Бошқариладиган манзиллиликнинг навбатдаги босқичи
Ислоҳотлар натижалари ижтимоий сиёсатнинг навбатдаги босқичига ўтилаётганини намойиш этмоқда. Илк маротаба камбағалликка қарши кураш маҳаллалар даражасидаги аниқ натижалар билан бевосита боғланди.
Бундай ўзгариш эришилган ижтимоий- иқтисодий натижалар самарасидир. 2025 йил якунига кўра, мамлакат иқтисодиёти 7,7 фоиз ўсди, бу прогноз қилинганидан (6,5 фоиз) сезиларли даражада кўп, ЯИМ ҳажми эса 147 миллиард доллардан ошди ва аҳоли жон бошига қарийб 3,9 минг долларни ташкил этди. Иқтисодиётнинг барча тармоқларида ўсиш суръатлари 2024 йилги кўрсаткичлардан юқори бўлди. Хорижий инвестициялар ҳажми 43 миллиард долларга, экспорт эса 33,8 миллиард долларга етди. Инфляция даражаси 2025 йилда 9,8 фоиздан 7,3 фоизга пасайди.
Ишончли иқтисодий ўсиш бюджетда тушумлар сезиларли даражада ошишини таъминлади, улар ижтимоий масалаларни ҳал қилиш, камбағалликка қарши курашиш ва маҳаллаларни ривожлантиришга изчил йўналтирилди. Ушбу омил ҳисобига 2025 йилда 5,4 миллион киши даромад манбалари билан таъминланди ва 330 мингта оила камбағалликдан чиқарилди. Натижада ишсизлик даражаси 4,8 фоизга, камбағаллик даражаси эса 5,8 фоизга камайди.
Умумий камбағаллик кўрсаткичлари пасайгани сари унинг географияси ҳам ўзгариб, маҳаллий, концентрациялашган ва турфа бўлиб бормоқда. Кам таъминланган оилаларнинг деярли учдан бир қисми ва ишсизларнинг қарийб бешдан бир қисми муайян маҳаллаларда жам бўлган, бу эса янги моделга ўтишни талаб қилди.
Шу нуқтаи назардан, ҳар бир маҳалла даражасида эришилган натижа асосий индикаторга айланмоқда. Камбағаллик ёки ишсизликнинг сақланиб қолаётгани чораларни янада такомиллаштириш зарурлигини билдиради.
Шу муносабат билан илк маротаба миллий миқёсда мамлакатнинг барча ҳудудларини камбағаллик даражаси бўйича тизимли таснифлаш ўтказилди. 20 та мезон асосида 37 та “оғир” тоифадаги туман ва 903 та “оғир” маҳалла аниқланди, уларда қарийб 120 мингта камбағал оила ва тахминан 155 минг ишсиз фуқаро истиқомат қилади. Шу билан бир вақтда янги Ўзбекистон қиёфасини шакллантириш бўйича ишлар яна 33 та туман ва 330 та “оғир” маҳаллада бошлаб юборилди.
Янги ёндашувнинг ўзига хос хусусияти шундаки, “оғир” ҳудудларга таркибий трансформация нуқталари сифатида қаралади. Ҳар бир маҳалла ва туман учун иқтисодий, аграр, саноат, логистика ёки сервис йўналишларида қиёсий афзалликлар таҳлил қилинади.
Маҳаллаларни ривожлантириш бўйича индивидуал дастурлар ишлаб чиқилмоқда. Амалиёт кўрсатганидек, ҳатто энг заиф ҳудудларда ҳам сув ва электр энергияси билан барқарор таъминлаш, минимал инфратузилма ва бозорлар билан кооперацияни ташкил қилиш аҳоли даромадларини жиддий ошириши мумкин.
Бу йил ҳудудий манзилли ривожланиш шу тариқа белгиланган мақсадларга эришишнинг асосий воситасига айланмоқда, бу Президентимиз томонидан аниқ кўрсатиб ўтилди.
Кенгаяётган молиявий имкониятлар
Янги моделда ҳудудий сиёсат устуворликларини қайта кўриб чиқишга алоҳида эътибор қаратилган. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “оғир” туман ва маҳаллалардаги аҳоли ва тадбиркорлар, биринчи галда, солиқ имтиёзларининг кенгайтирилишини эмас, балки йўллар, сув ва электр энергияси таъминотининг яхшиланишини кутмоқда.
Ресурсларни айрим муаммоли ҳудудларда тўплаш инфратузилма инвестицияларини умумий бюджетдан молиялашдан манзилли ижтимоий-иқтисодий таъсир воситасига айлантириш имконини беради. 2026 йилда ҳудудий инфратузилмани ривожлантиришга 20 триллион сўм йўналтирилади, шундан 12 триллион сўми “оғир” туман ва маҳаллалар учун мўлжалланган.
Республика бюджетидан маҳаллий бюджетларга қайтариладиган маблағлар 2 баравар кўпайтирилмоқда. Ҳокимликларга ўз бюджетларидан ташқари яна 4,2 триллион сўм ажратилади, бу уларнинг молиявий имкониятини кенгайтиради ва аниқ натижаларга эришиш учун масъулиятини оширади. Ресурсларни қўшимча тақсимлаш доирасида вилоят ҳокимликлари ҳар бир “оғир” туманга 10 миллиард сўм ва 903 та “оғир” маҳалланинг ҳар бирига бир миллиард сўмдан йўналтиради. Қўшимча равишда ушбу тоифадаги ҳар бир туманга 50 миллиард сўм ва маҳаллага 2 миллиард сўм ажратилиши кўзда тутилган. Умуман, туман ҳокимликлари ва маҳаллий кенгашлар фақат муаммоли ҳудудларни қўллаб-қувватлашга қаратилган қарийб 4 триллион сўм олади.
“Оғир” тоифадаги туман ва маҳаллаларнинг барқарор энергия таъминоти ушбу моделнинг асосий элементидир. Бунда жорий ёндашувдан принципиал фарқ инфратузилма харажатларини бир марталик бюджет харажатидан узоқ муддатли иқтисодий активга айлантиришдан иборат.
2026 йилда “оғир” тоифадаги маҳаллаларнинг ҳар бирида тахминан 110 миллион долларлик 300 киловатт қувватга эга кичик қуёш электр станциялари қуриш режалаштирилган. Станциялар маҳаллаларга беғараз берилиб, маҳаллий энергетика активи шакллантирилади. “Яшил” электр энергиясини ишлаб чиқариш ҳисобидан ҳар бир маҳаллада йилига 400-500 миллион сўм барқарор қўшимча даромад манбаи яратилади.
Ушбу маблағни уй-жой фондини энергия тежамкор таъмирлаш, коммунал хизматлар харажатларини камайтириш ва турмуш сифатини яхшилашга йўналтириш кўзда тутилган. Қуёш станцияларини эксплуатация қилиш ишларига кам таъминланган оилалар аъзолари жалб қилинади, бу эса бир вақтнинг ўзида бандлик ва инфратузилма барқарорлиги масалаларини ҳал қилиш имконини беради. Худди шундай ечимлар ихтисослашув даражаси юқори бўлган яна мингта илғор маҳаллада амалга оширилади. Бу ерда кичик қуёш электр станциялари 7 йиллик муддатга фоизсиз лизинг асосида берилади.
Энг эҳтиёжманд хонадонларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилади. Биринчи гуруҳ ногиронлиги бўлган ва меҳнатга лаёқатли оила аъзолари бўлмаган 6700 та оилани манзилли ўрганиш, энергия тежамкор уй-жойларга эҳтиёжини аниқлаш ва “яшил” таъмирлаш ишларини бошлаш топширилди.
Пировардида буларнинг барчаси ҳудудий ва энергетик барқарорлик моделини шакллантиради. Ҳукумат органларининг самарадорлигини баҳолаш эса оммавий равишда амалга оширилади ва натижага қаратилган бошқарувга ўтишни мустаҳкамлайди.
Маҳаллаларнинг қиёсий устунликлари
Президентимиз томонидан 2026 йил учун асосий ижтимоий-иқтисодий йўналишлар аниқ белгилаб берилди. Қарийб 1 миллион кишини доимий иш билан таъминлаш, 181 мингта оилани камбағалликдан чиқариш, камбағалликдан холи маҳаллалар сонини 2,5 баравар кўпайтириб, 3,5 мингтага етказиш, шунингдек, ишсизлик даражасини 4,5 фоизгача камайтириш шулар жумласидан.
Ушбу мақсадларга эришиш муайян туман ва маҳаллаларнинг саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизматлар соҳасидаги қиёсий устунликларидан келиб чиққан ҳолда кўзда тутилган. Бундай ёндашув ресурсларни аҳоли даромадлари ва бандликка энг кўп мультипликатив таъсир кўрсатадиган жойларда жамлаш имконини беради.
Президентимиз маҳаллаларнинг жойлашуви ва ихтисослашувидан келиб чиққан ҳолда қиёсий устунликлардан фойдаланишга мисол тариқасида бир қатор афзалликларга эга бўлган Фурқат туманини келтириб ўтди.
Фурқат туманида 34 та маҳалла бор, ушбу ҳудудда 7,6 мингга яқин кам таъминланган аҳоли ва қарийб 3 минг ишсиз фуқаро истиқомат қилади. 18 та маҳаллада камбағаллик ва ишсизлик даражаси юқорилигича қолмоқда. Туман иқтисодиётида саноат, хизматлар ва қурилиш соҳалари улуши 2 фоизга ҳам етмайди. Замонавий бозорлар, савдо марказлари, боғлар ва дам олиш масканлари йўқлиги аҳолини ҳар куни қўшни ҳудудларга чиқишга мажбур қилади.
Шу билан бирга, маҳаллаларнинг географик жойлашуви ва ихтисослашуви таҳлили кўрсатдики, туман иш ўринларини яратиш ва даромадни ўстиришни тезлаштириш учун ишлатилиши мумкин бўлган учта асосий қиёсий афзалликка эга.
Биринчи устунлик — иқтисодий жиҳатдан фаол қўшни ҳудудлар билан кооперация.
Бугунги кунда Фурқат туманининг тахминан 1,5 минг аҳолиси Қўқон шаҳри ва эркин иқтисодий зонадаги корхоналарда иш билан таъминланган. Шу билан бирга, қўқонлик тадбиркорларга шаҳар яқинида ишлаб чиқаришни кенгайтириш учун асосий инфратузилмага эга тайёр майдончалар етишмайди.
Амалиёт бундай кооперация юқори салоҳиятга эга бўлишини кўрсатмоқда. Масалан, ўтган йили қўқонлик тадбиркорлар Фурқат туманида корхоналар очиб, 350 та иш ўрни яратди. Мос майдонлар ва инфратузилма тақдим этилса, тикувчилик ва трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи яна бешта корхона қарийб 400 та иш ўрни яратиладиган ўз филиалларини очишга тайёр. Бундан ташқари, Тунча маҳалласида 13 гектар майдонда саноат зонаси яратилса, инвесторлар 100 миллион долларгача бўлган лойиҳаларни амалга оширишга тайёр эканини билдирган, бу эса қарийб 2 мингта иш ўрни демакдир.
Иккинчи устунлик — яқин атрофда жойлашган маҳаллаларнинг чуқур ихтисослашуви. Хусусан, “Эски”, “Ингичка” ва “Қўқонбой — 2” МФЙлари анъанавий равишда ёғочни қайта ишлашга ихтисослашган. Эски маҳалласида икки гектар бўш ер майдонида ёғочни қайта ишлаш кластерини шакллантириш қарийб 150 та хонадонга кичик ҳунармандлик ишлаб чиқаришидан саноат форматига ўтиш ва қўшимча 500 га яқин иш ўрни яратиш имконини беради. Бу ерда қўллаб-қувватлашни кенгайтириш эмас, балки мавжуд кўникмалар кооперацияси асосий омил бўлмоқда.
Учинчи устунлик — маҳаллаларда ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар қўшилган қийматининг ўсиши. Туманда 42 та чорвачилик хўжалиги ва хонадони мавжуд, уларда қарийб 65 минг бош қорамол боқилади. Лекин гўшт ва сутни қайта ишлаш бўйича қувватлар мавжуд эмас ва бу аҳолининг даромад олиш имкониятини чеклайди.
Бўш турган биноларда қайта ишлаш мажмуасини ишга тушириш ва бир вақтнинг ўзида бешта чекка маҳалладаги кам таъминланган 300 та оилага чорва моллари сотиб олиш учун имтиёзли кредитлар бериш (қарийб 10 миллиард сўм) 1,5 минг кишини барқарор бандликка жалб қилиш ва оилалар даромадини сезиларли даражада ошириш имконини беради.
Фурқат тумани кейсида кўриниб турганидек, ҳудудларни қиёсий устунликлар орқали таҳлил қилганда ҳатто иқтисодий жиҳатдан заиф ҳудудлар ҳам катта яширин салоҳиятга эга экани кўринади. Уни рўёбга чиқаришнинг асосий шарти ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос хусусиятларига бошқарувнинг чуқур сингиши ва маҳаллани ривожлантиришга лойиҳавий ёндашувдир.
Муаммоли ҳудудларни ривожлантиришга дифференциаллашган ёндашув моделини шакллантириш доирасида, энг аввало, “оғир” тоифадаги туман ва маҳаллаларда аҳоли бандлиги ва даромадини ошириш бўйича қўшимча чора- тадбирлар белгиланди.
Ихтисослашувни чуқурлаштириш
Асосий эътибор маҳаллалар ихтисослашувини чуқурлаштиришга қаратилади, чунки чуқур ихтисослашувга эга маҳаллаларда фаровонлик сезиларли даражада юқори бўлади. Тажриба кўрсатдики, барқарор ихтисослашувга эга маҳаллаларда фаровонлик сезиларли даражада юқори, ижтимоий ёрдам олувчилар сони эса икки баравар паст бўлади.
Бугунги кунда “оғир” тоифадаги маҳаллаларда тахминан 90 минг гектар томорқа ва ижара ери мавжуд. Ушбу ресурсни барқарор даромад манбаига айлантириш учун давлат ва маҳаллалар ўртасида янги “ижтимоий шартнома” механизми таклиф қилинди. Аҳоли кўникмалари ва ердан самарали фойдаланишга таянган ҳолда уй хўжаликлари даромадини 3-4 баравар оширишга муваффақ бўлган маҳаллалар йўл, сув ва ирригация инфратузилмасини ривожлантириш учун қўшимча 2 миллиард сўм олади. Ушбу моделни “оғир” маҳаллалардан бошлаш режалаштирилган.
Келгусида маҳаллалар ихтисослашувини рағбатлантирувчи қўшимча молиявий механизмлар жорий қилинади. Хусусан, томорқа эгалари ва деҳқон хўжаликлари учун сертификатланган кўчатлар қийматининг 50 фоизи бюджетдан қопланади, таянч устунлар ўрнатиш учун 20 мингдан 70 минг сўмгача субсидиялар берилади. Томчилатиб суғориш тизимини жорий этишда ҳар сотих майдон учун 160 минг сўм миқдорида компенсация тўланади ва ҳоказо.
Маҳаллалар ихтисослашувини чуқурлаштириш учун банклар томонидан 17 триллион сўм кредит ажратилади. Ишлаб чиқариш лойиҳалари учун кредитнинг 4 фоизи, қайта ишлаш учун эса 6 фоизи қоплаб берилади.
Пиллачилик — даромадни ошириш манбаи
Янги модель доирасида кам таъминланган оилалар учун барқарор даромад манбаи сифатида анъанавий, аммо қадрига етилмаган фаолият турларидан фойдаланишга устувор аҳамият қаратилган. Бундай йўналишлардан бири ипакчиликни ривожлантириш. Бу институционал ҳамроҳлик ва кооперация шароитида камбағалликни қисқартириш воситасига айланиши мумкин.
Жорий йилда тут плантацияларини яратиш учун 2 минг гектар ўрмон ерлари ажратилади. Кам таъминланган тўрт минг оилага тутзорлар барпо этиш учун 50 сотих ер майдони бепул фойдаланиш шарти билан 10 йил муддатга берилади. Оилалар, шунингдек, қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш учун эгатлардан бир вақтнинг ўзида фойдаланиш имконига эга бўлади, бу эса илк босқичдаёқ даромад манбаини диверсификация қилиш имконини яратади.
Лойиҳа кам таъминланган оилалар иштирокида пиллачилик кооперативларини ташкил этиш орқали амалга оширилмоқда. Бундай кооперативларнинг устав фондини шакллантириш учун ҳар бир оилага 4 миллион сўм миқдорида субсидия ажратилади. Бундан ташқари, ҳар бир ҳудудда технологик ҳамроҳлик, ўқитиш ва ишлаб чиқариш сифатини назорат қилишни таъминлайдиган пиллачилик соҳаси мутахассислари ва агрономларни жалб қилиш кўзда тутилган. Уй шароитида пилла етиштириш билан шуғулланадиган оилаларга ўз иморатларини жиҳозлаш ва ускуналар сотиб олиш учун фоизсиз ссудалар тақдим этилади.
Ушбу моделни амалга ошириш мақсадида 4 мингта оила учун йилига 50-60 миллион сўм миқдорида барқарор қўшимча даромад манбаи шакллантирилмоқда. Кооператив форматни масштаблаш ва уй хўжаликларини қўшилган қиймат занжирининг тегишли босқичларига жалб қилиш ҳисобига 30-40 минг оила ўз даромадини ошириш имкониятига эга бўлади ва бу уларнинг камбағалликдан чиқиши учун реал пойдевор яратади.
Кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш
2026 йилда маҳаллаларда кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш учун 140 триллион сўм кредит ресурслари кўзда тутилган (ўтган йили 130 триллион сўм). Шу билан бирга, банкларга тадбиркорликни молиялаштиришни кучайтириш вазифаси юклатилди. Ташқи манбалардан 6 миллиард доллар жалб қилиш режалаштирилган бўлиб, маҳалла лойиҳаларига йўналтириладиган умумий маблағ миқдори 8 миллиард долларга етказилиши керак.
Нафақат кредитларни тақсимлаш кўлами, балки тамойили ҳам моҳиятан ўзгармоқда. “Оилавий тадбиркорлик” дастури доирасида барча туман ва шаҳарлар учун 17,5 фоиз ставка бўйича тенг шартларда кредитлар берилган модель ҳудудий дифференциялашга ўрнини бўшатиб берди, шу жумладан, 37 та “оғир” туман учун ставка 12 фоизгача камайтирилмоқда. Бу ҳаракат кредитлашни муаммоли ҳудудларни ривожлантиришни тезлаштириш воситасига айлантиради.
Шу билан бирга, дастур лимитлари ва мақсадли йўналишлари кенгайтирилмоқда. Барча туманларда имтиёзли кредитнинг максимал миқдори 1,5 баравар — 33 миллион сўмдан 50 миллион сўмгача оширилмоқда. Ушбу қарорни ресурсли таъминлаш учун режадаги 3,6 триллион сўмга яна 2 триллион сўм қўшилмоқда.
“Оилавий тадбиркорлик” дастури бўйича муаммоли кредитларни ундириш учун янги рағбатлантириш механизми жорий этилмоқда. Бунда ҳоким ёрдамчиси 2022 йилгача берилган кредитларнинг муаммоли қисми қайтарилганда, қайтарилган сумманинг 20 фоизини, 2025 йилгача берилган муаммоли кредитлар бўйича эса бонус тариқасида сумманинг 10 фоизини олади.
Умуман, 2026 йилги кредит сиёсати манзилли ривожланиш механизми, кредитни бандлик, даромад ва маҳаллий ўсишга айлантириш сифатида расмийлаштирилмоқда.
Тизим бошқарувида институционал ўзгаришлар
Маҳаллани ривожлантириш билан боғлиқ барча бошқарув бўғинлари фаолияти самарадорлигини ошириш учун қатор институционал ўзгаришлар кўзда тутилган.
Энди маҳаллалардаги ишлар маъмурий воситачилик хусусиятига эга бўлмайди ва аниқ лойиҳалар атрофида тузилади. Ушбу моделда ҳоким ёрдамчиси лойиҳа қарорларини амалга ошириш учун масъул бўлган ҳудудий ривожланиш менежери вазифасини бажаради. Лойиҳаларни бошқариш яхлитлигини таъминлаш учун кўп босқичли мувофиқлаштириш жорий этилмоқда. Ҳоким ёрдамчилари ташаббусларига вилоят банкирлари бириктирилган, вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари тезкор ҳамроҳлик қилади, “Ислоҳотлар штаби” эса идоралараро қарорларни талаб қиладиган масалаларни ўз назоратига олади.
Февраль ойидан ҳоким ёрдамчиларини лойиҳавий бошқарув бўйича ўқитиш тизими ишга туширилади ва бу иш “оғир” маҳаллалардан бошланади. 1 мартгача ҳар бир туманда лойиҳалар портфели шакллантирилади ва амалга оширилади.
Лойиҳавий ёндашувга энг ёрқин мисоллардан бири — Қува туманидаги “Қақир” МФЙ. Ҳоким ёрдамчиси ташаббуси билан тадбиркор ва нидерландиялик мутахассис иштирокида 8 гектар майдонда тўлиқ циклли атиргул етиштириш маркази ташкил этилмоқда. Лойиҳа экспортга мўлжалланган атиргулларни етиштиришдан тортиб, маҳсулотни сақлаш, қадоқлаш ва етказиб беришга тайёрлашгача бўлган барча ишлаб чиқариш жараёнини қамраб олади.
Марказ яқин кунларда ишга туширилиши режалаштирилган. Биринчи босқичдаёқ лойиҳа 60 та доимий ва 400 та мавсумий иш ўрнини таъминлайди. 200 та хонадон билан ҳамкорлик орқали қарийб 700 киши иқтисодий фаолиятга жалб қилинади, оилаларнинг даромади йилига ўртача 150-200 миллион сўмга ошади. Экспорт салоҳияти йилига 2 миллион долларга, туман бюджетига қўшимча фойда 3 миллиард сўмга баҳоланмоқда.
Бундан ташқари, марказ негизида ўқув майдони шакллантирилмоқда, бу ерда ҳар йили минг киши замонавий гулчилик технологиялари бўйича ўқитилади.
Лойиҳа бир вақтнинг ўзида бандлик, даромадни ошириш, экспорт ва кадрлар тайёрлаш билан боғлиқ вазифаларни ҳал қилади. Айнан шу ташаббуслар маҳаллаларга ижтимоий қўллаб-қувватлашдан барқарор иқтисодий ривожланишга ўтиш имконини беради. Натижада “Қақир” МФЙ 2026 йилдаёқ камбағаллик ва ишсизликдан холи ҳудудга айланиши кутилмоқда.
Иш ўринлари яратиш, даромадни ошириш ва камбағалликни қисқартириш бўйича энг яхши кўрсаткичларни намойиш этган юзта “оғир” маҳалланинг ҳар бири қўшимча 1 миллиард сўмдан молиялаштирилади. Ушбу маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчилари Хитой, Туркия, Жанубий Корея ва Малайзияда малака ошириши мумкин бўлади. Шу боис, маҳаллалар бош режаларини ишлаб чиқиш бўйича ишлар кучайтирилмоқда. Бунинг учун халқаро экспертлар жалб қилиниб, маҳаллий олий таълим муассасаларининг салоҳиятидан фойдаланилмоқда. Архитектура йўналишида битирувчи курс талабалари “оғир” маҳаллаларни ривожлантиришда иштирок этиши мумкин бўлади, энг яхши лойиҳалар давлат грантлари билан рағбатлантирилади.
“Маҳалла еттилиги” модели янгиланмоқда. Илгари Тошкентда қўлланилган амалиёт барча туман ва шаҳарларда татбиқ этилмоқда. Ҳоким ёрдамчиси, аёллар фаоли ва ёшлар етакчисини тайинлаш ва лавозимидан озод қилиш туман ҳокими томонидан маҳалла раисининг тавсиясига биноан амалга оширилади. Ҳокимлар зиммасига бевосита маҳаллаларда мунтазам равишда сайёр қабуллар ўтказиш, муаммоларни жойида ҳал қилиш мажбурияти юклатилади.
Умуман, институционал ўзгаришлар универсал ёндашувдан дифференциациялашган ҳудудий сиёсатга ўтишни қайд этади. “Оғир” тоифадаги туман ва маҳаллаларда 61 мингта оилани камбағалликдан чиқариш ҳамда камбағаллик ва ишсизлик даражасини икки баравар камайтириш вазифаси белгиланган. Янги Ўзбекистон қиёфасидаги туман ва маҳаллаларни ишсизлик ва камбағалликдан холи ҳудудларга айлантириш, 96 мингта оилани камбағалликдан чиқариш мақсад қилинган.
Ресурсларни қайта тақсимлаш иқтисодиёт таркиби билан асосланган, хусусан, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг 62 фоизи ва хизматлар соҳасининг 57 фоизи тадбиркорлик салоҳияти юқори 50 та туман ва шаҳарда жойлашган. Уларнинг бюджет даромади ўсиши давлат саъй-ҳаракатларини муаммоли ҳудудларга қаратиш имкониятини яратади.
Буни тушумлар динамикасида ҳам кўриш мумкин: уч йил олдин ушбу 50 та ҳудудда маҳаллий бюджетнинг қўшимча даромади 875 миллиард сўмни ташкил этган бўлса, жорий йилда у 8,5 баравар кўпайиб, 7 триллион 400 миллиард сўмга ошиши кутилмоқда. Натижада камбағаллик ва ишсизлик даражаси юқори “оғир” туман ва маҳаллаларга кўпроқ эътибор қаратиш мумкин бўлади. Шу билан бирга, иқтисодий жиҳатдан кучли туман ва шаҳарлар ҳокимларидан ички ўсиш манбалари ҳисобига ўз салоҳиятидан юқори даражада фойдаланиш талаб қилинади.
Янги моделнинг афзалликлари
Янги манзилли ёндашувга ўтиш шароитида “оғир” ҳудудлар ва лойиҳавий бошқарув устуворлик касб этганда, “маҳалла еттилиги”нинг роли объектив равишда кучайиб, у жойларда қарор қабул қилиш, қайта алоқа ва лойиҳаларга ҳамроҳлик қилиш марказига айланиб бормоқда.
Эътибор “оғир” маҳаллалар ва эҳтиёжманд оилаларга қаратилганда, қарорлар муайян ҳудуддаги бандлик, даромад, қарз юки ва инфратузилмавий чекловларга оид текширилган маълумотларга таяниши ўта муҳим. Шу нуқтаи назардан, “маҳалла еттилиги” фаолияти амалиёти уй хўжаликларига яқинлик каби муҳим тизимли таъсирни кўрсатади ва маҳаллий воқеликни билиш манзиллилик аниқлигини оширади.
Шу тариқа маҳалла ва ҳоким ёрдамчилари институти энди фақат ижтимоий восита бўлмай, иқтисодий сиёсат элементига айланмоқда. Лойиҳавий ёндашув, шахсий масъулият ва тизимли мониторинг жорий этилганда янги модель камбағалликка қарши курашни барқарор ҳудудий ривожланиш механизмига айлантириш имкониятига эга бўлади.
Хулоса
Ўзбекистоннинг ҳудудий ижтимоий сиёсати ресурсларни анъанавий қайта тақсимлаш доирасидан чиқиб, бошқариладиган ривожланиш моделига ўтмоқда. Янги модель учта ўзаро боғлиқ йўналишга таянади.
Биринчиси, инфратузилма ресурсларини “оғир” туман ва маҳаллаларда жамлаш, узоқ муддатли маҳаллий активларни шакллантириш, уй хўжаликлари харажатларини камайтириш ва энергетика барқарорлигини ошириш.
Иккинчиси, молиявий рағбатлар, кредит олиш имкониятлари ва қўшилган қиймат занжирлари бўйлаб ечимлар билан таъминланган ҳудудларнинг ихтисослашувини чуқурлаштириш ва қиёсий устунликлар ҳисобига бандликни кенгайтириш.
Учинчиси, бошқарувнинг институционал қайта тузилиши, бунда лойиҳавий ёндашув ва босқичлараро мувофиқлаштириш ресурслар, масъулият ва ўлчанадиган натижаларни боғлайди.
Ҳозирги босқич ривожи шундан иборатки, манзиллилик “оғир” ҳудудларга йўналтирилган технологияга айланмоқда. Камбағалликдан чиқиш уй хўжалигининг индивидуал траекторияси сифатида тушунилади, унда маҳаллий шароит, кўникмалар ва инфратузилма ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлади. “Маҳалла еттилиги” ҳамда ҳоким ёрдамчилари институти боғловчи бўғин сифатида мувофиқлаштириш ва қайта алоқани таъминлайди.
Хуршид АСАДОВ,
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар
маркази директори ўринбосари