«Республика ҳудудларини ичимлик суви билан таъминлашга кўмаклашиш мақсадида Халқаро молия институтларининг, жумладан Осиё тараққиёт банки, Осиё инфратузилмавий инвестиция банки, Жаҳон банки, Европа тараққиёт ва тикланиш банки, Европа инвестиция банки, Араб мувофиқлаштириш гуруҳига кирувчи Ислом тараққиёт банки, Саудия тараққиёт жамғармаси ва ОПЕК жамғармаларининг имтиёзли маблағлари жалб қилинмоқда.

Мамлакатимизда ичимлик сув таъминоти ва оқова сув тизимини ривожлаштириш юзасидан Халқаро молия институтлари иштирокида жорий 2021 йилда умумий қиймати 2 350,6 млн. долларга тенг бўлган жами 22 та инвестиция лойиҳалаcи амалга оширилиши режалаштирилган бўлиб, бундан 201,1 млн. долл. ўзлаштириш кўзда тутилмоқда.

Ушбу 22 та лойиҳа қуйидаги манбалар ҳисобидан молиялаштирилмоқда:

▪️1997,8 млн. доллар (85%) Халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан;

▪️352,8 млн. доллар (15%) давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади (солиқ, божхона тўловлари буйича имтиёзлар ва ҳ.к.).

22 та лойиҳадан 16 та лойиҳа йилдан йилга ўтувчи, 6 та лойиҳа эса янги ҳисобланади.

Амалда жорий йилнинг январь-апрель ойларида 27,7 млн. доллар миқдорида халқаро молия институтларининг қарз маблағлари ўзлаштирилиб, белгиланган прогноз кўрсаткич 100,3 фоизга бажарилди.

Ўзлаштирилган қарз маблағларининг асосий қисми Осиё тараққиёт банки (жами ҳажмга нисбатан 31,4 фоиз ёки 8,7 млн. доллар),

Жаҳон банки (30,2 фоиз ёки 8,4 млн. доллар), Ислом тараққиёт банки (27,2 фоиз ёки 7,5 млн. доллар), Саудия тараққиёт жамғармаси (6,6 фоиз ёки 1,8 млн. доллар) ҳамда ОПЕК жамғармаси (4,6 фоиз ёки 1,3 млн. доллар) ҳиссасига тўғри келди.

Ушбу маблағлар асосан қурилиш-монтаж ишлари (88,6 фоиз ёки 24,4 млн. доллар), ускуна ва жиҳозлар харид қилиш (2 фоиз ёки 0,5 млн. доллар) ҳамда консалтинг хизматлари кўрсатиш ва бошқа йўналишлар (9,8 фоиз ёки 2,7 млн. доллар) учун йўналтирилди».