Мамлакатимизда таълим тизими кенг ислоҳ қилинмоқда. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, таълим муассасаларида ўқитиш методикаси ўзгармаса, таълим сифати ҳам, мазмуни ҳам, муҳит ҳам ўзгармайди. Айни шу мақсадда таълим тизимида жаҳонда синалган ва яхши самара бераётган янги стандарт ҳамда методикалар кенг жорий этиляпти. Мактаб, ўрта ва олий ўқув юртларида тажрибали хорижлик педагоглар сабоқ бермоқда, ўзаро тажриба йўлга қўйилган.
Президентимизнинг 2024 йил 21 июндаги “Қори Ниёзий номидаги Тарбия педагогикаси миллий институтини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорида 2025-2026 ўқув йилида умумий ўрта таълим муассасаларида жаҳонда тан олинган ижтимоий-эмоционал таълим — Social and Emotional Learning методикаларини босқичма-босқич жорий қилиш вазифаси белгиланган.
Шу ўринда ушбу методика нега жорий қилинмоқда, деган табиий савол туғилади. Бу, албатта, бежиз эмас. Чунки бугун ижтимоий-эмоционал таълим дунё миқёсида жуда катта педагогик аҳамиятга эга ҳодиса ҳисобланади.
Ижтимоий-эмоционал таълим атамаси дастлаб АҚШда XX асрнинг 60-йилларида истеъмолга киритилган. Таниқли болалар психологи Жеймс Комер болалар ўқув марказидаги ҳамкорлари билан “Комер мактабининг ривожланиши” дастурини муваффақиятли синовдан ўтказган. Ушбу дастур дастлаб иккита паст кўрсаткичли мактабга ишлаб чиқилган эди. Дастур мактаб ўқув фаолияти учун қулай муҳит яратиш, бу муҳитни ўқувчилар қадрлаши ва севиши, болалар билан боғлиқ муаммоларни диалог ва эмпатия воситасида ечиш, ўқитувчи ўта қаттиққўллик қилмаслиги, аксинча, ўқувчилар билан дўстона муносабатда бўлишини назарда тутади. Ушбу мақсадга йўналтирилган педагогик жараёнга ўқитувчилар, психологлар, тиббиёт ходимлари ва ота-оналар жалб қилинган.
Ўтган асрнинг 80-йилларига келиб, ўқувчиларнинг ўзлаштириши ўртадан юқори даражага кўтарилади. Уларнинг хулқ-атвори ва мактабга қатнаши билан боғлиқ муаммолар тўлиқ бартараф этилади. Шу боис, ижтимоий-эмоционал таълим методикалари бугунги кунда нафақат АҚШда, балки Буюк Британия, Россия каби дунёнинг кўплаб ривожланган мамлакатларида кенг қўлланилмоқда ва тадқиқ қилиняпти.
Юқорида тилга олинган қарорда умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларига 5 та — ўз-ўзини англаш, ўз-ўзини бошқариш, ижтимоий хабардорлик, тенгдошлари билан муносабатларни шакллантириш ва масъулиятли қарор қабул қилиш каби ижтимоий-эмоционал компетенцияларни ўргатиш назарда тутилган. Бу жараёнга нафақат педагоглар, балки ота-оналар ҳам жалб этилади. Чунки бундай таълим ўқувчиларни ҳар томонлама ривожлантиришга йўналтирилган катта педагогик аҳамиятга эга ўқув жараёнидир.
Бунда ўқувчиларда келажак ҳаёти учун зарур кўникмалар шакллантирилади. Ижтимоий-эмоционал таълим эмоционал интеллектнинг муҳимлиги, шахснинг муваффақият қозониши, билимларни пухта ўзлаштириш ҳамда шахслараро позитив муносабатлар аҳамиятини ўқувчи, ўқитувчи ҳамда ота-оналар ҳам англашига хизмат қилади.
Ўқувчиларда бу турдаги компетенцияларни ривожлантириш уларнинг ўқув жараёни ва ижтимоий муносабатлардаги муваффақиятини таъминлайди. Чунки уларнинг ҳис-туйғулари ва кечинмалари нимани қандай ўрганишларига самарали таъсир кўрсатади. Қўллаб-қувватлаш ва ҳамдардликка асосланган муносабат, ўз навбатида, ўқув жараёни самарадорлигини оширади.
Ижтимоий-эмоционал таълим болаларнинг ўзлаштириш даражасида ҳам ижобий роль ўйнайди. Уларнинг саломатлигини муҳофаза қилишга муносиб ҳисса қўшади, маданият даражаси ҳамда ғояларни генерациялаш имкониятини оширади. Бу эса ўқувчиларнинг бутун ўқув фаолияти давомида муваффақиятга эришишини таъминлаб, уларга руҳий кўтаринкилик бағишлайди.
Мазкур метод ўқувчилар учун хавфсиз ва қулай муҳит яратади. Натижада улар мураккаб вазиятларга ечим топиш, уни ўз амалий фаолиятида синаб кўриш, масъулиятни ҳис қилиш ва ҳис-туйғуларни бошқариш кўникмасига эга бўлади. Шунингдек, турли босимларга қарши курашиш стратегиясини ўзлаштириш ҳамда ундан амалда фойдаланиш, муваффақиятли ўқув муҳитини яратиш ва креатив фаоллик кўрсатиш имкониятини тақдим этади.
Бундай таълим ўқувчиларга қатор когнитив, шахсий ва ижтимоий компетенцияларни шакллантириш учун ҳам қулай. Мактабда болалар ўзига маъқул педагогик муҳитда таълим олади. Шу билан бирга, эгаллаган назарий билимларини амалий фаолият орқали мустаҳкамлаб, зарур кўникмаларга эга бўлади. Ён-атрофдаги турли ёт ғоялар ва таҳдидлар ўқувчиларга таъсир қилиши шубҳасиз. Ижтимоий-эмоционал таълим эса ўқувчилар ривожи учун муваффақиятли педагогик муҳит яратади.
Қарорда ўқувчиларни ҳаётга тайёрлашга қаратилган 5 та муҳим компетенцияни тизимли тарзда шакллантириш назарда тутилган. Жумладан, ўз-ўзини англаш компетенцияси эмоционал интеллектнинг асосини ташкил этиб, ўқувчилар ўз шахсий ҳис-туйғуларини англаш лаёқати, мотив ва таъсирларга эга бўлишини таъминлайди. Бошқа томондан, эмоционал интеллект ўз-ўзини англаш, ҳамдардлик, ижтимоий кўникма, турли вазиятларга мослашиш ва ундан қандай қилиб чиқиб кетиш каби кўникмаларни мужассамлаштиради. Бу эса ўқувчиларда шахс сифатида шаклланиш туйғусини уйғотади, фаолияти самарадорлигига ишонч туғдиради. Ўзлаштирилган билимлар ўқувчиларнинг нимага қодир эканини англашига кўмаклашади. Натижада улар ўз истиқболи учун қандай билим ва кўникмалар зарурлигини англаб етади. Ўз-ўзини англаш компетенцияси ўқувчиларнинг ҳис-туйғуси, хулқ атвори, фикрларини назорат қилиш йўлларини излаш имкониятини кенгайтиради.
Ижтимоий хабардорлик компетенцияси эса ўқувчиларда ўз олдига позитив мақсадлар қўйиш ва унга эришиш, ён-атрофдагилари ва синфдошларига кўмаклашиш туйғуси пайдо бўлиши, муаммоларга ечим топиш ва муҳим қарорлар қабул қилиш каби кўникмалар ривожини таъминлайди. Бу жиҳат шахснинг яхлит тарзда ривожланиши ва муваффақиятга эришишида муҳим аҳамият касб этади.
Масъулиятли қарорлар қабул қилиш ижтимоий-эмоционал таълим жараёнида ўқувчилар учун зарур кўникмалар сирасига киради. Масъулиятли қарорлар қабул қилишга тайёрлаш ўқувчиларда фикрлаш кўникмасини ривожлантиришни тақозо этади. Шахслараро муносабатларга эга бўлиш кўникмаси ўқувчиларда атрофдагилар, тенгдошлари ва ўқитувчилар билан муваффақиятли ҳамкорликка киришиш каби кўникмаларни пайдо қилади.
Бу фаол тинглай билиш, жамоада ишлаш, атрофдагилар билан соғлом муносабатга кириша олиш, зиддиятли вазиятларда мақбул қарорлар қабул қилишдан иборат. Ушбу кўникмалар ижтимоий-эмоционал таълим жараёнини самарали ташкил этиш ва муваффақиятли бошқариш натижасида шаклланади.
Ўқувчиларда мустақил фикрлай олиш, ғамхўр, интизомли ва ахлоқли бўлиш, ҳамкорлик ва ўзаро баҳам кўра олиш каби кўникмаларни ривожлантиришда ҳам ижтимоий-эмоционал таълим методикалари муҳим аҳамиятга эга. Бундай кўникмаларни шакллантиришга хизмат қиладиган ўқув материаллари, дидактик матн ва видеоконтентлар ўқувчиларнинг шахсий эҳтиёжини қондириш ва ижтимоий-эмоционал жиҳатдан ривожлантириш имконини беради. Натижада улар учун синфдошларига нисбатан позитив муносабатда бўлиш ҳамда руҳий кўтаринкиликка асосланган таълим муҳити яратилади.
Дунё миқёсида глобаллашув жараёни кечаётган, фан ва технологиялар кун сайин ривожланаётган бир даврда ўқувчилар эгаллаётган билим ва кўникмалар муҳим аҳамиятга эга. Бу эса, ўз навбатида, шахс ривожига кучли эҳтиёж туғдиради, ўқувчиларнинг таълим муассасасидаёқ турли вазиятларда тўғри қарор қабул қилиш кўникмасига эга бўлишини тақозо этади.
Ижтимоий-эмоционал таълим бугунги кунда замонавий педагогиканинг асосий таркибий қисмига айланмоқда. У ўқувчиларда лидерлик, креатив фикрлаш, мураккаб муаммоларни ечиш лаёқатини ривожлантиради. Бу эса уларнинг келажакда фаровон ҳаёт кечириши, фаол фуқаролик позициясига эга бўлиши, жамият аъзоларининг бир-бирини ўзаро тушуниши ва англаши, ҳурмат назари билан қараши, толерантлик кўникмасини намоён этишига кўмаклашади. Ижтимоий-эмоционал таълим болалар келажаги учун зарур инвестициядир. У ўқувчиларга фақат билим бериш билан чекланиб қолмай, уларни келажак ҳаётга тайёрлаш имконини яратади. Бунинг натижасида ўқувчилар нафақат ўз келажагини белгилайди, балки мамлакат ривожи ва тараққиёти учун фойдали шахс бўлиб вояга етади.
Роҳатой САФАРОВА,
педагогика фанлари доктори, профессор