Шунинг учун ҳам янгиланган Бош қонунимиз “халқ Конституцияси” дея таъриф олди.
Авваламбор, янги таҳрирдаги Конституциямиз илгари амал қилиб келган “давлат – жамият – инсон” тамойилини “инсон – жамият – давлат”, деб ўзгартиргани, яъни, аввало, инсон манфаатини ҳар нарсадан устун қўйишни мақсад қилгани билан ҳам аҳамиятлидир.
Янгиланган Конституцияда Ўзбекистон “ижтимоий давлат” деган тамойил муҳрланиб, давлатнинг бу соҳадаги мажбуриятлари билан боғлиқ нормалар уч баробар ошди. “Инсон қадри учун” тамойили Конституцияда, қонунларимизда ва давлат идоралари фаолиятида бош мезонга айланди.
Масалан, ҳар кимнинг уй-жойли бўлиш ҳуқуқи белгиланди. Ушбу норманинг амал қилиши ҳар бир фуқаро, жумладан, ёш оилаларнинг ўз бошпанасига эга бўлишини таъминлаб, одамларнинг ҳаётдан розилик даражасини оширди.
Аҳоли кафолатланган бепул тиббий хизматлардан фойдаланиши белгиланди. Умуман, Конституцияда аҳоли саломатлигини асраш билан боғлиқ нормалар 4 баробар кўпайтирилди. Бу аҳоли соғлиғини ишончли муҳофаза этиш, ҳамда оналар ва болалар ўлими, юқумли касалликлар таҳдидини бартараф этишда жуда муҳим аҳамиятга эга.
Конституцияга кўплаб концептуал янги нормалар киритилди. Мисол учун, 20-моддада инсоннинг давлат органлари билан ўзаро муносабатларида юзага келадиган қонунчиликдаги барча зиддият ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин этилиши белгиланди.
Давлатнинг ўқитувчилар шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсиши тўғрисида ғамхўрлик қилиш мажбурияти кучайтирилди.
Бундан ташқари, давлат фуқароларнинг бандлигини таъминлаш, уларни ишсизликдан ҳимоя қилиш, шунингдек, камбағалликни қисқартириш чораларини кўриши ҳам мустаҳкамланди.
Ҳар ким ишсизликда ижтимоий таъминот олиш ҳуқуқига эгалиги, пенсия, нафақа ва бошқа ижтимоий ёрдам миқдорлари энг кам истеъмол харажатларидан оз бўлиши мумкин эмаслиги белгиланди.
Юқоридаги сиёсий жараёнга ҳамоҳанг тарзда 2023 йил 9 июль куни юртимизда яна бир муҳим сиёсий тадбир – муддатидан олдин Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови ўтказилди. Халқимиз сайловда фаол қатнашди. Жиззах вилояти сайловчилари овоз бериш жараёнида 91.16 фоиз натижа билан мамлакатимизда етакчилик қилди. Бу рақамлардан ҳам кўришимиз мумкинки, фуқароларимиз ўз келажаги ва фарзандлари тақдирига бефарқ эмас.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар барча соҳаларда, аҳоли турмуш даражасида намоён бўлмоқда.
Хусусан, илгари саноати асосан ун, ёғ ва пахтадан иборат бўлган Жиззах вилоятида бугунги кунда қурилиш материаллари, тўқимачилик, электротехника, оптик тола, автомобилсозлик каби юқори қўшилган қиймат яратадиган тармоқлар пайдо бўлди. Охирги 6,5 йилда ҳудуд иқтисодиёти 1,4 марта ўсиб, 27 триллион сўмни ташкил этди. Бунда саноат ҳажми 2 миллиард доллар қийматидаги лойиҳалар ҳисобига 1,8 баробар кўпайди, унинг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши 2 карра ошиб, 20 фоизга яқинлашди. Саноат ҳудуднинг барча туманларига кириб, аҳоли даромадларини оширди. Саноат, қишлоқ хўжалиги, туризм ва хизмат кўрсатиш соҳаларида жами 400 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилди.
Мактабгача таълим қамрови 16 фоиздан 75 фоизга, олий таълимда эса 14 фоиздан 34 фоизга етди. Тиббиёт муассасалари сони 280 тадан 450 тага ошди. Маҳаллаларга 700 километрдан зиёд сув тармоқлари ўтказилиб, 250 минг аҳоли илк бор ичимлик суви билан таъминланди. 6,5 минг оилани уй-жой билан таъминлаш учун 2 триллион сўмдан зиёд имтиёзли кредит ажратилди. Натижада аҳолининг турмуш шароити яхшиланди, эртанги кунга ишончи кучайди.
Президентимизнинг Жиззах вилоятидаги сайловчилар билан учрашувида вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича бешта стратегик йўналишдаги режа баён этилди.
“Ўзбекистон – ижтимоий давлат” тамойили асосида, аввало, шу соҳаларни ривожлантириш устувор вазифа экани таъкидланди. Амалга оширилган кучли ижтимоий сиёсат натижасида мактабгача таълимга қамров 27 фоиздан 72 фоизга, олий таълим билан қамров эса 9 фоиздан 38 фоизга ошди, мактабларда қўшимча 700 минг ўқувчи ўрни яратилди.
Президентимиз айтганидек, бу ишлар асло тўхтаб қолмайди. 2030 йилгача Жиззах вилоятида 400 та янги боғча ва янги мактаб қурилади, мавжудларининг қуввати оширилади. Натижада мактабгача таълим қамрови 100 фоизга етказилади.
Аҳоли саломатлигини асраш доирасида 85 та тиббиёт муассасаси қурилади ва таъмирланади. Хусусан, аллергология, урология, нейрохирургия каби 12 та ихтисослашган марказ филиали, перинатал марказ ишга туширилади.
Аҳолининг уй-жойга эҳтиёжини қондириш мақсадида 25 минг оилага мўлжалланган 500 та кўп қаватли уй барпо этилади.
Вилоятда энг долзарб бўлган ичимлик суви масаласи бўйича Зарафшон дарёсидан 160 километр магистрал қувур тортилиб, 600 минг аҳолининг сув таъминоти яхшиланади. Ҳудуднинг марказлашган ичимлик суви таъминоти 90 фоизга етказилади.
Қайд этиш жоизки, айни пайтда аҳолиси 1 миллион 443 мингдан ортиқ бўлган Жиззах вилоятида марказлашган тоза ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 62 фоизни ташкил этади. Лекин бугун вилоятнинг 38 фоиз аҳолиси ҳамон муқобил ичимлик суви манбаларидан фойдаланиб келмоқда. Ушбу ва бошқа давлат дастурлари ижросини таъминлаш мақсадида аҳолининг тоза ичимлик сувига бўлган талабини тўла қондиришда Президентимизнинг 2018 йил 4 майдаги “Жиззах вилояти аҳолисини сифатли ичимлик суви билан таъминлашни яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори муаммони ҳал этишнинг муҳим омили бўлмоқда.
Юқоридаги қарор асосида “Зарафшон дарёси сувидан фойдаланиш ҳисобига Жиззах вилоятининг ичимлик суви таъминоти тизимини яхшилаш” лойиҳаси тўлиқ амалга оширилгач, сув танқислиги кузатилаётган Жиззах шаҳри, Бахмал, Ғаллаорол, Шароф Рашидов, Пахтакор, Зафаробод, Дўстлик, Мирзачўл туманлари аҳолисининг тоза ичимлик сувига бўлган талаби яхшиланади. Бу, ўз навбатида, аҳолининг оби-ҳаёт билан таъминланиши баробарида ҳудудларни ривожлантиришда ҳам муҳим аҳамият касб этади.
2030 йилга қадар вилоятда камбағаллик даражасини 16 фоиздан 5 фоизга қисқартириш, 370 минг аҳоли бандлигини таъминлаш мақсад қилинган. Бунинг учун ҳар бир туманда ишсиз аҳолини касбга тайёрлайдиган моно-марказлар ташкил этилади. Оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида 5 триллион сўм имтиёзли кредит ажратилиб, лойиҳалар “қўл меҳнати”дан саноатлашган ишлаб чиқариш босқичига ўтказилади.
Барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш мақсадида кейинги 7 йилда саноат ишлаб чиқариш ҳажми 2 баробар оширилади. Саноат маҳсулотлари экспорти 6 карра оширилиб, 1 миллиард долларга етказилади. Вилоятга 14 миллиард доллар инвестиция жалб қилиниб, 6 мингдан зиёд лойиҳа ишга туширилади.
Президентимиз мамлакатимизда аҳолини камбағалликдан чиқариш бўйича янги ислоҳот асосчиси ва муаллифи бўлди. Эҳтиёжмандларни ҳисобга олиш, касбга ўқитиш, тадбиркорлигига кўмаклашиш орқали уларнинг бандлиги ва ижтимоий ҳимоясини таъминлаш бўйича мутлақо янги тизим яратилди.
Ушбу даврда 2 миллиондан ортиқ ёки 2017 йилга нисбатан 5 баробар кўп оила давлатнинг ижтимоий ҳимояси билан тўлиқ қамраб олинди.
Тарихимизда илк бор 200 минг гектар суғориладиган пахта ва ғалла экиладиган ерлар 2 миллиондан зиёд аҳолига, биринчи навбатда, эҳтиёжмандларга деҳқон хўжалигини юритиш – бозорбоп озиқ-овқат экинлари етиштириш учун тақсимлаб берилди.
Жиззах вилоятида ҳам пахта ва ғалладан бўшаган 14 минг гектар ер аҳолига берилиб, 100 минг кишининг бандлиги таъминланмоқда. Энди яна 15 минг гектар ер озиқ-овқат экинлари етиштириш учун ажратилади. Аграр соҳада 1,3 миллиард долларлик 1,5 мингта лойиҳа амалга оширилиши ҳисобига қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажми 1,5 карра оширилади, экспорт 500 миллион долларга етади. Экин майдонларида сувни тежовчи технологиялар жорий этилади, кўп каналлар бетон қопламага ва ёпиқ қувурли суғориш тизимига ўтказилади.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев лавозимга киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисидаги нутқида “Кечаги натижа, кечаги қараш ва мезонлар энди тарих. Улар энди бизни қониқтирмайди. Янги давр учун янги ғоя ва ташаббуслар керак, янги натижалар керак”, деди. Бу янги Ўзбекистон ислоҳотларига уйғун тарзда дадил одимлаётган мамлакатимизнинг бугунги кундаги пировард мақсадларидан бирига айланди.
Ҳақиқатан ҳам, ўтган қисқа вақтда мамлакатимизда оламшумул ўзгаришлар юз берди. Президентимизнинг халқчил ташаббуслари ва концептуал ғоялари асосида Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси ишлаб чиқилди.
Унда янги Ўзбекистонимизнинг мустаҳкам пойдеворини барпо этишда “Инсон – жамият – давлат” ва “Инсон қадри учун” деган эзгу ғоялар устувор этиб белгилаб қўйилди. Яъни аввал инсон, кейин давлат тамойили яратилди.
Кўплаб норозиликларга сабаб бўлаётган, халқимиз манфаатига алоқадор бўлган мулк ҳуқуқи дахлсизлиги Конституцияда мустаҳкамланди.
Тадбиркорларга қанча йиллардан буён тўсиқ бўлиб келаётган юзлаб муаммолар ечим топди, уларга жуда катта имкониятлар яратилди.
Аграр соҳада илгари ҳатто тасаввур қилиб бўлмаган ўзгаришлар юз берди. Пахта ва ғаллачиликда давлат буюртмасидан тўлиқ воз кечилиб, эркинлик берилди, фермерларнинг манфаатдорлиги ошди. Энг қувонарлиси, соҳада мажбурий меҳнатга барҳам берилди.
Агар рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, давлатимиз раҳбари саъй-ҳаракати билан ўтган олти ярим йилда мамлакат ялпи ички маҳсулот ҳажми тарихий кўрсаткич – 80 миллиард долларни ташкил этиб, экспорт ҳажми 1,5 баробар, хорижий инвестициялар ҳажми эса 3 баробар ўсди. Бунинг натижасида аҳолининг харид қобилияти ва ўртача ойлик иш ҳақи қарийб 2 баробар ошди.
Ўтган йиллар мамлакатимизнинг нафақат ички, балки ташқи сиёсатини ҳам тубдан ўзгартирган давр бўлди. Президентимизнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти минбаридан туриб илгари сурган бир қатор глобал ташаббуслари дунё ҳамжамияти томонидан фаол қўллаб-қувватланмоқда.
Албатта, бу натижаларга эришиш осон бўлмади, эришилаётган ҳар бир мақсад улкан машаққат ва меҳнат талаб қилади. Саъй-ҳаракатлар, аниқ мақсадни кўзлаб қилинаётган ишлар бугун ўз самарасини бермоқда. Муҳими, халқимиз ушбу ислоҳотлар моҳиятини чуқур англаб, қўллаб-қувватламоқда.
Президентимизнинг “Ҳеч бир фуқаро ўз муаммоси билан ёлғиз қолиб кетиши мумкин эмас”, “Биз эшитадиган давлатмиз”, деган талаблари барча раҳбарлар учун дастуруламал бўлмоқда. Бугун фуқароларнинг бирорта мурожаати эътибордан четда қолмайдиган тизим яратилган.
Президентимизнинг “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”, деган тамойили асосида барча даражадаги идора раҳбарлари аҳолининг муаммолари, мурожаатлари билан шуғулланмоқда.
Умуман олганда, аниқ режа асосида қилинган ҳаракатлар самараси ўлароқ, бугун Халқ қабулхоналарига келиб тушаётган мурожаатлар ҳам ўз ечимини топмоқда.
Жиззах вилоятининг барча маҳаллаларида мунтазам равишда оммавий қабуллар, ваколатли органлар иштирокида танқидий муҳокамалар ўтказилиши натижасида мурожаатлар сони ўтган йилга нисбатан 19 фоизга камайишига эришилди. Аҳамиятлиси, ўтказилган сайёр қабуллар натижасида фуқаролар ўз муаммоларига ижобий ечим топмоқда.
Жисмоний ва юридик шахслар ҳар бир мурожаатининг ижроси алоҳида назоратга олингани, ташкилот ва идоралар раҳбарларининг халқ билан мулоқот тизими шакллангани боис, Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал ва Халқ қабулхоналари орқали келиб тушган мурожаатларнинг 13,5 мингдан зиёди ижобий ҳал этилди.
Шубҳасиз, ҳар бир мурожаат ортида инсонлар тақдири туради. Шу боис, мурожаатларда кўтарилаётган масалалар қайси соҳада кўпайиб бораётгани, қайси ҳудуд ва тармоқда муаммолар йиғилиб қолгани, қандай оилалар давлатимизнинг эътибор ва рағбатига кўпроқ муҳтож бўлаётгани бўйича Халқ қабулхоналари томонидан доимий таҳлиллар олиб борилмоқда. Таҳлиллар натижасида туманларда ҳам ижобий кўрсаткичлар сони ортиб бораётгани кўринади. Жорий йилнинг олти ой давомида масалаларни ижобий ҳал этиш даражаси Мирзачўл туманида 66 фоиз, Фориш туманида 64 фоиз, Зарбдор туманида 63 фоиз, Арнасой туманида 62 фоиз, Бахмал туманида 62 фоизга етган.
Қувонарлиси, мурожаатлар ечими ўлароқ одамларимизда розилик ҳиссини ошираётган бундай амалий натижаларни ўнлаб, юзлаб келтириш мумкин. Бундан буён ҳам мурожаатлар билан ишлашда талабчанлик ва синчковлик кучайтирилади ва қонун устуворлиги таъминланади.
Бу эса, давлатимиз раҳбарининг “Янги Ўзбекистон, бу – аввало, инсон қадри улуғланган, миллати, тили ва динидан қатъи назар, ҳар бир ватандошимиз ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун барча имкониятлар яратилган мамлакатдир” деган гапининг амалдаги исботидир.
Албатта, амалий натижлар билан бирга камчиликлар ҳам мавжуд. Уларни ҳам босқичма-босқич бартараф этиш йўллари изланмоқда. Асосийси, халқимиз оғизбирчиликда юртимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишни мақсад қилган. Президентимиз бошчилигида юксак мақсад – ҳар томонлама ривожланган янги Ўзбекистонни биргаликда барпо этишга маҳкам бел боғлаган. Биз ишонамиз, кенг кўламли ислоҳотлар натижасида яқин йилларда жонажон юртимиз дунёнинг энг тараққий этган давлатлари қаторидан жой олади. Зеро, бунинг учун мустаҳкам замин яратиб олдик ва аниқ ўйланган режаларимиз бор.
Фикримизни битта мисол билан мустаҳкамлаб қўямиз: Президентимиз Жиззах вилоятидаги сайловчилар билан учрашувида ёшларга оид давлат сиёсатини янада такомиллаштириш борасида бир қатор ташаббусларни илгари сурган эди. Унда ёшлар бандлигини таъминлаш бўйича етти йиллик катта дастурни амалга ошириш, ёшларга замонавий билим ва кўникмаларни ўргатиб, юқори даромадли соҳада ишлай олиши учун шароит яратиш, ахборот технологиялари таълими ва хизматлар занжирини ишга тушириш, кўпроқ ёшларни спортга жалб қилиш каби катта ташаббуслар ҳақида сўз борди.
Бу каби мақсадларни амалга ошириш асносида ҳар бир вилоятда “Ёшлар ижтимоий-иқтисодий маркази”ни ташкил қилиш, “Менинг биринчи уйим” лойиҳаси доирасида ҳар бир вилоят марказида айнан ёшлар учун йилига 1 мингта уй-жой қуриш кўзда тутилаётгани ҳам ғоят муҳимдир. Қолаверса, коллеж ва техникумларда касб-ҳунарга ўқитиш тизими ислоҳ қилиниб, ОТМларда амалиётга йўналтирилган касбларга тайёрлаш муддати қисқартирилиши ҳам ёшлар учун катта имкониятлар эшигини очиши шубҳасиз.
Бу – бежиз эмас, албатта. Ўзингиз ўйлаб кўринг, кейинги 3 йилда 250 минг ёшга 6 триллион сўмдан зиёд имтиёзли кредитлар ажратилган. Пировардида, ёш тадбиркорлар сони 200 мингдан ошди. Ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида 130 минг талабага 1 триллион 700 миллиард сўм таълим кредитлари ажратилди. 53 минг эҳтиёжманд талабага ўқиш учун контракт пуллари, 81 минг талабага уй-жой ижараси харажатлари тўлаб берилди. Буларнинг бари мамлакатимизда ёш кадрларнинг салоҳиятли, фидойи ва жонкуяр авлоди етишиб келаётганидан далолат беради.
Юқорида айтганимиздек, мамлакатимиз дунёнинг энг тараққий этган давлатлари қаторидан жой олиши учун мустаҳкам замин яратганимиз асоси ҳам шу – янги Ўзбекистон ёшлари учун берилган катта имкониятлар. Бу йўлда мақсадимиз аниқ, йўлимиз аниқ, режаларимиз аниқ – ижтимоий давлат тамойилларини ҳаётга ҳеч бир оғишмай татбиқ этиш. Зеро, ижтимоий давлат қувончини халқимиз билан биргаликда, ҳамжиҳатликда, бирдамлик ва меҳр билан ҳис қилсак, унинг қадрига етсак ва ўз зиммамиздаги вазифаларни виждонан бажарсак, ҳеч ким бизга тенг кела олмайди.
Байрамбек УЗОҚОВ,
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Жиззах вилоятидаги Халқ қабулхонаси мудири