Қарорга кўра, ижтимоий картани муомалага чиқариш ва фойдаланиш учун тақдим этиш молиявий агент вазифасини бажарувчи резидент тижорат банклари томонидан амалга оширилади. 

Бунда:

  • барча фуқаролар учун дастлаб электрон ижтимоий карта муомалага чиқарилади ва фойдаланиш учун тақдим этилади;
  • банк картаси шаклидаги ижтимоий карта фуқароларнинг хоҳишига кўра муомалага чиқарилади ва фойдаланиш учун тақдим этилади.

Ижтимоий картани муомалага чиқариш ва фойдаланиш учун тақдим этиш бўйича аризалар қуйидагилар орқали тақдим этилади:

  • ЯИДХП (my.gov.uz);
  • “Ижтимоий карта” мобил иловаси;
  • “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари ҳамда ➖алоҳида ҳолларда ижтимоий ходимлар;
  • молиявий агент.

Ижтимоий картани самарали амалиётга татбиқ этиш ҳамда “Ижтимоий карта” АТ ва мобил илованинг лозим даражада ишлашини таъминлаш мақсадида:

  • 2025 йил 1 январдан бошлаб “Ижтимоий карта” АТ ва мобил иловани техник қўллаб-қувватлаш ижтимоий карта бўйича тўлов хизматларини кўрсатувчи тўлов ташкилотининг туну-кун фаолият кўрсатадиган техник хизмати томонидан амалга оширилади;
  • 2025 йил 1 февралдан ижтимоий картани муомалага чиқариш ва фойдаланиш учун тақдим этиш масалалари бўйича Агентликнинг ахборот-маълумотнома хизматларини кўрсатувчи “1070” қисқа рақамли ва туну-кун фаолият кўрсатадиган хизмати (“Ишонч телефони”) фаолияти тест режимида йўлга қўйилади.