Янги таҳрирдаги Конституциямизда Ўзбекистон ижтимоий давлат экани мустаҳкамлаб қўйилди. Ижтимоий мажбуриятларга доир нормалар 3 баробар оширилиб, меҳнатга лаёқатсиз ва ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд бошқа тоифалари ҳуқуқлари давлат ҳимоясида бўлиши белгиланди.

Сўнгги йилларда бу жабҳада қилинаётган ишлар натижасида ижтимоий ҳимоя янги босқичга олиб чиқилиб, ягона марказлашган тизим сифатида шакллантирилди. Туман ва шаҳарларда “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари, ҳар бир маҳаллада ижтимоий ходимлар фаолияти йўлга қўйилди. Маҳалла даражасида ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга 100 дан ортиқ ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш тизими яратилди. Ногиронлиги бўлган шахсларга кўмаклашиш, жамиятга интеграциялаш, сифатли протез-ортопедия ва реабилитация воситалари билан таъминлаш тизими такомиллаштирилди.

Имконияти чекланган аҳоли камбағалликка тушиб қолишининг олдини олиш ва уларни қўллаб-қувватлаш, инклюзивлик асосида жамиятга интеграция қилиш мақсадида янги ёндашувлар ишлаб чиқилди. Муносиб меҳнат шароитлари яратиляпти, меҳнат бозорида талаб юқори касблар бўйича ўқитиляпти ва бандлиги таъминланяпти. Имконияти чекланган болаларни мактаб ва касбий таълим билан қамраб олиш учун алоҳида дастурлар амалга ошириляпти. Оғир вазиятга тушиб қолган болаларга ғамхўрлик қилиш ва уларни зўравонликнинг ҳар қандай кўринишидан ҳимоялаш борасида янги тажриба яратилди. Албатта, бундай хайрли ишлар инсон қадрини улуғлаш, жамиятда меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлашда ўз самарасини бермоқда.

Президентимизнинг 2025 йил 26 декабрдаги “Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларига давлат ижтимоий қўллаб-қувватлаш чораларини тақдим этиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу жабҳадаги ишлар ривожида муҳим ҳуқуқий асос бўлди. Мазкур ҳужжат билан ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли вакилларининг оғир ҳаётий вазиятга, шунингдек, камбағалликка тушиб қолишининг олдини олиш, фаровон ҳаёт кечириши учун муносиб шароитлар яратиш, молиявий барқарорлигини ошириш ва салоҳиятини рўёбга чиқаришга қаратилган давлат ижтимоий қўллаб-қувватлаш чораларини тақдим этишнинг янги тизими жорий қилинди.

— Ҳужжатга мувофиқ, жорий йил 1 февралдан бошлаб Ижтимоий ҳимоя ягона реес­три ва Камбағал оилалар реестри негизида Ижтимоий реестр жорий этилди, — дейди Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги бўлим бошлиғи Зайниддин Аралов. — Ижтимоий реестрга киритилган оилалар ижтимоий-иқтисодий ҳолатидан келиб чиқиб, учта тоифага ажратилди. Бундан мақсад эҳтиёжманд оилаларга кўрсатилаётган давлат кўмагини янада яхшилаш ва ижтимоий хизматлар қамровини кенгайтиришдир.

Ижтимоий реестрга киритилган ­оилаларга давлат томонидан кўрсатиладиган қўллаб-қувватлашнинг янги тартибига мувофиқ, “давлат таъминотидаги ­оила”ларга аъзоларининг бандлик ҳолатидан қатъи назар, болалар нафақаси ва моддий ёрдам узлуксиз тўлаб борилади. Зеро, бундай оила аҳлининг аксарияти меҳнатга лаёқатсиз ёки меҳнат қилиш имконияти чекланган бўлади. Шу боис, уларни узлуксиз қўллаб-қувватлаш оилада ижтимоий-иқтисодий барқарорликка замин яратади. Шу мақсадда ижтимоий ҳимоя чора-тадбирлари янада такомиллаштирилиб, “давлат таъминотидаги оила”лар учун қатор ижтимоий ёрдам пакетлари ҳам жорий этиляпти.

Жумладан, уларнинг хонадонига қуёш панеллари ўрнатиш учун Камбағалликни қисқартириш давлат мақсадли жамғармасидан базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 бараваригача миқдорда субсидия ажратилади. Ушбу оилаларнинг меҳнатга лаёқатли аъзолари бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ёки кенгайтиришга кўмаклашиш учун Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури доирасида тижорат банклари орқали 4 йилгача муддатга ­базавий ҳисоблаш миқдорининг 75 бараваригача миқдорда кредит тақдим этилади.

Бунга чорва моллари, парранда, қуён, балиқ ва асалари уяси, кўчма дўконлар, мотороллер, скутер ва бошқа асосий воситаларни сотиб олиш ёки иссиқхона қуриб, оилага қўшимча даромад киритиш мумкин. Кредит бир йиллик имтиёзли давр билан “давлат таъминотидаги оила” тоифасидаги оила аъзосининг ижтимоий картасига ўтказилади. Кредит фоиз ставкаси Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури доирасидаги фоиз ставкасида ҳисобланади ва фоиз тўловлари Камбағалликни қисқартириш давлат мақсадли жамғармасига давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар ҳисобидан тижорат банкларига қоплаб берилади.

“Давлат таъминотидаги оила” ёки “камбағал оила” тоифаларидан “камбағаллик чегарасидаги оила” тоифасига ўтганларга уларнинг ижтимоий реестрдаги аввалги тоифаси учун қонунчиликда назарда тутилган давлат ижтимоий қўллаб-қувватлаш чоралари кейинги ўн икки ой муддатда фойдаланиш ҳуқуқи билан сақлаб қолинади.

Фармонга мувофиқ, оила аъзоларининг ҳар бирига тўғри келадиган жами ўртача ойлик даромади минимал истеъмол харажатларининг бир бараваридан бир ярим бараваригача бўлган оилалар камбағаллик чегарасидаги оила деб белгиланди. Илгари ушбу тоифадаги оилаларга болалар нафақаси ва моддий ёрдам тўланмаган. Янги тизимга кўра, ушбу оилаларга шундай тўловлар

6 ой давомида оиланинг даромадига қараб тўланади. Бунда оиланинг даромади минимал истеъмол харажатларининг 1-1,25 бараваригача бўлганда болалар нафақаси ёки моддий ёрдам 75 фоиз, минимал истеъмол харажатларининг 1,25 -1,5 бараваригача бўлганда

50 фоиз миқдорда тўланади.

Аввалги тартиб бўйича даромади минимал истеъмол харажатидан ошган ­оилаларни, гарчи кўмакка эҳтиёжи бўлса-да, реестрларга киритишнинг имкони йўқ эди. Энди ушбу ҳолат бартараф этилиб, “маҳалла еттилиги”га оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган оилаларни тавсия асосида “камбағаллик чегарасидаги оила” тоифасига киритиш ҳуқуқи берилди. I ва II гуруҳ ёки болаликдан ногиронлиги бўлган шахс бор оилалар, боқувчисини йўқотган ёки боласини ёлғиз тарбиялаётганлар, ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз яшовчи ҳамда ёлғиз шахслар, оила аъзоси муддатли ҳарбий хизматда ёки жазони ижро этиш муассасасида бўлган оилалар бу жараёнда алоҳида эътиборга олинади.

Қолаверса, оила аъзоси психиатрия, наркология, сил касалликлари диспансерида ёки онкология марказларида рўйхатда бўлган, гематология, иммунология, жигар, буйрак етишмовчилиги каби оғир касалликка чалинган аъзоси бор оилалар, ёнғин, бахтсиз ҳодиса, табиий ёки техноген фавқулодда вазиятлардан жабрланган оилалар “маҳалла еттилиги” тавсияси асосида ижтимоий кўмакдан баҳраманд бўлиши мумкин. Бу имконият туфайли оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган 120 мингдан ортиқ эҳтиёжманд оила Ижтимоий реестр билан қамраб олинади.

Аҳолининг эҳтиёжманд қисмини қўллаб-қувватлаш бўйича давлатимиз томонидан яратилаётган бундай кўмак ва ёрдамдан баҳраманд бўлиш учун Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz), Давлат хизматлари ва “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари, маҳаллалардаги ижтимоий ходимлар ва ижтимоий карта мобил иловаси орқали ариза бериш имконияти яратилди.

Мурожаат қилувчилар Ижтимоий реестрга киритиш тўғрисидаги аризасида болалар нафақаси ёки моддий ёрдам тайинлаш билан бирга оиланинг бошқа эҳтиёжларини ҳам баён этиши мумкин. Аризасида кўрсатилган эҳтиёжлардан келиб чиқиб индивидуал режа ишлаб чиқилади ва шу асосда оиланинг барча ижтимоий муаммоларини ҳал этиш чоралари кўрилади.

Яна бир янгилик эҳтиёжманд оилаларни аниқлаш услубиятига киритилган ўзгартиришлар билан боғлиқ. Амалдаги тартибга асосан, ўзини ўзи банд қилган шахсларга меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг

2 баравари миқдорида даромад ҳисобланади. Ваҳоланки, Тошкент шаҳри, вилоят марказлари ва бошқа аҳоли пунктларида ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг даромад топиши чекка ҳудудлардаги ўзини ўзи банд қилган шахсларникига нисбатан юқори. Энди ўзини ўзи банд қилган фуқароларга даромад миқдорини ҳисоблаш табақалаштирилиб, ҳудудига қараб белгиланади. Аёллар учун даромадлар миқдори мос равишда камайтирилди. Натижада ўзига тўқ оилалар реестрга тушиб қолишининг олди олинади.

Фармон асосида, шунингдек, жорий йилда ногиронлиги бўлган 40 минг шахснинг расмий бандлигини таъминлаш ва уларга барқарор даромад манбаини яратишга қаратилган “Тенг имкон — инклюзив бандлик” дастури амалиётга жорий этилади. Дастур доирасида ногиронлиги бўлган шахсларга бандлигини таъминлаш учун зарур жиҳозлар, асбоб-ускуна ва бошқа меҳнат қуроллари, хомашё харид қилиш, интернет хизматларига уланиш, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ёки кенгайтириш мақсадида Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасидан 3 йилгача муддатга олти ойлик имтиёзли давр билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 75 бараваригача фоизсиз ссуда ажратилади.

Баҳор ХИДИРОВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири