Бошқариладиган манзиллиликнинг навбатдаги босқичи

Ислоҳотлар натижалари ижтимоий сиёсатнинг навбатдаги босқичига ўтилаёт­ганини намойиш этмоқда. Илк маротаба камбағалликка қарши кураш маҳаллалар да­ражасидаги аниқ натижалар билан бевосита боғланди.

Бундай ўзгариш эришилган ижтимоий- иқтисодий натижалар самарасидир. 2025 йил якунига кўра, мамлакат иқтисодиёти 7,7 фоиз ўсди, бу прогноз қилинганидан (6,5 фоиз) сезиларли даражада кўп, ЯИМ ҳажми эса 147 миллиард доллардан ошди ва аҳоли жон бошига қарийб 3,9 минг дол­ларни ташкил этди. Иқтисодиётнинг барча тармоқларида ўсиш суръатлари 2024 йилги кўрсаткичлардан юқори бўлди. Хорижий инвестициялар ҳажми 43 миллиард доллар­га, экспорт эса 33,8 миллиард долларга етди. Инфляция даражаси 2025 йилда 9,8 фоиздан 7,3 фоизга пасайди.

Ишончли иқтисодий ўсиш бюджетда тушумлар сезиларли даражада ошишини таъминлади, улар ижтимоий масалаларни ҳал қилиш, камбағалликка қарши курашиш ва маҳаллаларни ривожлантиришга изчил йўналтирилди. Ушбу омил ҳисобига 2025 йилда 5,4 миллион киши даромад манбала­ри билан таъминланди ва 330 мингта оила камбағалликдан чиқарилди. Натижада иш­сизлик даражаси 4,8 фоизга, камбағаллик даражаси эса 5,8 фоизга камайди.

Умумий камбағаллик кўрсаткичлари пасайгани сари унинг географияси ҳам ўзгариб, маҳаллий, концентрациялашган ва турфа бўлиб бормоқда. Кам таъмин­ланган оилаларнинг деярли учдан бир қисми ва ишсизларнинг қарийб бешдан бир қисми муайян маҳаллаларда жам бўлган, бу эса янги моделга ўтишни та­лаб қилди.

Шу нуқтаи назардан, ҳар бир маҳалла даражасида эришилган натижа асосий ин­дикаторга айланмоқда. Камбағаллик ёки ишсизликнинг сақланиб қолаётгани чора­ларни янада такомиллаштириш зарурлиги­ни билдиради.

Шу муносабат билан илк маротаба миллий миқёсда мамлакатнинг барча ҳу­дудларини камбағаллик даражаси бўйи­ча тизимли таснифлаш ўтказилди. 20 та мезон асосида 37 та “оғир” тоифадаги туман ва 903 та “оғир” маҳалла аниқланди, уларда қарийб 120 мингта камбағал оила ва тахми­нан 155 минг ишсиз фуқаро истиқомат қи­лади. Шу билан бир вақтда янги Ўзбекистон қиёфасини шакллантириш бўйича ишлар яна 33 та туман ва 330 та “оғир” маҳаллада бошлаб юборилди.

Янги ёндашувнинг ўзига хос хусусия­ти шундаки, “оғир” ҳудудларга таркибий трансформация нуқталари сифатида қара­лади. Ҳар бир маҳалла ва туман учун иқти­содий, аграр, саноат, логистика ёки сервис йўналишларида қиёсий афзалликлар таҳлил қилинади.

Маҳаллаларни ривожлантириш бўйича индивидуал дастурлар ишлаб чиқилмоқда. Амалиёт кўрсатганидек, ҳатто энг заиф ҳу­дудларда ҳам сув ва электр энергияси билан барқарор таъминлаш, минимал инфратузил­ма ва бозорлар билан кооперацияни ташкил қилиш аҳоли даромадларини жиддий оши­риши мумкин.

Бу йил ҳудудий манзилли ривожланиш шу тариқа белгиланган мақсадларга эри­шишнинг асосий воситасига айланмоқда, бу Президентимиз томонидан аниқ кўрса­тиб ўтилди.

Кенгаяётган молиявий имкониятлар

Янги моделда ҳудудий сиёсат устуворлик­ларини қайта кўриб чиқишга алоҳида эътибор қаратилган. Давлатимиз раҳбари таъкидлагани­дек, “оғир” туман ва маҳаллалардаги аҳоли ва тадбиркорлар, биринчи галда, солиқ имтиёзла­рининг кенгайтирилишини эмас, балки йўллар, сув ва электр энергияси таъминотининг яхши­ланишини кутмоқда.

Ресурсларни айрим муаммоли ҳудудларда тўплаш инфратузилма инвестицияларини уму­мий бюджетдан молиялашдан манзилли ижти­моий-иқтисодий таъсир воситасига айлантириш имконини беради. 2026 йилда ҳудудий инфрату­зилмани ривожлантиришга 20 триллион сўм йў­налтирилади, шундан 12 триллион сўми “оғир” туман ва маҳаллалар учун мўлжалланган.

Республика бюджетидан маҳаллий бюджет­ларга қайтариладиган маблағлар 2 баравар кўпай­тирилмоқда. Ҳокимликларга ўз бюджетларидан ташқари яна 4,2 триллион сўм ажратилади, бу уларнинг молиявий имкониятини кенгайтиради ва аниқ натижаларга эришиш учун масъулияти­ни оширади. Ресурсларни қўшимча тақсимлаш доирасида вилоят ҳокимликлари ҳар бир “оғир” туманга 10 миллиард сўм ва 903 та “оғир” ма­ҳалланинг ҳар бирига бир миллиард сўмдан йў­налтиради. Қўшимча равишда ушбу тоифадаги ҳар бир туманга 50 миллиард сўм ва маҳаллага 2 миллиард сўм ажратилиши кўзда тутилган. Уму­ман, туман ҳокимликлари ва маҳаллий кенгашлар фақат муаммоли ҳудудларни қўллаб-қувватлашга қаратилган қарийб 4 триллион сўм олади.

“Оғир” тоифадаги туман ва маҳаллаларнинг барқарор энергия таъминоти ушбу моделнинг асосий элементидир. Бунда жорий ёндашувдан принципиал фарқ инфратузилма харажатларини бир марталик бюджет харажатидан узоқ муддат­ли иқтисодий активга айлантиришдан иборат.

2026 йилда “оғир” тоифадаги маҳаллалар­нинг ҳар бирида тахминан 110 миллион доллар­лик 300 киловатт қувватга эга кичик қуёш электр станциялари қуриш режалаштирилган. Стан­циялар маҳаллаларга беғараз берилиб, маҳаллий энергетика активи шакллантирилади. “Яшил” электр энергиясини ишлаб чиқариш ҳисобидан ҳар бир маҳаллада йилига 400-500 миллион сўм барқарор қўшимча даромад манбаи яратилади.

Ушбу маблағни уй-жой фондини энергия тежамкор таъмирлаш, коммунал хизматлар харажатларини камайтириш ва турмуш сифа­тини яхшилашга йўналтириш кўзда тутилган. Қуёш станцияларини эксплуатация қилиш ишларига кам таъминланган оилалар аъзола­ри жалб қилинади, бу эса бир вақтнинг ўзи­да бандлик ва инфратузилма барқарорлиги масалаларини ҳал қилиш имконини беради. Худди шундай ечимлар ихтисослашув дара­жаси юқори бўлган яна мингта илғор маҳал­лада амалга оширилади. Бу ерда кичик қуёш электр станциялари 7 йиллик муддатга фоиз­сиз лизинг асосида берилади.

Энг эҳтиёжманд хонадонларни қўллаб-қув­ватлашга алоҳида эътибор қаратилади. Биринчи гуруҳ ногиронлиги бўлган ва меҳнатга лаёқатли оила аъзолари бўлмаган 6700 та оилани ман­зилли ўрганиш, энергия тежамкор уй-жойларга эҳтиёжини аниқлаш ва “яшил” таъмирлаш иш­ларини бошлаш топширилди.

Пировардида буларнинг барчаси ҳудудий ва энергетик барқарорлик моделини шакллантира­ди. Ҳукумат органларининг самарадорлигини баҳолаш эса оммавий равишда амалга оширила­ди ва натижага қаратилган бошқарувга ўтишни мустаҳкамлайди.

Маҳаллаларнинг қиёсий устунликлари

Президентимиз томонидан 2026 йил учун асосий ижтимоий-иқтисодий йўналишлар аниқ белгилаб берилди. Қарийб 1 миллион киши­ни доимий иш билан таъминлаш, 181 мингта оилани камбағалликдан чиқариш, камбағал­ликдан холи маҳаллалар сонини 2,5 баравар кўпайтириб, 3,5 мингтага етказиш, шунингдек, ишсизлик даражасини 4,5 фоизгача камайти­риш шулар жумласидан.

Ушбу мақсадларга эришиш муайян туман ва маҳаллаларнинг саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизматлар соҳасидаги қиёсий устунликлари­дан келиб чиққан ҳолда кўзда тутилган. Бундай ёндашув ресурсларни аҳоли даромадлари ва бандликка энг кўп мультипликатив таъсир кўр­сатадиган жойларда жамлаш имконини беради.

Президентимиз маҳаллаларнинг жойлашу­ви ва ихтисослашувидан келиб чиққан ҳолда қиёсий устунликлардан фойдаланишга мисол тариқасида бир қатор афзалликларга эга бўлган Фурқат туманини келтириб ўтди.

Фурқат туманида 34 та маҳалла бор, ушбу ҳудудда 7,6 мингга яқин кам таъминланган аҳо­ли ва қарийб 3 минг ишсиз фуқаро истиқомат қилади. 18 та маҳаллада камбағаллик ва ишсиз­лик даражаси юқорилигича қолмоқда. Туман иқтисодиётида саноат, хизматлар ва қурилиш соҳалари улуши 2 фоизга ҳам етмайди. Замона­вий бозорлар, савдо марказлари, боғлар ва дам олиш масканлари йўқлиги аҳолини ҳар куни қўшни ҳудудларга чиқишга мажбур қилади.

Шу билан бирга, маҳаллаларнинг географик жойлашуви ва ихтисослашуви таҳлили кўрсат­дики, туман иш ўринларини яратиш ва даромад­ни ўстиришни тезлаштириш учун ишлатилиши мумкин бўлган учта асосий қиёсий афзалликка эга.

Биринчи устунлик — иқтисодий жиҳатдан фаол қўшни ҳудудлар билан кооперация.

Бугунги кунда Фурқат туманининг тахми­нан 1,5 минг аҳолиси Қўқон шаҳри ва эркин иқтисодий зонадаги корхоналарда иш билан таъминланган. Шу билан бирга, қўқонлик тад­биркорларга шаҳар яқинида ишлаб чиқаришни кенгайтириш учун асосий инфратузилмага эга тайёр майдончалар етишмайди.

Амалиёт бундай кооперация юқори сало­ҳиятга эга бўлишини кўрсатмоқда. Масалан, ўт­ган йили қўқонлик тадбиркорлар Фурқат тума­нида корхоналар очиб, 350 та иш ўрни яратди. Мос майдонлар ва инфратузилма тақдим этил­са, тикувчилик ва трикотаж маҳсулотлари иш­лаб чиқарувчи яна бешта корхона қарийб 400 та иш ўрни яратиладиган ўз филиалларини очишга тайёр. Бундан ташқари, Тунча маҳалласида 13 гектар майдонда саноат зонаси яратилса, инвес­торлар 100 миллион долларгача бўлган лойиҳа­ларни амалга оширишга тайёр эканини билдир­ган, бу эса қарийб 2 мингта иш ўрни демакдир.

Иккинчи устунлик — яқин атрофда жой­лашган маҳаллаларнинг чуқур ихтисослашуви. Хусусан, “Эски”, “Ингичка” ва “Қўқонбой — 2” МФЙлари анъанавий равишда ёғочни қайта ишлашга ихтисослашган. Эски маҳалласида икки гектар бўш ер майдонида ёғочни қай­та ишлаш кластерини шакллантириш қарийб 150 та хонадонга кичик ҳунармандлик ишлаб чиқаришидан саноат форматига ўтиш ва қў­шимча 500 га яқин иш ўрни яратиш имконини беради. Бу ерда қўллаб-қувватлашни кенгайти­риш эмас, балки мавжуд кўникмалар коопера­цияси асосий омил бўлмоқда.

Учинчи устунлик — маҳаллаларда ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар қўшилган қиймати­нинг ўсиши. Туманда 42 та чорвачилик хўжали­ги ва хонадони мавжуд, уларда қарийб 65 минг бош қорамол боқилади. Лекин гўшт ва сутни қайта ишлаш бўйича қувватлар мавжуд эмас ва бу аҳолининг даромад олиш имкониятини чек­лайди.

Бўш турган биноларда қайта ишлаш маж­муасини ишга тушириш ва бир вақтнинг ўзи­да бешта чекка маҳалладаги кам таъминлан­ган 300 та оилага чорва моллари сотиб олиш учун имтиёзли кредитлар бериш (қарийб 10 миллиард сўм) 1,5 минг кишини барқарор бандликка жалб қилиш ва оилалар дарома­дини сезиларли даражада ошириш имконини беради.

Фурқат тумани кейсида кўриниб тургани­дек, ҳудудларни қиёсий устунликлар орқали  таҳлил қилганда ҳатто иқтисодий жиҳатдан заиф ҳудудлар ҳам катта яширин салоҳиятга эга экани кўринади. Уни рўёбга чиқаришнинг асосий шарти ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос ху­сусиятларига бошқарувнинг чуқур сингиши ва маҳаллани ривожлантиришга лойиҳавий ёнда­шувдир.

Муаммоли ҳудудларни ривожлантиришга дифференциаллашган ёндашув моделини шакл­лантириш доирасида, энг аввало, “оғир” тои­фадаги туман ва маҳаллаларда аҳоли бандлиги ва даромадини ошириш бўйича қўшимча чора- тадбирлар белгиланди.

Ихтисослашувни чуқурлаштириш

Асосий эътибор маҳаллалар ихтисосла­шувини чуқурлаштиришга қаратилади, чунки чуқур ихтисослашувга эга маҳаллаларда фаро­вонлик сезиларли даражада юқори бўлади. Таж­риба кўрсатдики, барқарор ихтисослашувга эга маҳаллаларда фаровонлик сезиларли даражада юқори, ижтимоий ёрдам олувчилар сони эса икки баравар паст бўлади.

Бугунги кунда “оғир” тоифадаги маҳал­лаларда тахминан 90 минг гектар томорқа ва ижара ери мавжуд. Ушбу ресурсни барқарор да­ромад манбаига айлантириш учун давлат ва ма­ҳаллалар ўртасида янги “ижтимоий шартнома” механизми таклиф қилинди. Аҳоли кўникмала­ри ва ердан самарали фойдаланишга таянган ҳолда уй хўжаликлари даромадини 3-4 баравар оширишга муваффақ бўлган маҳаллалар йўл, сув ва ирригация инфратузилмасини ривожлан­тириш учун қўшимча 2 миллиард сўм олади. Ушбу моделни “оғир” маҳаллалардан бошлаш режалаштирилган.

Келгусида маҳаллалар ихтисослашувини рағ­батлантирувчи қўшимча молиявий механизмлар жорий қилинади. Хусусан, томорқа эгалари ва деҳқон хўжаликлари учун сертификатланган кў­чатлар қийматининг 50 фоизи бюджетдан қопла­нади, таянч устунлар ўрнатиш учун 20 мингдан 70 минг сўмгача субсидиялар берилади. Томчи­латиб суғориш тизимини жорий этишда ҳар со­тих майдон учун 160 минг сўм миқдорида ком­пенсация тўланади ва ҳоказо.

Маҳаллалар ихтисослашувини чуқурлашти­риш учун банклар томонидан 17 триллион сўм кредит ажратилади. Ишлаб чиқариш лойиҳала­ри учун кредитнинг 4 фоизи, қайта ишлаш учун эса 6 фоизи қоплаб берилади.

Пиллачилик — даромадни ошириш манбаи

Янги модель доирасида кам таъминланган оилалар учун барқарор даромад манбаи си­фатида анъанавий, аммо қадрига етилмаган фаолият турларидан фойдаланишга устувор аҳамият қаратилган. Бундай йўналишлардан бири ипакчиликни ривожлантириш. Бу инсти­туционал ҳамроҳлик ва кооперация шароитида камбағалликни қисқартириш воситасига айла­ниши мумкин.

Жорий йилда тут плантацияларини яратиш учун 2 минг гектар ўрмон ерлари ажратилади. Кам таъминланган тўрт минг оилага тутзорлар барпо этиш учун 50 сотих ер майдони бепул фойдаланиш шарти билан 10 йил муддатга бе­рилади. Оилалар, шунингдек, қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш учун эгатлардан бир вақтнинг ўзида фойдаланиш имконига эга бў­лади, бу эса илк босқичдаёқ даромад манбаини диверсификация қилиш имконини яратади.

Лойиҳа кам таъминланган оилалар ишти­рокида пиллачилик кооперативларини ташкил этиш орқали амалга оширилмоқда. Бундай коо­перативларнинг устав фондини шакллантириш учун ҳар бир оилага 4 миллион сўм миқдори­да субсидия ажратилади. Бундан ташқари, ҳар бир ҳудудда технологик ҳамроҳлик, ўқитиш ва ишлаб чиқариш сифатини назорат қилишни таъминлайдиган пиллачилик соҳаси мутахас­сислари ва агрономларни жалб қилиш кўзда ту­тилган. Уй шароитида пилла етиштириш билан шуғулланадиган оилаларга ўз иморатларини жиҳозлаш ва ускуналар сотиб олиш учун фоиз­сиз ссудалар тақдим этилади.

Ушбу моделни амалга ошириш мақсадида 4 мингта оила учун йилига 50-60 миллион сўм миқдорида барқарор қўшимча даромад манбаи шакллантирилмоқда. Кооператив форматни масштаблаш ва уй хўжаликларини қўшилган қиймат занжирининг тегишли босқичларига жалб қилиш ҳисобига 30-40 минг оила ўз да­ромадини ошириш имкониятига эга бўлади ва бу уларнинг камбағалликдан чиқиши учун реал пойдевор яратади.

Кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш

2026 йилда маҳаллаларда кичик ва ўрта биз­несни ривожлантириш учун 140 триллион сўм кредит ресурслари кўзда тутилган (ўтган йили 130 триллион сўм). Шу билан бирга, банкларга тадбиркорликни молиялаштиришни кучайти­риш вазифаси юклатилди. Ташқи манбалардан 6 миллиард доллар жалб қилиш режалашти­рилган бўлиб, маҳалла лойиҳаларига йўналти­риладиган умумий маблағ миқдори 8 миллиард долларга етказилиши керак.

Нафақат кредитларни тақсимлаш кўлами, балки тамойили ҳам моҳиятан ўзгармоқда. “Оилавий тадбиркорлик” дастури доирасида барча туман ва шаҳарлар учун 17,5 фоиз ставка бўйича тенг шартларда кредитлар берилган мо­дель ҳудудий дифференциялашга ўрнини бўша­тиб берди, шу жумладан, 37 та “оғир” туман учун ставка 12 фоизгача камайтирилмоқда. Бу ҳаракат кредитлашни муаммоли ҳудудларни ривожлан­тиришни тезлаштириш воситасига айлантиради.

Шу билан бирга, дастур лимитлари ва мақ­садли йўналишлари кенгайтирилмоқда. Барча туманларда имтиёзли кредитнинг максимал миқдори 1,5 баравар — 33 миллион сўмдан 50 миллион сўмгача оширилмоқда. Ушбу қарорни ресурсли таъминлаш учун режадаги 3,6 трил­лион сўмга яна 2 триллион сўм қўшилмоқда.

“Оилавий тадбиркорлик” дастури бўйича муаммоли кредитларни ундириш учун янги рағбатлантириш механизми жорий этилмоқда. Бунда ҳоким ёрдамчиси 2022 йилгача берилган кредитларнинг муаммоли қисми қайтарилганда, қайтарилган сумманинг 20 фоизини, 2025 йил­гача берилган муаммоли кредитлар бўйича эса бонус тариқасида сумманинг 10 фоизини олади.

Умуман, 2026 йилги кредит сиёсати манзил­ли ривожланиш механизми, кредитни бандлик, даромад ва маҳаллий ўсишга айлантириш сифа­тида расмийлаштирилмоқда.

Тизим бошқарувида институционал ўзгаришлар

Маҳаллани ривожлантириш билан боғлиқ барча бошқарув бўғинлари фаолияти самара­дорлигини ошириш учун қатор институционал ўзгаришлар кўзда тутилган.

Энди маҳаллалардаги ишлар маъмурий во­ситачилик хусусиятига эга бўлмайди ва аниқ лойиҳалар атрофида тузилади. Ушбу моделда ҳоким ёрдамчиси лойиҳа қарорларини амалга ошириш учун масъул бўлган ҳудудий ривожла­ниш менежери вазифасини бажаради. Лойиҳа­ларни бошқариш яхлитлигини таъминлаш учун кўп босқичли мувофиқлаштириш жорий этил­моқда. Ҳоким ёрдамчилари ташаббусларига ви­лоят банкирлари бириктирилган, вилоят ҳоки­мининг биринчи ўринбосари тезкор ҳамроҳлик қилади, “Ислоҳотлар штаби” эса идоралараро қарорларни талаб қиладиган масалаларни ўз на­зоратига олади.

Февраль ойидан ҳоким ёрдамчиларини ло­йиҳавий бошқарув бўйича ўқитиш тизими ишга туширилади ва бу иш “оғир” маҳаллалардан бошланади. 1 мартгача ҳар бир туманда лойи­ҳалар портфели шакллантирилади ва амалга оширилади.

Лойиҳавий ёндашувга энг ёрқин мисоллар­дан бири — Қува туманидаги “Қақир” МФЙ. Ҳоким ёрдамчиси ташаббуси билан тадбиркор ва нидерландиялик мутахассис иштирокида 8 гектар майдонда тўлиқ циклли атиргул етиш­тириш маркази ташкил этилмоқда. Лойиҳа экс­портга мўлжалланган атиргулларни етишти­ришдан тортиб, маҳсулотни сақлаш, қадоқлаш ва етказиб беришга тайёрлашгача бўлган барча ишлаб чиқариш жараёнини қамраб олади.

Марказ яқин кунларда ишга туширилиши режалаштирилган. Биринчи босқичдаёқ лойи­ҳа 60 та доимий ва 400 та мавсумий иш ўрнини таъминлайди. 200 та хонадон билан ҳамкорлик орқали қарийб 700 киши иқтисодий фаолиятга жалб қилинади, оилаларнинг даромади йилига ўртача 150-200 миллион сўмга ошади. Экспорт салоҳияти йилига 2 миллион долларга, туман бюджетига қўшимча фойда 3 миллиард сўмга баҳоланмоқда.

Бундан ташқари, марказ негизида ўқув май­дони шакллантирилмоқда, бу ерда ҳар йили минг киши замонавий гулчилик технологияла­ри бўйича ўқитилади.

Лойиҳа бир вақтнинг ўзида бандлик, даро­мадни ошириш, экспорт ва кадрлар тайёрлаш билан боғлиқ вазифаларни ҳал қилади. Айнан шу ташаббуслар маҳаллаларга ижтимоий қўл­лаб-қувватлашдан барқарор иқтисодий ривож­ланишга ўтиш имконини беради. Натижада “Қа­қир” МФЙ 2026 йилдаёқ камбағаллик ва ишсиз­ликдан холи ҳудудга айланиши кутилмоқда.

Иш ўринлари яратиш, даромадни оши­риш ва камбағалликни қисқартириш бўйи­ча энг яхши кўрсаткичларни намойиш этган юзта “оғир” маҳалланинг ҳар бири қўшимча 1 миллиард сўмдан молиялаштирилади. Ушбу маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчилари Хитой, Туркия, Жанубий Корея ва Малайзияда мала­ка ошириши мумкин бўлади. Шу боис, маҳал­лалар бош режаларини ишлаб чиқиш бўйича ишлар кучайтирилмоқда. Бунинг учун халқаро экспертлар жалб қилиниб, маҳаллий олий таъ­лим муассасаларининг салоҳиятидан фойда­ланилмоқда. Архитектура йўналишида бити­рувчи курс талабалари “оғир” маҳаллаларни ривожлантиришда иштирок этиши мумкин бўлади, энг яхши лойиҳалар давлат грантлари билан рағбатлантирилади.

“Маҳалла еттилиги” модели янгиланмоқ­да. Илгари Тошкентда қўлланилган амалиёт барча туман ва шаҳарларда татбиқ этилмоқ­да. Ҳоким ёрдамчиси, аёллар фаоли ва ёшлар етакчисини тайинлаш ва лавозимидан озод қилиш туман ҳокими томонидан маҳалла раи­сининг тавсиясига биноан амалга оширилади. Ҳокимлар зиммасига бевосита маҳаллаларда мунтазам равишда сайёр қабуллар ўтказиш, муаммоларни жойида ҳал қилиш мажбурияти юклатилади.

Умуман, институционал ўзгаришлар уни­версал ёндашувдан дифференциациялашган ҳудудий сиёсатга ўтишни қайд этади. “Оғир” тоифадаги туман ва маҳаллаларда 61 мингта оилани камбағалликдан чиқариш ҳамда камба­ғаллик ва ишсизлик даражасини икки баравар камайтириш вазифаси белгиланган. Янги Ўз­бекистон қиёфасидаги туман ва маҳаллаларни ишсизлик ва камбағалликдан холи ҳудудларга айлантириш, 96 мингта оилани камбағалликдан чиқариш мақсад қилинган.

Ресурсларни қайта тақсимлаш иқтисодиёт таркиби билан асосланган, хусусан, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг 62 фоизи ва хизматлар соҳасининг 57 фоизи тадбиркорлик салоҳияти юқори 50 та туман ва шаҳарда жой­лашган. Уларнинг бюджет даромади ўсиши дав­лат саъй-ҳаракатларини муаммоли ҳудудларга қаратиш имкониятини яратади.

Буни тушумлар динамикасида ҳам кўриш мумкин: уч йил олдин ушбу 50 та ҳудудда ма­ҳаллий бюджетнинг қўшимча даромади 875 мил­лиард сўмни ташкил этган бўлса, жорий йилда у 8,5 баравар кўпайиб, 7 триллион 400 миллиард сўмга ошиши кутилмоқда. Натижада камбағал­лик ва ишсизлик даражаси юқори “оғир” туман ва маҳаллаларга кўпроқ эътибор қаратиш мум­кин бўлади. Шу билан бирга, иқтисодий жи­ҳатдан кучли туман ва шаҳарлар ҳокимларидан ички ўсиш манбалари ҳисобига ўз салоҳиятидан юқори даражада фойдаланиш талаб қилинади.

Янги моделнинг афзалликлари

Янги манзилли ёндашувга ўтиш шароитида “оғир” ҳудудлар ва лойиҳавий бошқарув усту­ворлик касб этганда, “маҳалла еттилиги”нинг роли объектив равишда кучайиб, у жойларда қарор қабул қилиш, қайта алоқа ва лойиҳаларга ҳамроҳлик қилиш марказига айланиб бормоқда.

Эътибор “оғир” маҳаллалар ва эҳтиёжманд оилаларга қаратилганда, қарорлар муайян ҳу­дуддаги бандлик, даромад, қарз юки ва инфра­тузилмавий чекловларга оид текширилган маъ­лумотларга таяниши ўта муҳим. Шу нуқтаи на­зардан, “маҳалла еттилиги” фаолияти амалиёти уй хўжаликларига яқинлик каби муҳим тизимли таъсирни кўрсатади ва маҳаллий воқеликни би­лиш манзиллилик аниқлигини оширади.

Шу тариқа маҳалла ва ҳоким ёрдамчилари институти энди фақат ижтимоий восита бўл­май, иқтисодий сиёсат элементига айланмоқда. Лойиҳавий ёндашув, шахсий масъулият ва ти­зимли мониторинг жорий этилганда янги мо­дель камбағалликка қарши курашни барқарор ҳудудий ривожланиш механизмига айлантириш имкониятига эга бўлади.

Хулоса

Ўзбекистоннинг ҳудудий ижтимоий сиёсати ресурсларни анъанавий қайта тақсимлаш дои­расидан чиқиб, бошқариладиган ривожланиш моделига ўтмоқда. Янги модель учта ўзаро боғ­лиқ йўналишга таянади.

Биринчиси, инфратузилма ресурсларини “оғир” туман ва маҳаллаларда жамлаш, узоқ муддатли маҳаллий активларни шакллантириш, уй хўжаликлари харажатларини камайтириш ва энергетика барқарорлигини ошириш.

Иккинчиси, молиявий рағбатлар, кредит олиш имкониятлари ва қўшилган қиймат зан­жирлари бўйлаб ечимлар билан таъминланган ҳудудларнинг ихтисослашувини чуқурлашти­риш ва қиёсий устунликлар ҳисобига бандлик­ни кенгайтириш.

Учинчиси, бошқарувнинг институционал қайта тузилиши, бунда лойиҳавий ёндашув ва босқичлараро мувофиқлаштириш ресурслар, масъулият ва ўлчанадиган натижаларни боғ­лайди.

Ҳозирги босқич ривожи шундан иборатки, манзиллилик “оғир” ҳудудларга йўналтирилган технологияга айланмоқда. Камбағалликдан чи­қиш уй хўжалигининг индивидуал траектория­си сифатида тушунилади, унда маҳаллий ша­роит, кўникмалар ва инфратузилма ҳал қилув­чи аҳамиятга эга бўлади. “Маҳалла еттилиги” ҳамда ҳоким ёрдамчилари институти боғловчи бўғин сифатида мувофиқлаштириш ва қайта алоқани таъминлайди.

Хуршид АСАДОВ,

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар

маркази директори ўринбосари