоли муқобил ичимлик сув манбаларидан фойдаланиб келади. 2023 йилнинг ўтган даврида ҳам туман аҳолисини марказлашган оби ҳаёт билан таъминлашни яхшилаш мақсадида қатор ишлар амалга оширилди. Дўстлик маҳалласи ҳудудидаги “Янги Ўзбекистон” массивида қурилаётган кўп қаватли уйлар учун 3,6 километр ичимлик, 2,5 километр оқова сув тармоқлари тортилиб, 2 та оқова сув иншооти қурилди. Айни вақтда ҳам туман аҳолисини тоза ичимлик сув билан таъминлаш бўйича амалий ишлар давом этмоқда.

— “Чўтқара” массивида ичимлик сув таъминотини яхшилаш учун 3,2 километрлик янги тармоқ тортилди. Янги ҳаёт маҳалласи ҳудудига эса 12,2 километр узунликдаги ичимлик сув қувурларини тортиш ишлари бошланди. Бундан ташқари, бир қатор маҳаллаларда қувурларни таъмирлаш ҳамда алмаштириш ишлари олиб борилди, — дейдиНавоийсувтаъминот” МЧЖ Кармана тумани филиали ходими Севдиёр Тўхтаев.

Шунингдек, Президентимизнинг 2022 йил 18 мартдаги “Франция тараққиёт агентлиги иштирокида “Навоий вилояти Кармана туманида оқова сув тизимларини қуриш” ҳамда “Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳри ва Китоб тумани марказида оқова сув тизимларини реконструкция қилиш ва қуриш” лойиҳаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги  қарорида ҳам бир қатор вазифалар белгилаб берилган. Унга мувофиқ, Карманада қиймати 30,79 миллион еврога тенг лойиҳа ишларига старт берилади.

Ушбу лойиҳа доирасида 2022 йил давомида барча ташкилий масалалар ҳал этилиб, қарз маблағларини қайта кредитлаш битими имзоланган. Шу асосида Кармана туманида 117,2 километрдан иборат оқова сув тизими, 21,3 километр босимли коллекторлар, 12 та насос станцияси ҳамда бир кеча кундузда  9 800 куб метр  оқова сувни тозалайдиган битта  тозалаш иншоотини қурилади.

Навбаҳор туманида ҳам бу борада амалга оширилаётган ишлар салмоқли. Ҳудуддаги кўплаб маҳаллалар аҳолиси шу кунга қадар қўлбола усулда ўрнатилган “качалка”лар орқали сув ичиб келарди. Яратилган имкониятлар ва ислоҳотлар самараси туфайли бу манзилларга ҳам янги тармоқлар тортилиб, аҳоли тоза ичимлик сувдан баҳраманд бўлмоқда. Жумладан, Дул-дул,  Хашман  маҳаллаларида истиқомат қилувчи мингдан зиёд хонадонга тоза оби ҳаёт кириб борди.

Албатта, фуқароларни марказлашган ичимлик сув билан таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар кўлами йилдан-йилга кенгаймоқда. Бундай имконият  янги, обод манзиллардаги фаровон ҳаёт кафолати бўлаётгани аҳолининг бугунги кайфиятидан, мамнунлигидан ҳам сезилиб турибди.

Эътироф этиш жоизки, ушбу йўналишда олиб борилаётган ишлар натижасида вилоятнинг олис ҳудудларидаги аҳоли ҳам илк бора тоза  ичимлик сув билан таъминланмоқда. Жумладан, Қизилтепа туманидаги “Ғамхўр” МФЙ аҳолисини марказлашган ичимлик сув билан таъминлаш мақсадида 8,6 миллиард сўм маблағ эвазига ҳудудга янги тармоқ тортиш ишлари бошлаб юборилган. Бунинг натижасида 1,5 минг нафар аҳоли илк бор тоза ичимлик сув билан таъминланади ва 4 мингдан зиёд аҳолининг сув таъминоти янада яхшиланади.

“Маликобод” МФЙ аҳолиси ҳам бугунги кунда сувсозлар меҳнатидан мамнун. Дастур доирасида 18 километрга яқин сув қувурлари тортилиб, 1 та сув иншооти таъмирланди ва 600 га яқин оиланинг сув таъминоти яхшиланди.

— Аҳоли учун яратилаётган шароитлардан жуда мамнунмиз. Сабаби, ўттиз беш йилдан буён ичимлик сувни заҳира қилиб, уч-тўрт ой истеъмол қилардик. Бу орада унинг сифати ҳам бузиларди. Эндиликда тоза, сифатли сув хонадонимизгача кириб келди. Албатта, бунинг қадрига етиш, ўз навбатида, тежаш ҳам керак, — дейди маҳалла фаоли, меҳнат фахрийси Аҳрор Шомуродов.

Ҳа, узоқ йиллардан кейин илк бор ичимлик сув тармоғи келган маҳалла аҳолисининг қувончини ҳис қилиш мумкин. Улар ўз ўрнида бу неъматнинг қадрига етади ва келажак авлодга ҳам бу борада ўрнак бўлишга ҳеч шубҳа йўқ.

Фикримизни Хатирчи тумани мисолида давом эттирадиган бўлсак, 2017–2023 йилларда 26 маҳаллага 348,1 километр ичимлик сув қувурлари янгидан ётқизилди. Жумладан,  Тасмачи маҳалласида 1 та янги сув иншооти қурилиб, 1 та сув иншооти тўлиқ таъмирланди. Бу 4 мингдан зиёд аҳоли учун ҳақиқий шодиёнага айланди. Бундан ташқари, “Зарбдор”, “Қорача” ва “Чангир”, “Полвонота”, “Янгирабод” МФЙларига ҳам янги тармоқ тортилди. Жорий йилда  эса Қўрғонча маҳалласига ҳам ичимлик сув қувури ётқизилиб, икки ярим мингга яқин аҳоли тоза сувдан баҳраманд бўлди.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, она сайёрамизда аҳолининг қирқ фоизга яқини сув танқислигидан азият чекмоқда, бешдан бир қисми эса зарур инфратузилма мавжуд эмаслиги туфайли ичимлик сув таъминоти муаммолари билан яшамоқда.

Албатта, юртимизда олис ҳудудлар аҳолиси учун ҳам янги ичимлик сув тармоқлари тортилиб, уларнинг бу неъматга бўлган эҳтиёжи қаноатлантирилиб, турмуш шароити янада яхшиланаётгани эътирофга лойиқ. Ваҳоланки, Навоий ҳудуди жиҳатдан энг катта вилоят ҳисобланади. Олис ҳудудлар, сув тармоғи етиб бормаган аҳоли пунктлари оз эмас. Ушбу ҳудудларга ҳам сув тармоғини тортиш ишлари қизғин давом этмоқда.  

Жорий йилда вилоятда 430 километрдан зиёд янги ичимлик сув қувурлари тортилиши натижасида 48 та маҳалладаги 56 мингдан зиёд аҳоли илк бор марказлашган ичимлик сув билан таъминланиши режалаштирилган. Йил якунига қадар вилоят аҳолисининг тоза оби ҳаёт  билан таъминланганлик даражаси 76 фоиздан 83 фоизга етказилиши кўзда тутилган. Бу, ўз навбатида, аҳоли саломатлиги ва уларга муносиб турмуш шароити яратишда муҳим аҳамият касб этиши шубҳасиз.

Ғолиб АБДУСАЛОМОВ,

“Янги Ўзбекистон” мухбири