Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Қонун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонлари ва қарорлари, Ҳукумат қарорлари, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 2030 йилгача Барқарор ривожланиш мақсадлари, 2030 йилгача мўлжалланган “Ёшлар стратегияси”, Ёшлар манфаатлари бўйича бутунжаҳон ҳаракатлар дастури, Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида 2023 йил 11 апрел куни “Ёшлар сиёсати соҳасидаги ишлар натижадорлигини ошириш ҳамда улар билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари” юзасидан ўтказилган видеоселектор, 2025 йил 30 июн куни иқтидорли ёшлар вакиллари билан йиғилишида белгиланган вазифалар бажарилиши нуқтаи назаридан ушбу масалани тадқиқ қилиш долзарб ҳисобланади. Бугунги кунда ёшлар билан боғлиқ долзарб масалаларни ҳал этиш бўйича олиб борилаётган кенг кўламли ишлар билан бир қаторда, соҳада ечимини кутаётган муаммоли масалалар ҳам сақланиб қолаётганлигини кўрсатмоқда.
Замонавий жамиятнинг асосий муаммоларидан бири – ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликнинг ортиб бориши, ижтимоий хавф гуруҳига кирувчи ёшлар сонининг кўпайиши ва уларнинг ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоясининг сустлигидир. Бу ҳолат, бир томондан, ёшларнинг ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини билмаслиги, бошқа томондан эса, давлат ва нодавлат институтларининг уларни қўллаб-қувватлаш механизмларининг етарли даражада шаклланмаганлиги билан боғлиқдир. Айниқса, ижтимоий заиф қатламга мансуб, жиноят содир этган ёки жиноят содир этиш хавфи юқори бўлган, оилавий шароити оғир, ҳуқуқий билимга эга бўлмаган ёшлар билан ишлашда янги, тизимли ёндашув зарурати тобора долзарб бўлиб бормоқда.
Олиб борилган илмий таҳлиллар ва амалий кузатувлар асосида аниқланишича, юридик клиникалар ижтимоий хавф гуруҳига кирувчи ёшлар билан ишлашда муҳим ижтимоий институт сифатида қаралмоқда. Улар нафақат бепул ҳуқуқий маслаҳатлар орқали ёрдам кўрсатади, балки ёшларда ҳуқуқий онг ва ижтимоий масъулият туйғусини шакллантиришда муҳим ўрин тутади. Ёшлар ўртасидаги ҳуқуқий саводсизлик, психологик ажралганлик ва жамиятга ишончсизлик юридик клиникалар орқали босқичма-босқич бартараф этилиши мумкинлиги кузатилди. Айниқса, клиникалар фаолияти давомида интерактив ёндашувлар- тренинглар, суҳбатлар, семинарлар орқали ёшларнинг ижтимоий-ҳуқуқий мослашув жараёни жадаллашмоқда. Эмпирик кузатувлар натижасида юридик клиникаларга мурожаат қилган ёшларда қуйидаги ижобий ўзгаришлар кузатилди:
Биринчидан; ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини англаш кўникмалари шаклланади;
Иккинчидан; муаммоларни қонуний йўл билан ҳал қилишга бўлган қизиқиш ошади;
Учинчидан; жиноят содир этиш хавфи юқори бўлган ёшлар аниқланади;
Бу ҳолат юридик клиникалар тармоғини янада кенгайтириш, уларнинг фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, ижтимоий хавф гуруҳига кирувчи ёшлар билан ишлаш бўйича махсус дастурлар ишлаб чиқиш зарурлигини кўрсатади. Айниқса, таълим муассасалари, маҳалла тизими, психологик хизматлар ва ҳуқуқий клиникалар ўртасида ҳамкорлик механизмларини кучайтириш муҳим аҳамият касб этади. Шу нуқтаи назардан қаралганда, юридик клиникалар ижтимоий хавф гуруҳига кирувчи ёшларни жамиятга реинтеграция қилишда кўп функцияли платформа бўлиб, уларга нафақат ҳуқуқий, балки маънавий ва психологик таянч вазифасини ҳам бажармоқда. Бу эса, уларнинг ижтимоий хавф гуруҳлардан чиқишга ва ижобий фуқаролик позициясини шакллантиришга хизмат қилади.
Натижалар
Олиб борилган илмий-амалий тадқиқотлар натижасида ижтимоий хавф гуруҳига кирувчи ёшлар билан ишлашда юридик клиникаларнинг ўрни ва самарадорлиги қуйидаги асосий жиҳатлар асосида аниқлаштирилди:
Айниқса олиб борилган таҳлил натижларига кўра, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ҳудудларида ижтимоий хавф гуруҳига кирувчи ўқувчи-ёшлар орасида ўтказилган социологик сўров натижалари асосида ёш тақсимоти, психологик ҳолат, оилавий муҳит ва қўллаб-қувватловчанлик даражалари таҳлил қилинган. Олинган маълумотлар асосида ижтимоий хавфни камайтириш, профилактик ва ҳуқуқий-маърифий ишларни кучайтириш учун юридик клиникаларни фаол йўлга қўйиш зарурати аниқланди. Ёшлар билан ишлашда уларнинг ижтимоий-психологик ҳолатини чуқур ўрганиш, муаммоларини эрта аниқлаш ва оғир ҳолатларга тушиб қолмаслиги учун ҳуқуқий ва психологик кўмак кўрсатиш долзарб вазифадир. Айни пайтда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида олиб борилган социологик сўровлар ушбу ҳудудларда 16–17 ёшли ўқувчи-ёшлар орасида қатор ижтимоий хавф омиллари мавжудлигини кўрсатмоқда.
Сўровнома шаклида олиб борилган тадқиқот Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги умумтаълим мактаблари ва коллеж ва университетларда таҳсил олаётган 94 нафар ёшлар орасида ўтказилди. Респондентлар 15 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар орасидан танлаб олинди. Сўров саволлари психологик ҳолат, оилавий муҳит, ижтимоий қўллаб-қувватловчанлик, стресс ва тажовузкорликка мойиллик каби индикаторларни ўз ичига олди. Ёшлар орасида ижтимоий хавф омиллари қуйидагича аниқланган, 29% респондент ўзига зарар етказиш ҳақида ўйлаганини билдирган, 14% респондент стрессни енгиш учун зарарли моддаларни истеъмол қилганини тан олган, 33% респондентда тажовузкорлик ҳолатлари мавжуд, 38% респондент ўзини одамлар орасида ёлғиз ҳис қилганини билдирган.
Шунингдек, 44 нафар респондент психологик ёрдамга эҳтиёж сезганини билдирган. Бу эса юридик клиникалар орқали нафақат ҳуқуқий, балки психологик хизматларни ҳам йўлга қўйиш зарурлигини кўрсатади. Тадқиқот натижалари Тошкент шаҳри ва вилоятидаги ўқувчи-ёшлар орасида психологик зўриқиш, стресс, ижтимоий изоляция, ёлғизлик, тажовуз ва ўз-ўзига зарар етказиш ҳолатларининг мавжудлигини кўрсатмоқда. Айнан 16–17 ёшдаги ўқувчилар ижтимоий хавф гуруҳининг асосий қатлами ҳисобланади. Бу ёшдаги ёшлар билан ҳуқуқий-маърифий, психологик ва ижтимоий-профилактик ишларни тизимли равишда олиб бориш талаб этилади. Юридик клиникалар бу борада марказий восита бўла олади. Клиникаларда мутахассис юристлар, психологлар, ижтимоий ишчилар ҳамкорлигида индивидуал ва гуруҳ бўлиб иш олиб борилиши зарур. Айниқса, мактаблар ва коллежларда юридик клиникалар филиали ташкил этилиши, мобил гуруҳлар тузиш орқали ўқувчи-ёшларга жойида ёрдам кўрсатиш самарали бўлади.
Биринчидан, юридик клиникалар ёшлар билан ишлашда ҳуқуқий ёрдам кўрсатишнинг самарали модели эканлиги тасдиқланди. Ушбу клиникалар орқали ҳуқуқий билимга эга бўлмаган, ҳуқуқий муаммолар билан дуч келаётган ёшлар бепул маслаҳатлар, ҳуқуқий ҳужжатларни расмийлаштиришда кўмак ҳамда ҳуқуқий маданиятни оширишга қаратилган тренинг ва машғулотларга жалб этилмоқда. Бу эса ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлиги ва ижтимоий фаоллиги ошмоқда.
Иккинчидан, ижтимоий хавф гуруҳига кирувчи ёшларнинг асосий муаммолари аниқлаб олинди. Улар орасида ҳуқуқий онгнинг сустлиги, жамиятдан ажралганлик, психологик босим, ижтимоий ҳаётга мослаша олмаслик ва қонуний воситалар орқали ўз манфаатларини ҳимоя қилиш кўникмасининг йўқлиги алоҳида ўрин эгаллайди. Бу омиллар ёшларни жиноятга мойиллик, ижтимоий пассивлик ва ҳуқуқий заифликка олиб келмоқда.
Учинчидан, юридик клиникаларга мурожаат қилган ёшлар орасида ижобий ўзгаришлар кузатилди. Таҳлиллар шуни кўрсатдики, юридик ёрдам олган ёшлар ўз ҳуқуқларини англай бошлаган, ҳуқуқий воситалардан фойдаланишга қизиқиш билдирган ва жамиятга нисбатан ишончи ортган. Бу ҳолат ҳуқуқий клиникаларнинг ёшлар учун нафақат маслаҳат, балки психологик таянч манбаи бўлаётганини кўрсатади.
Тўртинчидан, юридик клиникаларнинг ҳуқуқий таълим ва фуқаролик онгини шакллантиришдаги ўрни аниқланди. Бундай клиникалар ёшларни нафақат ўз муаммоларини ҳал қилишга, балки ижтимоий-ҳуқуқий тарбияда фаол иштирок этишга ундайди. Шу орқали ёшлар жамиятга мослашади, ўзини ижтимоий фойдали шахс сифатида ҳис этади.
Бешинчидан, клиникалар фаолиятида мавжуд муаммолар ҳам аниқланиб, уларни бартараф этиш зарурлиги асослаб берилди. Жумладан, айрим клиникаларда молиялаштириш манбаларининг чекланганлиги, малакали мутахассислар — айниқса, психолог ва юристлар етишмаслиги, фаолиятнинг асосан йирик шаҳарларда тўпланганлиги ва тармоқнинг ҳудудий номутаносиблиги аниқланган. Бу ҳолатлар юридик клиникалар тармоғини кенгайтириш ва такомиллаштириш эҳтиёжини кўрсатади.
Олтинчидан, халқаро тажриба таҳлили юридик клиникаларнинг ижтимоий хавф гуруҳига кирувчи ёшлар билан ишлашдаги илғор механизмларини аниқлашга хизмат қилди. Айниқса, “Community-Based Legal Clinics” модели, ҳуқуқий маслаҳат билан биргаликда психологик ва ижтимоий хизматларни интеграциялаш тажрибалари Ўзбекистон шароитида ҳам қўллашга арзигулик ёндашув экани исботланди.
Еттинчидан, тадқиқот натижалари асосида ҳуқуқий клиникалар фаолиятини такомиллаштириш бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқилди. Жумладан, клиникаларнинг давлат дастурлари асосида қўллаб-қувватланиши, мактаб ва коллежлар билан интеграциялашган ҳолда фаолият юритиши, ҳудудий тармоқларини кенгайтириш ва волонтёрлик асосида ёш юридик кадрлар захирасини яратиш каби чора-тадбирлар белгиланди.
Умуман олганда, юридик клиникалар ижтимоий хавф гуруҳига кирувчи ёшлар билан ишлашда ҳуқуқий ва ижтимоий адолатни таъминловчи муҳим механизм сифатида қаралиши лозим. Уларнинг фаолиятини тизимли ривожлантириш орқали жамиятда қонунийлик, ҳуқуқий маданият ва фуқаролик фаоллигини кучайтириш имконияти юзага чиқади
Юридик клиникалар ижтимоий хавф гуруҳига кирувчи ёшларни қўллаб-қувватлашда самарали восита сифатида қаралиши лозим. Уларнинг фаолиятини ривожлантириш орқали жамиятда ҳуқуқий маданият ва фуқаролик фаоллигини ошириш имкониятлари пайдо бўлади.
Жуманиёзова Дилфуза,
Тошкент давлат юридик университети доценти